Мақолалар

Абул Муъин Ан-Насафий – буюк олим

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил аламин. Вассолату вассаламу ала росулиҳи муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаийн. Амма баъду.

Абул Муъин Ан-Насафийнинг тўлиқ исми – Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Ал-Фазл Ан-Насафий бўлиб, у зот Абу Мансур Ал-Мотуридийдан кейинги Мотуридий ақидавий мазҳаби уламоларининг энг машҳури, Мотуридийнинг фикрларини биринчи бўлиб ёқлаб чиққан уламолардан саналади. Ашъария ақидасида Боқиллоний, Ғаззолий ва Ар-Розий қандай ўрин тутсалар, Мотуридия ақидасида Абул Муъин Ан-Насафий шундай муҳим ўрин тутади. Шунингдек, Ашъария мазҳабида Аш-Шаҳристонийнинг китоблари қанчалик аҳамиятга эга бўлса, Ан-Насафийнинг китоблари Мотуридий мазҳабида шунчалик муҳим манба саналади.

Абул Муъин Ан-Насафий Мутуридий мазҳабини батафсил шарҳлаб унинг кенг ёйилишига катта хисса қўшиш билан бир вақтнинг ўзида, Мотуридия ақидасига қарши бўлган Мўътазила, Жаҳмийя, Карромийя, Ботинийя каби оқимларнинг фикрига қарши раддиялар берган олим ҳисобланади.

Абул Муъин Ан-Насафий бир қанча китоблар таълиф этган бўлиб, “Табсиратул адилла”, “Ат-Тамҳид фи илм ат-тавҳид” ва “Баҳрул калом” шулардан энг машҳурлари саналади. Абул Муъин Ан-Насафий ҳақида Абдул Қодир Ал-Қураший “Ал-Жавоҳир ул музийя фи табақотил ҳанафийя” асарида, Абдул Ҳай Ал-Лакнавий “Ал-Фавоидул баҳийя фи тарожуми ал-ҳанафийя” асарида, Ибн Қутлубғо “Тожу ат-тарожум” китобида, Ал-Кафавий “Катоибу аъломул ахйор мин фуқаҳои мазҳаби Ан-Нуъмон ал-мухтор” асарида, Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун ан асомий ал-кутуб вал фунун” асарида зикр қилиб ўтганлар.

Абул Муъин Ан-Насафийнинг биринчи устози отаси Муҳаммад ибн Муҳаммад бўлиб, у зот ҳам замонасининг етук уламоларидан саналган. Абул Муъин отасидан Абу Ҳанифанинг “Ал-олим вал мутааллим” китобини ривоят қилганлари манбаларда зикр этилган. Шунингдек, катта боболари Абул Маъолий Муътамад ибн Муҳаммад ҳам ўзининг отасидан ривоят қилгани ҳамда Абу Саҳл Ал-Исфаройинийдан илм олгани, ундан “Ахбору Макка” китобини ривоят қилгани манбаларда келган. Демак, Абул Муъин Ан-Насафийнинг илмий салоҳияти унинг ота боболаридан мерос бўлиб келган дейиш мумкин.

Абул Муъин Ан-Насафийнинг шогирдлари қаторида Абу Бакр Алоуддин Ас-Самарқандий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу ал-юср Ал-Паздавий, Абу Бакр Масъуд Ал-Кошоний, Нажмуддин Умар Ан-Насафий, Абул Ҳасан ал-Балхий, Маҳмуд ас-Соғарчи ва бошқаларни зикр қилиш мумкин.

Абул Муъин Ан-Насафий ҳижрий V-VI асрда, илм-фан ривож топган даврда яшаб, ижод этди. Ўша вақтда Аббосийлар давлати илмга кенг йўл очиб берганлиги сабабли ҳар соҳада забардас олимлар етишиб чиққан, айни пайтда турли оқимлар ва мафкуралар ҳам кўпайиб кетган давр эди. Айнан шу ҳолат Абул Муъиннинг фикри теранлашишига, натижада Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мухолиф бўлган фирқаларга раддия сифатида калом илмига оид бир қанча китоблар таълиф қилишига сабаб бўлди.

