"Ал-калимут тоййиб" нашрида шундай келтирилади:
"Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, унинг қалбидан ўзидаги яхши амалларни кўриш туйғусини ва тилидан ўша амалларни гапириш одатини тортиб олиб, у бандани ўз гуноҳини кўришга машғул қилиб қўяди. Натижада банда то жаннатга киргунича гуноҳларини кўз ўнгида тутадиган бўлиб қолади".
Яъни ўша банда яхшиликлари билан ғурурланиб, у ҳақида одамларга гапириб мақтанмайдиган бўлиб қолади. Чунки, амалларини гапириш сумъа дейилса, амалларини бошқаларга кўрсатишга уриниш риё бўлади. Қилган амалларидан ғурурланиш эса ужб дейилади. Сумъа, риё, ужб амалнинг савобини йўққа чиқарадиган иллатлардир.
Аллоҳ таоло яхши кўрган банда доим гуноҳларини ўйлаб, уларни кўздан қочирмай, барча хатоларига йиғлаб, тавба-тазарру қиладиган бўлиб қолади. Бу ишни умр бўйи қилгани, гуноҳлардан узоқ юриб, тавба ва истиғфорда бардавом бўлгани учун Аллоҳнинг изни билан жаннатга киради.
Аллоҳ таоло барчамизни риё, сумъа, ужбдан асраб, тавба-истиғфорда бардавом қилсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади