Мақолалар

Ал-Ҳаким ат-Термизий

 

Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқалар асарларида, шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда, ўрта асрларга оид ёзма манбаларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Жумладан, таниқли олим Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф уз-зунун» номли машҳур асарининг бир неча ўринларида ал-Ҳаким ат-Термизий вафотини ҳижрий 255 (мелодий 869) йил деб кўрсатган. Шунингдек, алломанинг Термиз шаҳри яқинида жойлашган мақбараси устида ўрнатилган қабртошдаги битикларда ҳам унинг ҳаёти ҳақида баъзи маълумотлар келтирилиб, вафот этган санаси ҳижрий 255 (мелодий 869) деб ёзилган. Бошқа баъзи манбаларда ҳам унинг мазкур санада вафот этганлиги қайд этилади. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг узоқ — 116 ёинки 120 йил умр кўрганлигини эътиборга олсак, аллома саккизинчи асрнинг ўрталарида (тахминан 750—760 йиллар оралиғида) таваллуд топганлиги аён бўлади. Айни вақтда баъзи замонавий тадқиқотчилар унинг таваллуди ва вафоти ҳақида батамом бошқа саналарни кўрсатганлар. Жумладан, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб, ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Унинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг автобиографик рисоласи «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» ва «Ар-Радд аълол-муаттила» каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган. Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб, камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган.

Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган. Шундан сўнгра аллома Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: «Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса. Сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан?» — деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари ал-Ҳаким ат-Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Унинг икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушадилар. Сўнгра, ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, ал-Ҳаким ат-Термизий Бағдодга боролмаганлиги учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида йиғлаб хафа бўлиб турганида унинг ёнида юзидан нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. Ал-Ҳаким унга юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса, бу киши Хизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди. Айни шу воқеа бошқа манбаларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади...

Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Чунончи, ушбу ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. У ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган — оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан ўз волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олганлиги боис охир-оқибатда илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек, манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқасининг солиҳа, тақводор, покиза аёл эканлиги, оилада олтита фарзанди бўлганлиги ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.

 

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ УСТОЗЛАРИ

Айни вақтда ал-Ҳаким ат-Термизий сабоқ олган устозлари ҳақида манбаларда келтирилган маълумотлардан қуйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг биринчи устози, юқорида зикр этилганидек, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ат-Термизий эди.
  2. Қутайба ибн Саъийд ас-Сақафий ал-Балхий ҳақидаги маълумотлар ҳам ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод» номли асарида келтирилади.
  3. Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий. Унинг ҳақидаги мухтасар маълумотлар ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» ва Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Лисон ал-мейзон» каби асарларида келтирилган.
  4. Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий. Унинг исми шарифи ал-Хатиб ал-Бағдодийнинг «Тарихи Бағдод», Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Мейзон ал-эътидол» ва шунингдек «Лисон ал-мейзон» каби асарларида зикр қилинган.
  5. Суфён ибн Вакийъ. Таниқли тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий ўзининг «Мейзон ал-эътидол» номли асарида унинг исмини Суфён ибн Вакийъ Ибн ал-Жарроҳ Абу Муҳаммад ар-Равосий деб тўлиқ келтирган.
  6. Ал-Ҳасан ибн Умар ибн Шафиқ ал-Балхий.
  7. Аҳмад ибн Ҳизравайҳ.
  8. Абу Туроб ан-Нахшабий.

У кишининг бундан бошқа устозлари ҳам бўлган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг юқорида номлари зикр этилган устозларидан олган билими, ўз даврининг йирик алломаси даражасигача етишида салмоқли таъсир кўрсатган, албатта.

Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг узоқ умри давомида бир қанча босқични босиб ўтган. Бинобарин, ёзма манбаларга, биринчи навбатда унинг автобиографик тусдаги «Бадъ шаан Аби Абдуллоҳ» номли асарига таянган ҳолда муҳаддиснинг ҳаётини қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:

Биринчи босқич — ал-Ҳакимнинг саккиз ёшгача бўлган болалик даври. Афсуски, биз унинг мана шу даврдаги ҳаёти ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлмасакда, лекин тахмин қилиш мумкинки, унинг болалик йиллари кўпчилик тенгқурлариники каби одатдагидай ҳар хил ўйинлару кўнгилочар машғулотларга тўлиқ бўлмаган. Чунончи, тасаввур қилиш мумкинки, агар шу алфозда бўлганда унинг яқин келажакда илму ирфон билан жиддий шуғулланиши учун (бу ўйинқароқликлар) имкон бермаган бўларди. У бир лаҳзада улардан воз кечиб ўз устозларининг жиддий сабоқларига маънавий тайёр бўлмаган бўларди. Шу боис комил ишонч билан айтиш мумкинки, у ўзини ёшликдан илму маърифатини чигал сўқмоқларни енгиб ўтадиган мураккаб имтиҳонларга маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳар томонлама тайёрлай бошлаган эди.

