Мақолалар

МУАЛЛИМЛАР

 

Булар шундай зотларки, маърифат чашмаси, илму ирфон булоғи, ҳамма бирдек бой-у камбағаллар келиб шу чашмадан сув ичиб чанқоқларини қондирадилар ва қалб касалликларига шифо топадилар. Булар ҳикмат машъалаларидурларки, ҳамма йўлини йўқотганлар келиб уларни нурларидан йўл топадилар, ҳар бир инсон уларнинг зиёларидан фойдаланадилар. Улар пайғамбарларни меросхўрларидирлар. Авлодларни қўлларидан тутиб залолат сахросидан ҳидоят воҳалари томон, куфр зулматидан иймон нурлари томон етаклайдилар. Албатта улар ақл гавҳарлари устидаги тождирлар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин шариатни етказувчидирлар. Омонатларнинг энг яхшиси уларнинг қўллари билан топширилади. Хазиналарнинг энг қимматбаҳолари уларнинг тасарруфлари остида бўлади. Оталар ўз жигаргўшаларини уларга ишониб топширадилар. Болаларининг ақлларини уларга ишониб топширадилар. Улар омонатларни адо қилувчиларнинг энг шарафлиси, омонатга риоя қилувчиларнинг энг яхшисидирлар. Одамлар  тилло-кумушлар билан муомала қилган вақтларида, ўқитувчилар шарафли илм ва ўткир ақл ва ишончли фикр билан муомала қиладилар. Ҳар бир касб борки ўша касбларни одамлардан муайян табақалари ўрганадилар, илло илм олишга келсак бойларнинг катталаридан тортиб камбағалларнинг энг кичикларигача илм олишга мухтождирлар. Аллоҳ таоло бу касбни улуғлаб ўзини каломини шундай бошлайди:

ٱقۡرَأۡ بِٱسۡمِ رَبِّكَ ٱلَّذِي خَلَقَ١ خَلَقَ ٱلۡإِنسَٰنَ مِنۡ عَلَقٍ٢ ٱقۡرَأۡ وَرَبُّكَ ٱلۡأَكۡرَمُ٣ ٱلَّذِي عَلَّمَ بِٱلۡقَلَمِ٤ عَلَّمَ ٱلۡإِنسَٰنَ مَا لَمۡ يَعۡلَمۡ٥

“Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг карамлиларнинг карамлисидир. У, қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди”. (Алақ сураси, 1-5 оятлар)

Аллоҳ таоло инсонга билмаганини қалам билан ўргатди деб, каломида зикр қилди. Бу эса таълим касбини шарафли эканлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръонни ўргатди. Баён қилишни ўргатди ва одамга ҳамма нарсанинг исмларини ўргатди. Аллоҳ таоло муаллимнинг энг яхшисидир, аввалги авлодларга қалам билан ёзишни ўргатди.

 Бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шарафлаб: “Албатта мен сизларга муаллим қилиб юборилдим”, деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Мендан кейин сизларнинг энг сахийларингиз, ўзи илм ўрганиб илмини тарқатган кишидир. Қиёмат куни улар алоҳида уммат бўлиб тирилтирилади”.

Эй ўспиринлар жамоаси! Ўқитувчининг даражаси Аллоҳ таолодек зотнинг ҳузурида шундай улуғ экан, бизлар учун уларнинг ҳурматларини адо қилишлик қай даражада бўлиши керак?! Аввало биз уларнинг насиҳатларига қулоқ солишимиз ва берган илмларини ўзлаштириб унга амал қилишимиз керак бўлади. Кимки солиҳ устоз ва мураббийларнинг насиҳатларга қулоқ тутиб, ҳаётига татбиқ этса улуғлик сари юраётган йўлини ёритиб, манфаатларига кўп гувоҳ бўладилар.

 

Иззатуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ,

Тошкент Ислом институти мударриси.

Read 2631 times

Мақолалар

Top