Мақолалар

НАМОЗНИ БУЗАДИГАН АМАЛЛАР

Намоз арабчада «Салот» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» маъносини англатади.

Истилоҳда эса такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир. Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарздир. У, банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг дийний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир. Намоз мўъминнинг меърожидир. Намоз орқали банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Намоз шу қадар буюк ибодатки, уни адо этаётган бандадан ўзига хос эътиборни, сергакликни талаб қилади. Намозда унга оид бўлмаган бирор иш ва сўз қатнашмаслиги лозим, акс ҳолда намоз бузилишига олиб келади. Барча мусулмонлар бир кунда беш маҳал фарз намозини ва ундан ташқари бир қанча нафл намозларини ҳам адо этадилар. Намоз ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Намознинг банда дунёси ва охирати учун тақдим қиладиган фойдаларининг чеки йўқ. Шундай экан ҳар бир мусулмон ушбу буюк ибодатимизнинг қандай адо этилишини мукаммал тарзда ўрганиб олиши зарур. Қуйида эса намоз ибодатининг бузилишига сабаб бўладиган амалларни келтирамиз:

  • Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади. Намоз бузилиши учун гапирган одам ўз овозини эшитадиган даражада гапирган бўлиши керак, агар ўзи эшитмайдиган даражада бўлса бу гапириш бўлмайди. Агар намозхон намозида ухлаб қолиб гапириб юборса намози бузилади, чунки намозда ухлаган одам уйғоқ одам ҳукмида бўлади. Агар намозхоннинг қўлида бўлмаган ишлар содир бўлса намоз бузилмайди. Булар йўтал тутиб қолиши, акса уриш, кекириш каби ишлар бўлиб, булардан сақланишнинг иложи бўлмагани учун шаръий узр саналади. Лекин шундай бўлсада одатда баъзи инсонлар акса урганда чиқарадиган ортиқча товушларни найдо қилиш эса намозни бузади.[1] Бу ҳукмнинг далили: Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи, «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти тушганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳйу қилиндик». Бешовлари ривоят қилишган.
  • Қасдан берилган салом ва унга алик олиш. Ноқасдан бировга салом бериш намозни бузмайди. Чунки, салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасдан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасдан бўлган ҳолатда эса, зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир. Аммо алик олганда қасдан бўлса ҳам, ноқасдан бўлса ҳам, намоз бузилади. Чунки, аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.
  • Инграш ва унга ўхшаш овозли нарсалар. Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди.[2]
  • Намозда балоғатга етган одамнинг қаҳқаҳа отиб кулиши намозни ҳам таҳоратни ҳам бузади. Унинг чегараси эса кулганида ўзининг ёнидаги одамнинг эшитишидир. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, тоҳарати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, тоҳарат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, тоҳарат ҳам бузилмайди.
  • Охират ишидан бошқа сабаб ила овоз билан йиғлаш. Агар охират учун намоз ичида овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Чунки бундай йиғи раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш ўрнига ўтади. Мусийбат ёки оғриқ туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади. Чунки бу ишлар шикоят қилиш ҳисобига киради. Лекин оғриқ шу қадар кучли бўлса ва намозхон ўзини йиғидан тутиб тура олмай овозсиз йиғласа бу узр ҳисобланади.
  • Узрсиз томоқ қириш. Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб томоқ қириш намозни бузади.
  • Акса урганга соғлик тилаш. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «алҳамдулиллааҳ»  ёки  “субҳаналлоҳ” деса, намози бузилади. Намозхоннинг оғзидан чиқаётган сўзлар намоздаги сўзларга ўхшаш сўзлар бўлса ҳам барибир бу жавоб учун айтилганлиги сабабли намозни бузади. Ёмон хабар келганда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейиш ҳам намозни бузади.[3]

  • Узрсиз томоқ қириш. Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди.

Имомидан бошқага луқма бериш. Имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади.

  • Мусҳафга қараб қироат қилиш. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздларида, Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки, бу иш кўп амалга қўшилади. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг наздида, Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди. Чунки, намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун, макруҳ бўлади. Мактубга назар солиб ундаги маънони англаса, намози бузилмайди
  • Нажосатга сажда қилиш. Чунки, сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади. Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам, намоз бузилади.
  • Одамлардан сўраладиган нарса сўраб дуо қилиш. Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин «Аллоҳим! Менга минг динор бергин! Аллоҳим! Менга фалончини хизматчи қилиб бергин!» каби дуоларни қилса намози бузилади. Ташаҳҳуддан кейин мазкурларга ўхшаш дуо қилган одам ўша нарса ила намоздан чиқади ва намози бузилмайди.
  • Емоқ ва ичмоқ. Чунки, бу икки иш кўп амалга киради. Бунда қасдан еб-ичдими ёки унутибми – фарқи йўқ. Тиши орасига кириб қолган таомни еса, намози бузилмайди.
  • Кўп амал қилиш. Икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган ёхуд назар солувчи «Буни қилаётган одам намоз ўқимайди» деб гумон қиладиган иш кўп амалдир. Агар кўрган одам ўни намоз ўқияпти деб ўйлаши ҳам ўйламаслиги ҳам мумкин бўладиган ҳолатларда бир амални уч марта кетма кет бажарсагина намози бузилади. Намоздаги кам амаллар авф этилади, чунки улардан сақланиш жуда қийин. Агар аёл киши намозида боласини кўтариб олса ва уни эмизса, намози бузилади. Аммо уни эмизмаса ва кам амал билан уни кўтариб олса намози дуруст бўлади. Расулуллоҳ сав ҳам набиралари Умомани намозда кўтариб олардилар ва сажда қилаётганларида қўйиб қўярдилар, қиёмда яна кўтариб олар эдилар. Намозхонни бир одам итариб юборса ва у шу сабабдан уч қадам юриб кетса намози бузилади. Намознинг амалларидан бўлмаган ва намозни тузатиш учун бўлмаган кўп амал намозни бузади. Одатда икки қўл билан қилинадиган салла ўраш, кўйлак кийиш, иштон кийиш, камон отиш каби амални бир қўл билан қилинса ҳам, намоз бузилади. Агар намозхонга биров кўришиш учун қўлини чўзса, ва у ҳам қўл берса намози бузилади. Агар намозхон унга салом берган одамга бош силкиб алик олса намози бузилмайди. Намозда турган ҳолида ёнида салласини бошига бир қўли билан кийса намози бузилмайди. Намозхон намозда туриб бировни қўли билар ёки қамчи билан урса намози бузилади, чунки бу жазолаш ёки тарбия қилиш амалиёти ҳисобланади. Намозхон олдидан ўтиб кетаётган ҳайвонни бир уриб ҳайдаса намоз бузилмайди. Лекин бу ишни уч марта қилса бузилади.[4] Агар ердан тошни олиб кейин уни қушга отса намози бузилади, чунки бу кўп амалдир, лекин тош унинг ўти билан бирга бўлса ердан олмаса, ва уни қушга отса намози бузилмайди. Аммо тошни ёки кесакни инсонга отса ҳар қандай ҳолда бузилади, чунки бу урушиш маъносини билдиради. Агар намозхон кийими ёки елпиғич билан ўзини бир ёки икки марта елписа, намоз бузилмайди. Агар уч марта елписа намоз бузилади.
  • Қалбидан ўтказган нарсаси учун намоз бузилмайди. Лекин бунда аъзоларнинг иштирок этмаслиги шарт. Агар хаёлан шеър ёки хутба тўқиса, лекин тилига чиқармаса, намози бузилмаса ҳам гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таолога нисбатан одобсизлик қилган бўлади.
  • Қибладан юз ўгириш. Бу, узрсиз равишда кўксининг қибладан бурилиши ила содир бўлади. Аммо тоҳарат қилиб келиш учун бурилса, зарари йўқ. Ёки кимдир уни итариб юборганда бурилиб кетса ва уч тасбеҳ миқдори вақтда тўғирланиб олса намози дуруст бўлаверади.
  • Авратни қасдан очиш. Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбиҳ айтгунча вақтда ёпиб олса, зарари йўқ. Ундан кўп вақтда аврати очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.
  • Катта ёки кичик бетоҳаратлик ориз бўлиб қолса, намоз бузилади.
  • Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.
  • Таяммум ила намоз ўқиётган одам охирги қаъдага ўтиришидан олдин сувни кўриб, уни ишлатишга қодир бўлмоғи. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши.
  • Махсини ечиш. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.
  • Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.
  • Яланғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.
  • Яранинг устидаги боғич тушиб кетиши.
  • Ҳушидан кетиш.
  • Жинни бўлиш.
  • Назар солиб туриб, жунублик етиши.
  • Аёл кишининг намозда эркак киши билан баробар туриб қолиши.
  • Муқтадийнинг имомдан олдинга ўтиб кетиши.
  • Намозхоннинг қалбан муртад бўлиши намозни бузади.
  • Вақтнинг чиқиб кетиши ҳам баъзи намозларни бузади. Бомдод намозида қуёш чиқиб қолиши, икки ҳайит намозларида қуёшнинг заволга келиши, жума намозида аср намозининг вақти кириб қолиши кабилар намозни бузади.

 

 

 

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 Сурайё Ибрагимова

 

[1] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

[2] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. “Ниқоя мухтасарул виқоя” Лито типография И.И.Харитонов. Казан 1911.

[3] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

[4] Абдулҳамид Маҳмуд Таҳмоз “Ал Фиқҳул ҳанафиййу фий савбиҳил жадид” “Дарул қалам” Димашқ 2014

Read 12840 times
Tagged under

Мақолалар

Top