Иккинчи босқич – ал-Ҳаким ат-Термизийнинг саккиз ёшидан то йигирма етти ёшигача бўлган умрини қамраб олади. Бу даврда унинг бир устози бўлиб, у бор имконияти ва маҳоратини ал-Ҳакимни турли илмлардан чуқур билим олишига сарфлайди, шунга астойдил раҳномалик қилиб унга ўз иноятини кўрсатади. Гарчанд ушбу шайх (устоз) ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, у ўз шогирдини фақат илм йўлига, хусусан илм ал-асор (археология, қадимшунослик) ва илм ар-рай (диний масалаларда ўз фикрини билдириш) каби илмларни чуқур эгаллашига қаратади. Бу вазифа осон вазифалардан эмас эди.

Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётининг учинчи босқичи Қуръони каримни ёд олиш ва уни чуқур ўрганиш билан бевосита боғланган. У Оллоҳнинг каломини ёд олишга алоҳида иштиёқ билан киришади, кечани кундузга улаб уни ёд олади, бу машғулотдан унинг қалби ҳаловату алоҳида завқ-шавққа тўлади. У энди раббоний руҳдаги асарларга ғоятда берилиб, улардаги ибратли мавъизалар, охират ишларига доир маълумотлар, тариқатга бошловчи пири муршидларнинг ҳикоятларини алоҳида қизиқиш билан ўрганади. Мана шу фикр-мулоҳазаларни жамлаб, бу босқични ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётидаги бурилиш даври (фитрат ат-таҳаввул) деб атасак, айни ҳақиқат бўлар эди. Бинобарин, шу даврда у рўза тутиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби ибодатларга батамом берилиб кетади. Лекин шу билан бирга бу даврда у муайян бир усул, ёинки бирон-бир хос тариқатга эга эмасди. Унинг ўз таъбири билан айтганда, токи унинг қўлига ал-Антокийнинг китоби тушгунга қадар шу йўсунда ҳаёт кечирган, кейин эса ал-Антокийнинг фикрларидан таъсирланиб ўз нафсини риёзат (риёзат ан-нафс) чекишига йўл қўйган. Мана шу пайтдан эътиборан унинг ҳаётида узоқ ва машаққатли бошқа бир давр бошланадики, бунда у ўзини ҳеч бир аямасдан риёзат чекишга, хилма-хил имтиҳону синовларга мубтало қилади. У узлат ва хилватни, одамлардан ўзини четга олиб узоқ тутишни ихтиёр қилади.

Мана шу жараёнлар оқибатида у ўз тариқатини яратдики, натижада кечалари унинг атрофида кўплаб издошлари ва маслакдошлари тўпланишиб баҳсу мунозаралар уюштирадилар, дуо ва тазарруълар билан ўз шуурларини изҳор қиладилар. Афтидан, мана шу баҳсу мунозаралар пайтида ўзининг чуқур мазмунга эга бўлган сўфийлик тажрибалари ҳақидаги ошкора баёнотлари туфайли диний масалаларнинг баъзи жиҳатлари, хусусан, илм ар-раъй, ёинки илм ал-осор, ҳатто тасаввуф илмларига доир фикрлари билан ўз замонидаги қатор олимларнинг қаҳру-ғазабини қўзғаб, уларнинг шиддатли ҳужумларига дучор бўлади. Натижада ал-Ҳаким ат-Термизий устида гап сўзлар кўпайиб, уни ҳавойи гапларга берилишда ва бидъатда айблай бошлайдилар.