Абул Муъин Ан-Насафийнинг таваллуд топган саналари ҳақида икки хил маълумот мавжуд. Аз-Зириклий  “Ал-Аълом”да 418 ҳижрий сана деган, Умар Ризо Каҳола “Муъжам ал-муаллифин”да бунга қўшилган бўлса, Ибн Қутлубуғо 508 йилда Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчисида етмиш ёшида вафот этган, деган. Бундан 438 ҳижрий санада таваллуд топгани келиб чиқади. Иккала сананинг қайси бири ҳақиқат эканлиги борасида аниқ маълумот йўқ. Эҳтимол, араб тилида етмиш ва тўқсон сўзлари фақатгина нуқталарининг ўрни алмашишини эътиборга олмаганда бир хил ёзилиши олимнинг таваллуд санасидаги тафовутни келтириб чиқарган бўлса ажаб эмас.

Абул Муъин Ан-Насафий инсоният рисолатга (яъни, унга пайғамбар юборилишига) муҳтож эканлигини баён қилишга катта эътибор қаратганлар ва буни исботлашга ва инкор қилувчиларга раддия беришга эришганлар. Қуйида шу ҳақда қисқача зикр қилиб ўтамиз:

  • Ақли расо кишилар орасида жорий бўлган урфга кўра одамлар ўзаро бир-бирлари билан маслаҳатлашиб, гоҳида ҳамфикр, гоҳида ихтилоф қилиб турадилар. Натижада улар ўзаро фикр алмашиб маърифат ҳосил қиладилар, бирлари бошқаларини камолотига сабаб бўладилар. Мана шу ҳолат ақлнинг ваҳийга мувофиқ эканлигини англатади.
  • Феъл (иш ҳаракат) - вожиб бўлиши ҳам, ман қилинган бўлиши ҳам ёки шу иккисининг ўртасида бўлиши ҳам мумкин. Ақл айнан аввалги иккитасига тўхталади. Ўртадагиси устида тўхталмайди. Чунки унинг оқибати яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Ақл эса, оқибатнинг яхши ёки ёмон бўлишини олдиндан билишга қодир эмас, чунки у махфийдир.
  • Ақл ҳам махлуқ (яратилган) бир нарсадир. Бошқа махлуқотларга етгани каби унга ҳам гоҳида офат етиши бор. Шунинг учун ваҳийсиз фақат ақлнинг ўзига суяниш ва эътимод қилиш дуруст эмас.
  • Ваҳий ақлнинг кўмакчисидир. Зеро, у ақлга енгиллик беради, унинг оғирини енгиллаштиради. Бу эса, беҳикмат эмас.
  • Ваҳий Мунъим (неъмат берувчи зот)га шукр қилиш кайфиятини ўргатади. Чунки, бу нарсани ақлнинг ўзи билан билиш маҳол.
  • Пайғамбарларнинг юборилиши инсониятга Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳаматидир.

Маълумки, ақида масаласи энг ҳассос масала ҳисобланади. Шу боис, эътиқодга оид масалада баҳс юритишга фақат ақоид илмидан етарли даражада илмга эга бўлган кишигина ҳақли ҳисобланади. Зеро, илмсизлик билан эътиқодий масалаларда сўз сўзлашга журъат қилиш инсонни дунё-ю охиратини барбод бўлишига сабаб бўлади. Эътиқодий масалалар аввало, нақлий далиллар билан собит бўлади. Яъни, нимани қандай деб эътиқод қилиш тўғри ва лозим эканлигини Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари баён қилади, ақл эса, уни қандай баён қилинган бўлса, шундайлигича тасдиқламоғи лозим бўлади. Борди-ю ақл уни ўзича идрок этишга уринса, залолатга кетиши муқаррардир. Бу борада Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ушбу пурҳикмат сўзларини эслаш ўринлидир: “Дин нақл билан собит бўлади, ақл билан эмас. Агар ақл билан собит бўлганида таҳорат олиш вақтида масҳни маҳсининг устига эмас, балки остига тортиш дуруст бўлар эди”.

