Мақолалар

СОҒЛОМ АҚИДАНИНГ МЎМИН ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади.

Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида шундай деганлар: “Сиз аҳли китоб бўлган қавмга бораяпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар Аллоҳ уларга бир кеча кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг” (Имом Муслим ривояти).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон кишининг энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар. Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.

Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар.

Мазкур еттита нарсага қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади.

Баён қилинган ушбу ақида, турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган, юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир.

Ақида деб – эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар тўғрисида бахс юритадиган илмга айтилади. Яъни, ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, ҳамда қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб, ўрнаштириб олиши лозим бўлган – қатъий далиллар билан собит бўлган шаръий эътиқодий ҳукмларга ақида дейилади.

 

 

Қодирхон АЗИЗОВ,

Косонсой тумани бош имом-хатиби

Read 2202 times

Мақолалар

Top