Лекин аҳвол шу тариқа давом этмади. Унга ноҳақ туҳматлар қилиб, азият етказганлар ўз муддаоларига ета олмадилар. Мана шу пайтдан эътиборан ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаётида янги бир босқич бошланади. Бунда у хилват ва узлатдан чиқиб, одамлар томон юзланади. Натижада унинг фазлу фазилати тўла намоён бўлиб, номи тилларда зикр қилина бошлайди. Атрофида тўпланадиганларнинг сони кундан-кунга ошиб боради. Ана шундан кейингина одамлар унинг ҳақида тарқатилган миш-мишлар, туҳматлар ноҳақ бўҳтонлардан бошқа нарса эмаслигини тушуниб етдилар ва унга нисбатан ўз ҳурмату эҳтиромларини намоён қилдилар. Мазкур босқичдаги фаолияти даврида эҳтимол, кейинчалик баъзи олимлар томонидан «ал-ҳакимиййа ват-термизиййа» деган ном билан аталган оқимга асос солинган бўлса керак. Эҳтимол шу боис ат-Термизийнинг ўзи ҳам бу давр ҳақида тўхталиб, унда шогирдлари ва издошлари пайдо бўлганлиги ҳақида таъкидлайди. Чунончи, ушбу даврда унинг шогирдларининг сони кўпайиб, мавъизаю маърузалари юксак камолотга етишди, обрў-эътибори ошиб, шону шуҳрати чор атрофга тарқалдики, ҳатто яқин ўтмишда унга қарши фитна уюштирган гуруҳлар ҳам унга ўз ҳурматини билдира бошладилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шогирдлари кўп бўлганлигига қарамай, тарих саҳифаларида улар исми-шарифларининг баъзилари сақланиб қолган, холос.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ ШОГИРДЛАРИ

У кишининг кўплаб шогирдлари бўлиб, шулардан машҳурлари қўйидагилар:

  1. Абу Муҳаммад Яҳя ибн Мансур ал-Қозий
  2. Абу Мансур Али ибн Абдуллоҳ ибн Холид аз-Зуҳлий ал-Ҳиравий
  3. Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ал-Журжоний
  4. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо
  5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ал-Ҳаким ал-Варроқ
  6. Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Муҳаммадибн ал-Ҳайсам ибн Умрон ибн Бурайда.

Шу ўринда доктор Усмон Яҳя тўғри таъкидлаганидек, аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг шогирдлари ва издошларидан атиги бир қисмининг исми-шарифлари келтирилган. Албатта, бу ҳол ал-Ҳаким ат-Термизий илм бобида эришган юксак мақомига, айниқса унинг тасаввуф оламидаги мислсиз обрў-эътиборига ҳам мутлақо мос эмас. Шу боисдан бўлса керак, XV асрда яшаб ўтган машҳур араб тарихчиси, юзлаб қимматли асарларнинг муаллифи Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам чуқур ўкинч билан «Бу аллома (ал-Ҳаким ат-Термизий)нинг тўлиқ таржимаи ҳолидан воқиф бўлиш менга насиб этмади-да, яна ҳам Оллоҳ ўзи мададкор» деб ёзган.

Бинобарин, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз ҳаёт йўллари ҳақида ёзиб қолдирган маълумотлари фавқулодда аҳамият касб этади. Ҳар ҳолда алломанинг асарларида унчалик мукаммал, тўлиқ бўлмаса-да, унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросининг тадрижий камолоти ҳақида етарли тасаввурга эга бўламиз. Ўзининг ҳаётий босқичлари ҳақида, масалан, саналари аниқ кўрсатилган ҳолда маълумот бермаган, илм йўлида хорижга қилган сафарлари, ўзи яратган асарлар, ўзи асос солган мазҳаб ёки мактаб ҳақида ҳам аниқ кўрсатилмаган. Лекин бошқа баъзи манбалардан унинг Нишопурга риҳлат қилганлиги ва унда ҳадисдан сабоқ берганлиги, Нишопур олимларидан Яҳя ибн Мансур ал-Қозий ундан ҳадислар ривоят қилганлиги, Термиздан чиқариб юборилганлиги ва Балхда бир неча йил яшаганлиги ҳақида ҳам хабарлар бор. Манбаларга таяниб яна айтиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий фаолиятининг кейинги икки босқичи илмий-ижодий нуқтаи назардан ғоятда самарали ва баракали бўлган. Чунончи, айнан шу даврда унинг фаолиятида кенг омма билан мулоқот, унинг атрофида кўп сонли шогирдлар ва издошларнинг тўпланиши ва энг муҳими узоқ йиллар давомида шаклланган қарашлари, фикр-мулоҳазалари ва ҳаётий тажрибалари асосида ўзининг ўлмас асарларини яратдики, бу асарлар буюк бир маънавий мерос сифатида ислом маданияти, айниқса тасаввуф илми тарақкиётида салмоқли ўрин эгаллади.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙНИНГ ЛАҚАБЛАРИ

