Мақолалар

Замонавий хаворижлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил аламин. Вассалату вассаламу ала расулиҳи муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаин. Амма баъду.

Йигирма биринчи аср кишилари ҳар томонлама мураккаб даврда яшамоқдалар. Глобаллашув асрида дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси бир хил нарсани ҳис қилиб, энг замонавий технологик ютуқлардан бирдек манфаатланиб, содир бўлаётган офатлардан ҳам бирдек зарар кўрмоқдалар. Жумладан, экстремизм балосининг ҳозирги кунда бутун дунёга бирдек хавф солиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, дин ниқобидаги экстремистик ҳаракатлар тарихда ўтган хаворижларнинг фаолиятини айнан такрорлаётгандек.

Маълумки, “хаворижлар” Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган экстремистик руҳдаги оқимлардан саналади. Гарчи, уларнинг келиб чиқиши ҳазрати Али р.а.нинг халифалик даврларидаги воқеъалар билан боғлиқ бўлсада, аслида уларнинг пайдо бўлиши ҳақида Расулуллоҳ с.а.в. аввалдан огоҳлантириб кетганлар. Ўз ўрнида Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу ҳақда огоҳлантиришларига ҳам сабаб бор эди. Абу Саъид Ал-Худрий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в. Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган вақларида Бану Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб, Эй, Расулуллоҳ! Адолат қилинг! – деди. Расулуллоҳ с.а.в.: Агар мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! - дедилар. Шунда, Умар р.а.: Рухсат беринг, мен уни ўлдирай, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: Йўқ, бунинг биродарлари одамлар ихтилоф қилган вақтда хуруж қиладилар. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқадилар. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир киши бўлади, унинг қўли аёл кишининг кўкрагидек дўппайган бўлади, дедилар. Абу Саъид айтадилар: бу гапларни Расулуллоҳ с.а.в.дан Ҳунайн кунида ўз қулоғим билан эшитганман, Али р.а. уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман.

Демак, хаворижлар наздида хеч кимнинг ҳурмати ва хеч нарсанинг қадри, муқаддас деган тушунчалар йўқ. Ҳатто пайғамбардек зотга ҳам бетга чопарлик қилган кимсадан яна қандай мурувват кутиш мумкин.

Имом Ан-Насаий ўзларининг “Ас-сунанул кубро” асарида “Али р.а.нинг хусусиятлари” бўлимида қуйидаги ривоятни келтирадилар: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. айтадилар: Хаворижлардан олти минг киши Ҳарурийядаги бир ерга тўпландилар. Шунда мен Али р.а.га: Эй, мўминларнинг амири! Пешин намозини бир оз салқин тушгунча кечиктириб туринг, эҳтимол мен ана у қавмнинг олдига бориб улар билан гаплашиб кўрарман?! – дедим. Али р.а.: Сиздан хавотирдаман, дедилар. Мен: Хавотир олманг, дедим-да, кийиниб, улар томонга кетдим. Улар тўпланиб ўтирган жойга кирганимда, улар: Хуш келдинг эй, Ибн Аббос, нима сабабдан келдинг? - дейишди. Мен: сизларнинг олдингизга Пайғамбар а.с.нинг саҳобалари бўлмиш Муҳожир ва Ансорлар ҳузуридан, пайғамбарнинг амакиваччаси ҳамда куёвининг ҳузуридан, ҳақларида Қуръони карим нозил бўлган ва унинг таъвилини сизлардан кўра яхшироқ биладиганлар ҳузуридан келдим. Сизларнинг орангизда эса ундай зотлардан бирорта ҳам киши йўқ. Ҳузурингизга уларнинг айтаётган гапларини сизларга етказиш ва сизларнинг гапингизни уларга етказиш учун келдим, дедим. Шунда улардан бир қанча нафари мен томонга ўтди. Мен: қани Расулуллоҳ с.а.в.нинг саҳобалари, биринчилардан бўлиб У зотга имон келтирган амакиваччаси ва куёвига қарши норозилик даъволарингизни айтинг, дедим. Улар: учта нарсада даъвомиз бор, дейишди. Айтинг, дедим. Улар: биринчиси, у Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло: “Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас”, деган (Анъом сураси, 57-оят), дейишди. Мен: бу биттаси, дедим. Улар: иккинчиси, у жанг қилди-ю аммо, ғанимларининг аёлларини чўриликка ҳам олмади, уларнинг мол-мулкини ўлжага ҳам олмади. Агар, улар кофир бўлганларида уларнинг аёллари ҳам, мол-мулклари ҳам бизларга ҳалол бўлган бўлар эди. Аксинча, агар улар мўмин бўлганларида уларнинг қонини тўкишимиз ҳаром эди, дейишди. Мен: бу иккинчиси, дедим. Улар: учинчиси шуки, у ўзини “мўминларнинг амири” деб номланишидан воз кечди. Агар, у мўминларнинг амири бўлмаса демак, кофирларнинг амири экан, дейишди. Мен уларга: бундан бошқа даъвоингиз йўқми? - дедим. Улар: шунинг ўзи кифоя қилади, дейишди. Мен уларга: агар мен сизларнинг ушбу даъволарингизга Аллоҳнинг китобидан ва пайғамбарининг суннатидан раддия келтирсам, қайтасизларми? – дедим. Аллоҳга қасамки, албатта қайтамиз, дейишди. Шунда мен уларга: Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди, деган даъволарингизга раддия сифатида шуни айтаманки, Аллоҳ таоло қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида ҳукм чиқаришни кишиларга топширган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур…”, деган (Моида сураси, 95-оят). Шунингдек, эр ва хотин ўртасида ҳам ҳакамлик қилишни кишиларга топширган. Бу ҳақда: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз...”, деган (Нисо сураси, 35-оят). Энди, Аллоҳ номи билан сўрайман, айтингларчи, кишилар мусулмонларнинг жони ва молини сақлаш, уларнинг орасини ислоҳ қилиш борасида ҳукм чиқармоққа ҳақлимилар ёки қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида-ми? – дедим. Улар: албатта, жонларини сақлаш ва ораларини ислоҳ қилиш ҳақида, дейишди. Бу даъволарингизга берган раддиям ўринлими? - дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди. Энди, иккинчи, яъни жанг қилди-ю аммо, аёлларни чўриликка ҳам олмади, мол-мулкни ўлжага ҳам олмади, деган даъволарингиз жавоб шуки, сизларнинг ўзингиз онангиз Оиша р.а.ни чўриликка олган бўлармидингиз. Мўминларнинг онаси бўлмиш бу зотдан ҳудди бошқа аёллардан ҳалол бўладиган нарсасини ўзингизга ҳалол қилиб олармидингиз. Агар шундай қилсангиз, демак кофир бўлибсиз. Борди-ю, у бизнинг онамиз эмас, десангиз у ҳолда ҳам кофир бўласиз. Чунки, Аллоҳ таоло: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир”, деган (Аҳзоб сураси, 6-оят). Шундай экан, сизлар икки томонлама залолатдасизлар, булардан чиқиш йўлини ахтаринглар. Иккинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими? – дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди. Учинчи, яъни у ўзини мўминларнинг амири деб номланишидан воз кечди, деган даъволарингизга жавоб шуки, Расулуллоҳ с.а.в. Ҳудайбия кунида Қурайш зодагонларини ўртада сулҳ битими тузишга чақирдилар. Шунда Пайғамбар а.с. Али р.а.га: ушбу битим Муҳаммад Расулуллоҳ томонидан тузилди, деб ёз, деганларида, Қурайшликлар: йўқ, агар биз сени русуллуллоҳ эканлигингга ишонганимизда сени Аллоҳнинг байтидан тўсмаган, сенга қарши уришмаган бўлардик. Шунинг учун Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: Аллоҳга қасамки, гарчи сизлар мени ёлғончи десангизда, мен Аллоҳнинг расулиман. Майли, эй Али, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёзавер, деганлар. Расулуллоҳ с.а.в. Али р.а.дан афзал бўлганлари ҳолида, ўзларини Аллоҳнинг расули деб ёздиришдан воз кечдилар, аммо бу дегани пайғамбарликдан воз кечдилар, дегани эмас эди. Учинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими? – дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди ва улардан икки минг киши ўз фикридан қайтди. Қолганлари эса, Алига қарши чиқишдан қайтмадилар. Шундан кейингина Муҳожир ва Ансорлар уларга қарши урушиб, барчаларини ўлдирдилар”.

