Мақолалар

Профессор Роберт Кензи таҳоратли мусулмонлардан нур таралишини аниқлади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Швециялик 63 ёшли профессор, олим Роберт Кензи термал камераси ёрдамида таҳоратли мусулмонлар вужудидан тарқалган иссиқлик ва нурларни суратга олиб, ушбу ҳолатни аниқлаш мақсадида тажриба ўтказади.

Тажрибада таҳоратли мусулмонларни ўраб турган нурли чизиқларни кўргандан сўнг, мусулмонлар ер юзида яшайдиган энг тоза ва озода инсонлар экани аниқланди.

Бу нурли чизиқлар 7 қаватдан ташкил топган бўлиб, шулардан биринчиси қизил нурли чизиқ эди. Қизил нурли чизиқ инсонни ўраб турса, у инсонда хавфсизлик хисси ва ҳузур билан таъминлар экан.

Дарҳақиқат, таҳорат Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. Таҳорат — поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар...»(Моида сураси, 6-оят)

Таҳоратнинг фарзлиги ушбу ояти каримадан олинган. Ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини ушбу оятдан олганлар. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Юзни ювмоқ.

2. Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювмоқ.

3. Бошга масҳ тортмоқ.

4. Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ.

Бизнинг тилимизда «Таҳорат» деб ўрганиб қолган маълум ва машҳур нарса арабчада «Вузуъ» дейилади.

«Вузуъ» сўзи луғатда гўзаллик ва ялтираш маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти ила баъзи аъзоларни ювишга вузуъ - таҳорат деб айтилади.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши қуйидагиларни айтганлар: «Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди. Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Профессор Роберт Кензи ўз тадқиқотида Европадан 50 минг кишини шу термал камерадан ўтказади. 50 минг кишида нур ва иссиқликни ўлчайди. Бу термал камера аслида инсонлардаги касалликни аниқлаш мақсадида ихтиро қилинган. Бироқ тажриба натижаси профессорни ўйлантириб қўяди.

Тадқиқот жараёнида 50 минг кишини ҳеч бирида бу нурли чизиқлар текис ва тенг чиқмайди. Роберт Кензи термал камерасини носозлигига шубҳа қила бошлайди. Аммо Нигериялик бир бемор савдогар, унинг бу фикрини бутунлай ўзгартиради. Нигериялик савдогарнинг нурли чизиқлари бир текис ва тенг тарқалар эди. Роберт Кензи дарҳол нигериялик тижоратчи билан суҳбатлашади. Профессор таажжубланиб турган пайтда нигериялик савдогар Робертга ҳеч қачон таҳоратсиз юрмаслигини айтади ва «Таҳорат мўминларнинг қалқонидир» дея таъкидлайди. Шундан сўнг Роберт Кензи бу ҳолатни шахсан ўзи текшириб кўриш учун ўзи ҳам билганича таҳорат олади. Натижа 100% эмас эди. Шунда у бир мусулмондан тўғри таҳорат олиш қоидасини ўрганади ва натижа 100% чиқади, яъни Робертни ҳамма нурли чизиқлари бир текис тенг бўлади.

У бу ҳолатни яна 37 кишида такрорлади ва ҳар сафар нурли чизиқлар бир текис тенг чиқади. 37 кишининг ҳеч бири мусулмон эмас эди.

Бу тадқиқотлардан сўнг, Роберт Кензи Исломни қабул қилди. 67 ёшида Қуръони Каримни ёд олди ва ҳофиз бўлди. Ўз асбобига эса «Иймон ўлчайдиган жиҳоз» деб ном берди.

Ушбу тадқиқотдан сўнг барча беморларни тинчлантириш учун дори ўрнига таҳоратни ташхис қоғозига ёза бошлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إنَّ أُمَّتِي يُدْعَونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ غُرّاً مُحَجَّلِينَ مِنْ آثَارِ الْوُضُوءِ، فَمَنِ اسْتطَاعَ مِنْكمْ أَنْ يُطِيلَ غُرَّتَهُ فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари ва оёқ-қўлларидан оппоқ нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Аллоҳим бизларни мусулмон қилиб яратганинг учун Ўзинга шукрлар бўлсин!

Islom.uz портали таҳририяти

Read 4334 times

Мақолалар

Top