Тарихда ўтган ақидапараст оқимларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилинса, оқим асосчиларининг барчаси ҳам эътиқодий масалаларда асосан ақлни пешлаганликлари, нақлий далилларни тўғри англашга илмлари етарли бўлмаган ҳолда, уларнинг зоҳирий маънолари ва ақлий далиллар асосида ўз эътиқодларини шакллантирганлари маълум бўлади. Натижада, асли бир оқимдан тарқаган бошқа кўплаб оқимлар охир оқибат бир-бирларининг эътиқодларини инкор этганлар. Шу тариқа ўзларини Исломга нисбат берувчи бузуқ эътиқоддаги оқимларнинг сони ортиб борган.

Жаҳмия оқимининг асосчиси Жаҳм ибн Сафвон Аллоҳни идрок этиш борасида ақлга шу даражада эрк бердики, охир оқибат Аллоҳ таолони маъдум, яъни мавжуд эмас деган эътиқод унинг ақлини чулғаб олди ва қирқ кун давомида ушбу шубҳа остида намоз ўқишни ҳам тарк этди. Сўнгра Аллоҳни йўқ дейишга ботинолмай, унинг барча сифатларини инкор этган ҳолда “Аллоҳ мутлақ вужуддир” деган ақидани “кашф” этди. Марисия оқими асосчиси Бишр Марисий эса, сажда қилганида “субҳана раббиял аъло” (олий раббим покдир) дейиш ўрнига “субҳана раббиял асфал” (тубан раббим покдир) деган. Бундай эътиқод қилишига сабаб Пайғамбар с.а.в.нинг: “Банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган вақти саждадаги ҳолатидир” деган ҳадисларини зоҳиран талқин қилганидир. Шу тариқа барча ақидапараст оқимлар ҳам асосчиларининг айнан эътиқод борасида ақлга ҳаддан ташқари эрк беришлари натижасида вужудга келган.

Мустақилликнинг илк йилларида халқимиз диний таълимга чанқоқ бўлиб турган бир вақтда Ислом динига оид қандай адабиёт ёки таълим маскани ё бўлмаса ҳар қандай тарғибот ва ташвиқотни бирдек мақбул кўриб, уларнинг тўғри-нотўғлигининг фарқига бормасди. Орадан шунча вақт ўтиб, шу давр мобайнида дин ниқоби остида ҳаракат қилган ақидапараст оқимларнинг асл мақсадлари фош бўлди, кирдикорларидан халқимиз воқиф бўлди. Демоқчимизки, халқимиз дин омилидан ғаразли мақсадда фойдаланувчи кучлар ҳам бор эканлиги ҳақида умумий тасаввурга эга бўлди. Натижада, ақидапарст оқимлар, дин ниқоби остидаги экстремистик кучлар каби тушунчалар муқобилида соф ислом, маърифий ислом деган тушунчалар ҳам истеъмолимизга кириб келди. Мафкуравий курашлар авж олиб, экстремистик руҳдаги оқимлар ҳаракати янада кескинлашиб бораётган ҳозирги даврда халқимизни, хусусан ёшларимизни мавжуд ақидапараст оқимларнинг бузуқ эътиқодларидан огоҳ этиш, уларни бундай бидъатчи оқимлар ҳақида батафсил маълумотлар билан қуроллантириш, таъбир жоиз бўлса оқимларга қарши уларнинг иммунитетини ошириш зарурати юзага келди.

Бинобарин, бундан қарийб ўн аср муқаддам яшаган буюк ватандошимиз Абул Муъин ан-Насафий қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз замони учун, балки ҳозирги даврда ҳам амалий аҳамиятга эга бўлиб, ҳар томонлама чуқур ўрганишга лойиқ.

Абул Муъин ан-Насафий ҳазратларининг “Табсират ал-адилла” (Далиллар баёни) номли асарлари бугунги кунда ёт оқимларга қарши курашда ва уларнинг сохта даъволарига раддия беришда улкан аҳамият касб этишини инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан ушбу асар таржима қилиниб, нашр этилган.

Келажакда бу каби кўплаб янги манбалар уламоларимиз томонидан таржима ва нашр қилиниб халқимизга тақдим этилади деб, умид қилиб қоламиз. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 раисининг биринчи ўринбосари

Ҳ.Ишматбеков.

Read 2921 times

Мақолалар

Top