Ушбу мунозарадан кўриниб турибдики, хаворижлар тоифаси гарчи саҳобалар даврида чиққан бўлсада, бирорта ҳам саҳобий улар тарфида бўлмаган, аксинча бу тоифа ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган илмсиз, жоҳил кимсалардан таркиб топган. Ҳозирги кундаги экстремистик тоифаларнинг бирортаси ҳам ислом оламида мўътабар ва машҳур уламолар томонидан эътироф этилмаган, аксинча барча аҳли илмнинг муттасил танқидига учраб келаётган кимсалардир.

Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъдан Абдуллоҳ ибн Умарнинг Хаворижлар ҳақида қандай фикрда бўлганлиги тўғрисида сўрашганида, у шундай деб жавоб берган эди: “Абдуллоҳ ибн Умар р.а.: Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга татбиқ этадилар, дер эдилар”. Ҳақиқатан, замонавий хаворижлар бўлмиш экстремистик тоифалар ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этиб, уларни кофирга чиқармоқдалар. Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган видео роликларнинг бирида, бир тўда экстремистик кайфиятдаги кимсалар жумладан, “Мумтаҳана” сурасининг 4-оятини мўминларга татбиқ қилаётгани намойиш этилган. Мазкур оятнинг мазмуни шундан иборатки, “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Қайсики, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди”, – дедилар...”. Маълумки, Иброҳим а.с. айни бутпарастликка муккасидан кетган қавмга пайғамбар бўлиб келган эдилар. Ҳатто у зотнинг оталари Озар бут ва санамлар ясовчи уста бўлгани тарих китобларида баён қилинган. Бутларга сиғинувчи қавмни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган Иброҳим а.с. ва у кишига имон келтирганлар ўз қавмларининг ҳидоятга келишидан умидлари узилгач, мазкур оятда баён қилинган сўзларни айтганлар. Буни қарангки, ушбу оятни минг йиллардан бери мўмин-мусулмон бўлиб яшаб келаётган ўзбек халқига қарши талқин қилиш нақадар кулгили. Бу эса, уларнинг илмсиз, ўта жоҳил кимсалар эканлигига далолат қилиб турибди.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча бидъатчи фирқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманларининг қўли борлигига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, чин мусулмон инсон экстремистик тоифаларнинг жозибадор сўзлари-ю, мафтункор даъволарига олданмаслиги лозим бўлади.

Фатво  бўлими мудири

 Ҳ. Ишматбеков.

  

Read 3594 times

Мақолалар

Top