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган асарлари, шунингдек, рисолалари номларида ҳам у турли лақаблар билан аталганини кўрамиз. Жумладан, уни аш-шайх, ал-олим, ал-аллома, муҳаддис, аз-зоҳид, ал-ҳофиз, айниқса аксар ҳолларда ал-имом лақаблари билан атаганлар. Бундан ташқари ал-Ҳаким ат-Термизий баъзи ҳолларда «ал-муаззин» деган лақабга ҳам эга бўлган. Бу лақабни муаллифнинг «Таҳсийл назоир ул-Қуръон», «Ал-Масоил ал-макнуна», «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-Расул» каби асарларида, шунингдек, тарихчилар Шамсуддин аз-Заҳабийнинг «Тазкират ул-ҳуффоз», Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг «Лисон ал-мейзон» асарларидаги ал-Ҳаким ат-Термизийнинг таржимаи ҳоли келтирилган қисмларида ҳам кўришимиз мумкин. Албатта, ушбу лақаблар унинг илмий салоҳияти ғоятда юксак бўлганлиги ва бу ҳол илму-ирфон намояндалари томонидан юксак эътироф этилганидан далолат беради. Айни вақтда ат-Термизий асосан ал-Ҳаким лақаби билан аталиб, ал-Ҳаким ат-Термизий (баъзан ат-Термизий ал-Ҳаким) шаклида келтирилган. Бинобарин, ат-Термизийга берилган «ал-ҳаким» лақабининг маъносини талқин қилиб баъзилар унга «табиб» деб маъно берганлар ва шунга кўра ат-Термизийни буюк табиб деб ҳисоблаганлар. Бу ўринда шуни айтиш зарурки, «табиб» ва «ҳаким» сўзлари ўртасида муайян даражада умумийлик мавжуд. Айнан шу мавзуга, яъни табиблар, ҳакимлар ҳақидаги муҳим қомусий китоблардан бири Ибн Жалжалнинг «Табақот ул-атиббо вал-ҳукамо»га мурожаат қилсак, унда «Буқрот» бобида шундай деб ёзади: табиб бўлган киши руҳонияти тоза фазилатли, ўз биродарларига шафқатли, шакли чиройли, кийиниши озода, ўз касбини яхши эгаллаган, Ҳаким (яъни ақли фаросати комил), ҳамма нарсани ҳисобга олувчи ва идрок этадиган бўлиши шарт деган.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий-ижодий фаолияти хорижий юртларга қилган сафарлари билан бевосита боғлиқдир. Дастлабки сафари давомида у Хуросоннинг қатор шаҳарларида бўлиб, кўп олимлар билан илмий-ижодий мулоқотда бўлган. Айни вақтда айтиш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг мутасаввуфлар билан муносабатлари муҳаддисларга қараганда анча самарали ва чуқурроқ эди. Шу билан бир қаторда ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илм талабидаги риҳлатлари фақат Хуросоннинг барча шаҳарларига бўлиб қолмай, балки Ироқнинг ҳам деярли ҳамма томонларини қамраган эди. Мана шу сафарлари чоғида ал-Ҳаким ат-Термизий илмий тафаккурининг шаклланишида айниқса йирик шаҳарлар Балх, Нишопур ва Бағдодда бўлганлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Мана шу шаҳарлар билан бир қаторда ат-Термизийнинг илмий ижодий фаолиятида у туғилиб ўсган она шаҳри Термизнинг ҳам ҳиссаси бениҳоя катта бўлган. Айнан шу шаҳарда ал-Ҳаким ат-Термизий илм толибларига дарс берган, ўзининг ўлмас асарларини яратган. Жумладан, Термизда яратган асарларидан «Ҳотам ал-анбиё», «Илал аш-шарийъат» номли асарларини кўрсатиш мумкин. Тарихчилар Тожуддин ас-Субкий, ас-Сулламийларнинг ёзишича[13], мана шу асарларни яратгандан кейин бир тоифа кишилар ал-Ҳаким ат-Термизийга қарши мухолифат билдириб чиқишган. Охир-оқибатда у Термиздан бадарға қилиниб, бир неча йиллар Балхда яшаган. Эҳтимол, ат-Термизийнинг Балхда яшаган йиллари унинг ҳаётининг охирги йилларига тўғри келар, чунончи, зикр этилган икки асарини аллома умрининг сўнгги йилларида яратган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий муборак ҳаж ибодатини адо этиш учун Маккаи мукаррама томон равона бўлади. Йўлда у Ироқда тўхтаб ўтади. Ироқнинг қатор шаҳарларида, жумладан, Куфа ва Басра каби йирик шаҳарларида бир неча кун тўхтаб ўтади. Бу шаҳарлардаги муҳаддислар билан мулоқотда бўлиб, илмий-ижодий мунозараларда иштирок этади ва шаъбон ойида Маккага етиб келади. У тўрт ой, токи ҳаж мавсуми бошлангунга қадар, бу муқаддас шаҳарнинг файзу-барокотидан баҳраманд бўлади.

