Мақолалар

Биз шу дуони кўпроқ айтишимиз керак!

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм” деган дуони ўргатган эканлар.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан”.

Изоҳ: Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан кейин инсонларнинг афзали бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ушбу дуо ўргатилган экан, демак, бизлар кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!

 

Мен мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқаман

 

Бир киши Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга: “Мен мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқаман”, деди.

У киши ундан: “Холи қолганингда намоз ўқиб, гуноҳ қилганингда истиғфор айтасанми?” деб сўрадилар.

У: “Ҳа”, деб жавоб берди.

Шунда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Боравер, Аллоҳ сени мунофиқ қилмабди”, дедилар.

“Фикр дурдоналари”

Изоҳ: Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирдошлари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига мунофиқлар кимлигини номма ном айтганлар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бу сирни ҳеч бир инсонга айтмасдан, ўзлари билан бирга қабрга олиб кетганлар.

 

Аллоҳ таолога маҳбуб гаплардан бири

 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Банданинг сажда қилган ҳолида: “Аллоҳумма золамту нафсий фағфирлий” (Эй Аллоҳ, мен ўз нафсимга зулм қилдим. Мени мағфират қилгин) деб айтиши Аллоҳга энг маҳбуб гаплардандир”.

“Ховатир роқия журнали”

Изоҳ: Демак, нафл намозларимизнинг саждасида шу дуони ихлос билан кўпроқ айтишимиз керак. Аввало, банда сажда қилиб турган пайтида Аллоҳ таолога энг яқин ҳолатда бўлади. Меҳрибон Роббимизга энг яқин турган пайтимизда дуо қилишимиз эса, шу дуоимизнинг тезроқ ижобат бўлишига сабаб бўлади.

 

Солиҳа оналар, Аллоҳнинг мадади билан, ЭРКАКларни етиштирадилар

 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ оналари ҳақида шундай деганлар: “Онам менга Қуръонни ўн ёшимда ёдлатганлар. У киши мени бомдод намозидан олдин уйғотар, Бағдоднинг совуқ кечаларида таҳоратим учун сувни иситиб берар, кийимларимни кийдириб, сўнгра масжид уйимиздан узоқда жойлашгани ва йўл қоронғу бўлгани учун ўзлари рўмолларини ўраб, ҳижобларини кийиб, мени масжидга олиб борардилар”.

Изоҳ: Фарзандининг олим, фозил, баркамол инсон бўлишини истаган ота-она унинг тарбиясига боласи гўдаклигиданоқ ката эътибор қаратиб, луқмасининг ҳалол бўлишига, ибодатларни пухта ўрганиб боришига ва илмга муҳаббатли бўлишига жиддий аҳамият қаратиши лозим бўлади.

 

Ярмук жанги

 

Мусулмонларнинг 36-40 минг сонли қўшини 240 минг сонли румлик аскарларга қарши жанг олиб бориб, узил-кесил ғалабага эришдилар. Шомни румликлар қўлидан бутунлай тортиб олдилар.

Мусулмонлар қўшинининг етакчи қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу эдилар.

Изоҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни “Аллоҳнинг қиличи” деб атаганлар. “Аллоҳнинг қиличи” мағлуб бўлармиди?!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2257 times

Мақолалар

Top