Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: “Валлоҳи, сизнинг хафа бўлишнгизга биз чидай олмаймиз”

Умар розияллоҳу анҳу шаҳид этилганида Умму Гулсум розияллоҳу анҳо қаттиқ изтироб чекдилар. Бир куни икки биродари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумлар унинг олдига келиб:

  • Ўзингга маълумки, сен мусулмон аёлларнинг саййидасисан. Қолаверса, сен улар кўп ҳурмат қиладиган муҳтарама аёлнинг қизисан. Агар сен ишни отамизга қоддирсанг, валлоҳи сени етимларидан бирига никоҳлайди. Аммо сен бой кишига турмушга чиқмоқчи бўлсанг, муҳаққақ, бу ишни уддалайсан, - дедилар.

Бу гаплари билан Умму Гулсумни ўз фикрига кўра мустақил ҳаракат қилишга чақираётган эдилар. Бундай қилишларининг ўзига хос сабаблари бор эди. Чунки оталарининг уйида яширинча Умму Гулсумнинг тўйига тайёргарлик кўрилаётганини эшитиб қолган эдилар. Бу гапларни эшитган Умму Гулсум розияллоҳу анҳо ўйланиб қолди. Шу пайт Али розияллоҳу анҳу қўлларида асо билан ичкарига кирдилар. Ўғиллари дарҳол уни салом бериб қаршилашди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу қизларини ёнларига ўтқаздилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганидан сўнг дедилар:

  • Эй Фотиманинг ўғиллари! Сизни қанчалик севишнимни биласиз. Менинг олдимдаги даражангиз улуғдир. Мен сизни бошқа фарзандларимдан устун қўяман. Чунки сиз Аллоҳ Расулининг набираларисиз.

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳу оталарига:

  • Ҳа, тўғри айтяпсиз. Аллоҳ сизга марҳамат этсин, биз ила сизга хайр-эҳсон этсин, - дейишди.

Сўнг Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу кизларига шундай дедилар:

  • Эй қизим, Аллоҳ таоло сенинг ишингни менга қолдирди. Турмушга чиққан эдинг, тул қолдинг. Сенинг ишингни энди мен зиммамга олиб, сени узатмоқчиман...

Умму Гулсум:

  • Отажон, мен бир аёлман. Мен ҳам бошқа аёлларнинг хоҳлаганини истайман. Улар эришган мол-дунёга мен ҳам ноил бўлишни хоҳлайман. Мени ўз ҳолимга қўйинг, ўз ишимни ўзим ўйлаб, бир қарор берай, - деди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу вазиятни тушундилар.

  • Аллоҳга қасамки, сен айтгандек бўлмайди, эй қизим! Бу фикр сендан чиқмаган. Бундай гапни шу икки кишидан бошқа ҳеч ким айтмайди, - дедилар.

Сўнгра жаҳл билан ўринларидан туриб:

  • Валлоҳи, сен менинг айтганимни қилмагунингча улар билан асло гаплашмайман, - дедилар.

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар оталарининг жуда ҳам ғазабланганини тушундилар. Этакларига ёпишиб:

  • Отажон, ўтиринг, - дедилар.

— Валлоҳи, сизнинг хафа бўлишнгизга биз чидолмаймиз. Эй Умму Гулсум, сен ишни отамизга қолдир, — дея ёлворишди.

Умму Гулсум розияллоҳу анҳу ҳам:

  • Майли, отам айтганидек бўлсин, - деди.

Бироз олдин шиддатли бўроннинг бошланишидан хабар берган қора булутлар тарқалиб, уйнинг ҳар тарафига яна ҳузур-ҳаловат қайтиб келди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бева қизини биродарининг ўғли Авн ибн Жаъфар билан никоҳладилар. Эҳтиёжлари учун Умму Гулсум розияллоҳу анҳуга тўрт минг дирҳам пул бердилар.

Умму Гулсум розияллоҳу анҳо Авн ибн Жаъфар билан бахтиёр яшай бошлади. Чунки Ибн Жаъфар отаси каби юмшоқ табиатли ва нозик қалбли, ақлли киши эди. Умму Гулсум ҳам эрининг ҳақларини ҳурмат қилувчи вафодор завжа эди.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 1963 times

Мақолалар

Top