Мақолалар

Тавбанинг шартлари

Инсон борки хатодан холи эмас. Хато қилган киши эса дарҳол хатосидан тавба қилиши, уни кечиришини Аллоҳ таолодан сўраши керак. Оламлар Робби Қуръони Каримда биз бандаларини тавба қилишга буюриб, шундай марҳамат қилган:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса...” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Одам боласининг барчаси хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчилардир” деб марҳамат қилганлар.

Уламоларимиз тавба ҳақида келган барча оят ва ҳадисларни ўрганиб чиққанларидан сўнг тавба тўғри бўлиши учун унинг бир неча шартлари борлиги баён қилганлар.

  1. Гуноҳдан тўхташ.

Банданинг тавбаси тўғри бўлиши учун у аввало қилиб турган гуноҳидан тўхташи керак. Масалан, номаҳрам билан телефонда ишқий суҳбатлар қилаётган одам шу гуноҳдан тавба қилиши учун дарҳол бу суҳбатни тўхтатиши керак. Агар “Бу гуноҳимдан тавба қилдим” десаю аммо суҳбатни давом эттирса, унинг тавбаси тўғри бўлмайди.

  1. Надомат қилиш.

Гуноҳни тўхтатгандан сўнг энди шу гуноҳни қилиб қўйгани учун пушаймон бўлиши, “Эй Роббим, мен бу гуноҳни енгил санаб эмас, нафсимнинг сўзига кириб қилиб қўйдим. Аслида номаҳрам аёл билан ишқий суҳбат қилганимга афсусдаман” деб, қалбида пушаймонликни ҳис қилиши керак. Агар гуноҳни қилганидан сўнг қалбидан шу ишига нисбатан надомат бўлмаса, тавбаси тўғри бўлмайди.

  1. Гуноҳга асло қайтмаслик.

Банданинг тавбаси тўғри бўлиши учун у ҳеч қачон тавба қилган гуноҳига қайтмаслиги керак. Агар “Тавба қилдим” десаю аммо яна ўша суҳбатига қайтса ёки бошқа номаҳрам аёл билан гаплашишни бошласа, унинг тавбаси тўғри бўлмайди.

Ушбу айтилган шартлар агар банданинг гуноҳи Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли ишларда бўлса, масалан, намоз ўқимаган бўлса, ароқ ичган бўлса, зино қилган бўлса, номаҳрамлардан кўзини, тилини тиймаган бўлса, ана шунда мазкур шартларни адо этиб тавба қилиши керак. Бордию гуноҳ бандаларнинг ҳаққига тегишли бўлса, масалан, бировнинг пулини олиб қўйган, ўғирлаган бўлса, унда қуйидаги шарт ҳам қўшилади.

  1. Ҳақларни эгаларига қайтариш.

Айтиб ўтганимиздек, агар гуноҳ банданинг ҳаққига тегишли ишларда бўлса, бировнинг ҳаққини олиб бориб бериш билан тавба тўғри бўлади. Аммо ҳақни эгасига қайтармай, “Тавба қилдим” деса, у ҳолда тавба тўғри эмас. Аввал бировнинг ҳаққини олиб бориб берилади, унинг розилиги олинади, кейин “Эй Роббим, мен фалончининг ҳаққини олган эдим. Бугун ўша ҳақни қайтариб бердим. Ўзинг кечиргин, мағфират қилгин” десангиз, шунда тўғри тавба қилган бўласиз.

Бировларнинг ҳаққи деганда фақат моддий ҳақлар эмас, маънавий ҳақларни ҳам тушуниш керак. Масалан, бировни ғийбат қилиш, камситиш, алдаш кабилар бировнинг ҳаққини маънавий тарзда ейиш ҳисобланади. Бунда ҳам киши ўша одамнинг олдига бориб, “Мен сизни ғийбат қилгандим. Мени кечиринг, мендан рози бўлинг” деб, ғийбатини қилган кишининг розилигини олиши керак.

  1. Умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳдан қайтариш.

Аҳли илмлардан баъзилари тавбанинг тўғри бўлиши учун ушбу сўнгги шартни ҳам қўшганлар. Демак, айтилган барча шартларни амалга ошириб тавба қилингандан сўнг банда то умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳ-маъсиятлардан қайтариб юриши, одамларни фақат тўғри йўлга, яхшиликка чорлаши лозим бўлади.  

Аллоҳ таоло барчамизни холис тавба қилувчи бандаларидан айласин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 3416 times

Мақолалар

Top