Мақолалар

Уйимизни иситишни ўргандик. Қалбимизничи?

Қиш келиб, кунлар совий бошлаши билан қалин кийимларимизни сандиқлардан олиб киямиз. Танамиз совқотмаслиги, иссиқ туриши учун бутун танамизни ўраб, эҳтиёт қиламиз. Бошимизни ҳам ўраймиз. Уйларимизни иситиш, совуқ кирмаслиги учун зарур чораларни кўрамиз. Мақсад, уй ҳам, танамиз ҳам иссиқ бўлсин. Шу тарзда уйларимизни иситамиз-у, аммо қалбларимизни истишни унутиб қўяр эканмиз.

Қалбни қандоқ иситамиз? Унга ҳам олов ёқамизми? Уни иситадиган нарса нима ўзи? Бу саволларга жавоб топа оламизми?

Қалб тана каби озуқасиз, кийимсиз қолса, оч қолади, совийди, кучсизланади. Шунинг учун қалбнинг озуқасини бериш керак. Аллоҳ таоло қалбимизни бутун танамизнинг подшоҳи қилиб қўйган. Танамизнинг бахиллик, кибр, ҳасад, адоват, кўролмаслик, дангасалик каби иллатларга чалиниши қалбдаги хасталик сабаблидир.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Демак, қалбни солиҳ қилиш, бошқача айтганда, иситиш учун унинг озуқасини беришимиз керак экан. Унинг озуқаси эса Аллоҳни таниш, илм ўрганиш, Қуръон тиловат қилиш, махсус лафзлар билан Аллоҳни зикр қилиш, ибодат қилиш, уламолар суҳбатига қулоқ тутиш, қалбни тузатишга бағишланган китоблар ўқиш кабилар билан бўлади. Мана шуларни қалб тез-тез қабул қилиб, улардан баҳраманд бўлиб турса, исийди. Исиган қалб эса юмшоқ, таъсирчан қалбга айланади. Бундай қалб эгаси оилада яхши ота, яхши фарзанд, яхши ака-ука, яхши жиян, жамиятда яхши қўшни, яхши қариндош, яхши мусулмон бўлади.

Қалб гуноҳ қилганда қотиб, бошқача айтганда совиб, солиҳ амалларни бажарганда юмшайди, яъни исийди. Қалби иссиқ одамни қалби пок одам дейилади.  Шунинг учун ҳам қалбни поклашнинг омилларидан яна бири бўлган истиғфор ва тавбада бардавом бўлиш керак. Кўп истиғфор айтган одамнинг қалби аста-секин покланиб, тозаланиб, юмшаб, исиб боради.

Катта олимлар, солиҳ инсонлар, авлиёларнинг қалблари иссиқ бўлгани учун ҳамма ундоқ кишиларга яқин бўлгиси, улардаги иссиқликда исиниб олгиси, яъни насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳикматли пандларидан баҳраманд бўлгиси келади. Гуноҳ, маъсиятлар ботқоғига ботган кишиларнинг қалблари совуқ бўлгани учун одамлар ундай кишилардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Чунки уларда одамларни ўзига тортадиган, ҳаммага улашадиган иссиқлик бўлмайди ёки бўлса ҳам жуда оз, ўзига зўрға етадиган даражада бўлади.

Азизлар, уйимиз ва жасадимизни истганимиздек, танамиз подшоҳи бўлган, аъзоларимизнинг яхши-ёмон ишларни қилишига таъсир ўтказувчи қалбимизни поклашга, иситишга, унга керакли озуқаларни беришга ҳаракат қилайлик!

Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни фақат покиза, саломат қалб билан келган инсонларгина нажот топишларини, молу дунё ва бола-чақалари ўшандай кишиларгагина фойда беришини Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Уйларимизни ва танамизни иситиш чорасини кўраётган чоғимизда қалбимизни унутиб қўймайлик! Уни иситувчи омиллар бўлмиш ибодатлар, зикрлар, илм ўрганиш ва бошқа амалларни бажаришни бошлайлик! Танамизга ташқаридан иссиқ урилаётган чоғда қалбимиз бутун ички дунёимизни иситиб, аъзоларимиз яхши амаллар қилишига сабабчи бўлсин!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2592 times
Tagged under

Мақолалар

Top