Ушбу сафари муборақдан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётида янги давр бошланади. У Аллоҳнинг сифатларини баён қиладиган китобларни ва тариқат йўлига бошлагувчи пири комилни излай бошлайди.

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ АСАРЛАРИ

Ал-Ҳаким ат-Термизий қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтирганлар. Баъзиларининг фикрига кўра унинг асарларининг сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар ал-Ҳаким ат-Термизий саксонта ёинки қирқта асар яратганлиги ҳақида ёзганлар. Жумладан, мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий тўрт юздан ортиқ асарлар яратган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Энг муҳими, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади. Мана шу асарлардан энг аввало пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига бағишланган «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар») номли асарини айтиш керак. Бу асар шунингдек «Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн» («Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони») номи билан ҳам аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Мазкур асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Яна бир қўлёзмаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади (№ 10842). Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки асарини кўрсатиш мумкин. Улардан бири «Китоб ҳақийқат ал-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва иккинчиси «Адаб ун-нафс» («Нафс одоби») номли асаридир. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Уларни бир қадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Стамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Париж Миллий кутубхонасида (араб бўлими, 5018 рақамида) ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қуйидаги ўн иккита асарининг қўлёзмалари сақланади:

1. «Китоб ус-салот ва мақосидуҳо» («Намоз ва унинг мақсадлари»).
2. «Китоб ул-ҳажж ва асрориҳи» («Ҳаж ва унинг сирлари»).
3. «Китоб ул-иҳтийотот» («Эҳтиёткорлик йўллари»).
4. «Китоб ул-жумал ал-лозим маърифатиҳо» («Билиш лозим бўлган жумлалар»).
5. «Китоб ул-фуруқ ва манъ ут-тародуф» («Фарқлар ва тародуф (кетма-кетлик)ни ман қилиш»).
6. «Китоб Ҳақийқат ул-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб»).
7. «Китоб Урс ул-муваҳаддийн» («Якка худога эътиқод қилганларнинг завқи»).
8. «Китоб ул-аъзо ван нафс ва йусаммо казолика ғавр ул-умур» («Аъзолар ва жон ёки ишларнинг моҳияти ҳақида китоб»).
9. «Китоб Манозил ал-ибод мин ал-ибодати» («Бандаларнинг бандачиликдаги манзиллари ёхуд Аллохга интилувчиларнинг манзиллари ҳақида китоб»).
10. «Китоб ул-ақл вал-ҳаво» («Ақл ва ҳавойилик ҳақида китоб»).
11. «Китоб ул-Амсол мин ал-Китоб вас суннат» («Қуръон ва суннатдаги масаллар китоби»).
12. «Китоб ал-маноҳий» («Раддиялар ҳақида китоб»).

Дамашқ (Аз-Зоҳирия кутубхонаси,  Тасаввуф  104 рақамида) мажмуаси икки китоб ва бешта рисоладан иборат. Улардан бири Китоб ар-Рийазат ёинки «Китоб Ҳақийқат ул-Одамиййа» («Рийазат ёки Инсоният ҳақиқати тўғрисидаги китоб»). Унинг қўлёзмаси, юқорида зикр қилганимиздек, Париж мажмуасида ҳам, шунингдек, Стамбул мажмуасида ҳам мавжуд. Аммо иккинчи қўлёзма «Китоб ул-Акйос вал-муғтарийн» («Зийраклар ва алданганлар ҳақида китоб») номли бўлиб ушбу асарнинг ягона қўлёзмаси ҳисобланади.

