Мақолалар

“ИШИД” ҳам маънавий, ҳам моддий таҳдиддир!

Муқаддас ва жонажон мамлакатимизда 25 йилдан бери ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг, мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Аммо, бугунги замонамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани, кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган, янги шаклдаги таҳдидларнинг кун сайин пайдо бўлаётгани ва бунинг натижасида бузғунчи ғояларнинг мафкура майдонини қуршаб олишга ҳаракат қилаётгани барчамиздан огоҳлик ва хушёрликни талаб этмоқда.

Яқин Шарқ давлатларида рўй берган ва ҳамон давом этаётган қонли тўқнашувлар, оммавий тартибсизликлар, хунрезликлар, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритаётганларнинг ҳам аксарияти динни ниқоб қилиб олган кучлар экани, улар экстремистик оқим ва террористик гуруҳлардан фойдаланаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда мазкур террористик ташкилот мингдан ортиқ шиа, христиан ва язидий эътиқодида бўлган кишиларни қатл қилди. Қўлга олинган шаҳарлардаги бир қанча аёллар ва болалар гаровда ушлаб келинмоқда. Минглаб оилалар тажовузкорлик оқибатида ўз уйларини ташлаб чиқиб кетмоқдалар.

Террорчилар ўзларининг сафларини кенгайтирш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйишган. Жумладан, кўп тилларда ҳижрат ва жиҳод каби экстремистик ғоялар билан йўғрилган материалларни тарқатганлар. Интернет тармоғида жангариларнинг сафини кенгайтиришга қаратилган ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Дунёдаги етакчи уламоларнинг “ИШИД”га раддиялари

Дунёдаги етакчи уламолар ИШИД аъзолари хунрезликларини ва “халифалик” эълон қилинишини қаттиқ қораламоқда. Жумладан, 2015 йилнинг 3 июлида дунё мусулмон уламолари кенгаши ташкилоти ИШИД эълон қилган “халифаликни” кескин қоралаб, уни шаръан ботил деб, фатво берилди. Фатвода ислом таълимотига кўра қандайдир алоҳида фирқа ва оқимлар ўзбошимчалик билан “халифалик”ни эълон қилиш ҳуқуқи берилмагани таъкидланган.

Таъкидлаш жоизки, Қуръони карим суралари ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадисларида мусулмонлар тинчлик ва бағрикенгликка чақирилган. Қуъони каримда “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”[1].

Яна ояи каримда шундай дейилади: “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яъни, унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга азобни тайёрлаб қўйган”[2].

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди.

Одам ўлдиришга қасд қилиш муқаддас ислом динимизда кечирилмас “гуноҳи азим” ҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобларига дучор бўлиши қайд этилади. Ҳадиси шарифда: “Қайси бир мусулмон киши иккинчи бир мусулмон биродарига тиғ кўтарса, то ўша тиғни қайтариб ўрнига қўймагунча Аллоҳнинг фаришталари унга лаънат айтиб турурлар”, – дейилган.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса, куфрдир” – деб марҳамат қилганлар. Мусулмон диёрларида яшаётган бошқа дин вакилларини ўлдириш катта гуноҳлиги ҳақида қуйидаги ҳадис келган, Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир зиммийни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик йўлдан келиб туради!” – деб, марҳамат қилганлар.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида” – деб, марҳамат қилинган. Абдуллоҳ бин Умар айтадилар: “Ноҳақ қон тўкиш сира қутулиб бўлмайдиган ҳалокатли ишлардандир”.

Шундай ноҳақликларни кўриб халқимизнинг тинчлигини, маънавиятини асраш учун, мухтарам Президентимиз Ислом Каримов 2014 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонидаги суҳбатда халқимизга ўзининг асрларга татигулик қуйидаги сўзларини айтиб ўтдилар “Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олийжаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак”.

Шундай экан, юрт тинчлиги, бирдамлиги ва соғлом муҳитни қарор топтириш учун, одамларда энг аввало, дахлдорлик, ён-атрофдаги нохушликларга бепарво бўлмаслик ҳиссини кучайтириш даркор.

 

2-давра 8-босқич тингловчиси

Шерматов Хусанбой

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Умар” жомеъ масжиди имом – хатиби 

 

[1] А. Мансурнинг Қуръони карим ва унинг таржималари тафсири. Бақара сураси 256

[2] А. Мансурнинг Қуръони карим ва унинг таржималари тафсири. Нисо сураси, 93

Read 4341 times

Мақолалар

Top