Миср Араб Республикасининг йирик шаҳарларидан бири Искандариййа (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) мажмуасида ал-Ҳаким ат-Термизийнинг учта рисоласи сақланади:

  1. Ал-Масоил ал-макнуна («Яширилган масалалар»).
  2. Таҳсийл назоир ал-Қуръон («Қуръон ибратларини ўрганиш»).
  3. Китоб Радд аълол-Муаттила («Ал-Муаттилийларга[16] раддия китоби»).

Ал-Искандариййа мажмуасида мавжуд ушбу рисолаларга яна алломанинг «Китоб ул-Фуруқ» («Фарқлар ҳақидаги китоби»)ни (Мактабат ал-Баладиййа, 3585 ж) ҳам қўшиш мумкин. Мазкур асарнинг бир нусхаси, аввалроқ зикр қилганимиздек, Париж мажмуаси таркибида сақланади.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг Лондон мажмуасига кирган асарлари қуйидагилардан иборат бўлиб, улар асосан аллома Шестарбити тасарруфидаги асарлардир:

  1. «Китоб ур-риёзати» («Риёзат ҳақидаги китоб»). Ушбу асарнинг бошқа нусхалари Париж, Дамашқ ва Стамбул мажмуаларида ҳам сақланади.
  2. «Мухтарот мин китоб ас-Сафо» («Китоб ус-Сафо асаридан танлаб олинган қисмлар»).
  3. Бир рисола (номи кўрсатилмаган).
  4. «Адаб ун-нафс» («Инсоннинг одоби»).
  5. «Масалат ул-иймон ва ислом вал иҳсон» («Иймон, ислом ва эҳсон масалалари»).

Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб ал-илмиййа»да сақланадиган қўлёзма ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Илал ал-Убудиййа» ёинки «Илал аш-шарийъа» («Шарийъат далиллари») номли асарининг нусхаси бўлиб, аслида бу рисола алломанинг «Китоб ус-Салот» («Намоз ҳақидаги китоб») асарининг қисқартирилган шаклидир.

Лейпциг мажмуасида сақланадиган атиги ягона китоб ал-Ҳаким ат-Термизийнинг «Ад-Дур ал-макнун» («Бекитилган марварид») асари бўлиб, у ҳаётда юз берган ва юз бериши эҳтимоли бўлган воқеаларга боғлиқ ҳадислар мажмуасидан иборат.

Стамбул шаҳридаги Аё-сўфиё кутубхонасида мавжуд қўлёзма нусха алломанинг «Китоб ал-Фуруқ» асарининг қўлёзмаси бўлиб, бу асарнинг бошқа нусхалари Париж ва ал-Искандариййа шаҳарларидаги мажмуаларда сақланиши ҳақида аввалроқ айтиб ўтилди.

Аллома ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарларидан бири «Хатм ул-авлиё» (бу асар баъзи манбаларда, хусусан, ал-Ҳужвурийнинг «Кашф ул-маҳжуб» номли асарида «Хатм ул-валоят» шаклида келтирилган) бўлиб, унда тасаввуф тарихида биринчи маротаба «валоят-валийлик» назариясига ва бунинг асосида «ал-ҳакимия» мактабига асос солинган. Ушбу асарда келтирилган фикр-мулоҳазалар Термиз аҳлининг баъзи кисмлари ўртасида кескин эътирозга ҳам сабаб бўлиб, натижада ал-Ҳаким ат-Термизий она шаҳри Термиздан бадарға қилиниб, бир қанча муддат Балхда ҳам яшаган. Узоқ йиллар давомида йўқолган китоблардан ҳисобланган «Хатм ул-авлиё» 1965 йили Ливаннинг пойтахти Байрутда Париж илмий тадқиқотлар маркази исломий маданият бўлимининг аъзоси Усмон Исмоил Яҳё томонидан нашр этилди. Валийликнинг ҳаққонийлиги, шунингдек, унинг нубувват ва рисолат билан боғлиқ бўлган жиҳатлари «Хатм ул-авлиё» китобининг бош мавзуси ҳисобланади. Муқаддима ва 29 фаслда мурид ва шайх ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб тарзида таълиф этилган.

Бу китоб валоят масаласини биринчи маротаба мукаммал бир назария ва ажойиб мақолалар туркуми шаклида тасаввуфга тақдим этиши билан алоҳида аҳамиятга молик. У, айтиш мумкинки, тасаввуф тарихида «ҳакимий»лар деб аталмиш бир гуруҳ машҳур сўфийлар, хусусан, Термиз ва Балх атрофида шаклланган тасаввуф аҳли учун маънавий васиятнома ёхуд таълим дастури сифатида хизмат қилган. Бу асарнинг овозаси ўша давр ислом оламига, Мисру Тунисдан, Эрону Мовароуннаҳргача, Ҳалабу Шомдан Кичик Осиёгача етган эди.

Ал-Ҳаким ат-Термизий таълимоти қуйидаги уч йўналишдан иборат:

  1. Ибодат ёки маросим (арабча ат-туқус) ёинки шарийъат йўналиши.
  2. Тасаввуф йўналиши.
  3. Эътиқод йўналиши.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ал-Ҳаким лақаби билан аталиши масаласи олиму-уламоларни азалдан қизиқтириб келган ва бу масалада турли фикрлар ҳам билдирилган. «Ҳаким» сўзининг тарихига назар солсак, бу ибора Қуръонда ҳам, Тавротда (Хохом шаклида) ҳам учрайди. Ҳакимнинг луғавий маъноси доно, донишманд, ақл-идрокли, файласуф, шунингдек, табиб, доктор тушунчаларини англатади. Шу сабабли баъзи олимлар уни ҳатто моҳир табиб деб ҳам атаганлар. Ат-Термизий яшаган давр истилоҳларига таяниб баён қилсак, ҳикмат (ҳакимдан олинган) ибораси ҳақиқатга етишиш (арабча исобат ал-ҳаққ)ни англатиб, бунга илм ва ақл билан эришиш мумкин деб изоҳланган. Ҳаким киши шундай шахски, у мукаммал ақл-идрок ва чуқур билим билан ҳар доим ҳақиқатга эришади. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг «Таҳсийл назоир ал-Қуръон» номли асарида: «Ҳаким илмнинг ички, ботиний маъноларини тушунувчи киши» деган фикрни ҳам келтирган. Қуръони каримга «Мафотиҳ ал-ғайб» номли ўн беш жилддан иборат улкан тафсир ёзган буюк ватандошимиз Фахриддин ар-Розий ҳикматдан мурод ёки илм, ёки савоб, яъни тўғри ишни қилишдир, деб талқин қилган. Тасаввуф аҳли ҳам «ҳаким» сўзини шу мазмунда таъвил қилиб «ҳикмат» — илм (билим)дан юқорироқ даражада туради, «ҳаким» деб ҳар қандай илмни чуқурроқ ўзлаштирган кишига айтилади, чунки бу шарафли даражага узоқ машаққат ва риёзат орқали эришилади деб таъкидлайдилар. Доктор Усмон Исмоил Яҳёнинг фикрича, ат-Термизий «ҳаким» лақабига тасаввуфда инсон табиатини яхши ва чуқур тушуниб етгани учун эришди, деб ҳисоблайди. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи эса ҳақиқатга етишишликда илм ва ақлдан бошқа яна бир учинчи, илоҳий бир нарса — валийлик ҳам бор деган фикрни илгари суради. Ҳаким, унинг эътиқодича, валийнинг бир хилидир (арабча ал-ҳаким ҳува навъ мин ал-валий). Валий киши ҳақиқатга фақат чуқур илм ва катта ақл-идрок билан эмас, балкии Оллоҳ таоло унга ато қилган бир илоҳий сир воситасида эришади, бинобарин, уни тугал ақл ва чуқур илм билан сийлаган ҳам Оллоҳнинг ўзидир. Гарчанд ал-Ҳаким ат-Термизийда «ҳаким» калимаси «валий» калимаси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ифода қилинса-да, «ҳаким» билан «валий» тушунчаси ўртасида муайян фарқ бор, албатта. Ал-Ҳаким ат-Термизий «ҳаким» мақомига эга шахснинг жамият ижтимоий ҳаётидаги ўрни ҳақида ёзиб, у миллатнинг диний соҳадаги файласуфи, муомалат масалаларидаги қозиси, намоз ва ибодатларида уларнинг имоми ҳамда уларни тинчлик, хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровон турмушга бошловчи валийси бўлишлигини таъкидлайди.

 

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси Қосимов Аббос

Read 14623 times
Tagged under

Мақолалар

Top