Мақолалар

“Оммавий маданият” хавфлари

 “Маданият” ибораси юксак тараққиёт, одоб-ахлоқнинг юқори даражаси маъноларида ишлатилади. Лекин бу миллийлик ассосида ҳар томонлама юксакликни ифода этадиган сўз олдига “оммавий” деган сўз қўшилса, мантиқий узвийлик давомида ахлоқий бузуқлик, қадрият ва анъаналарнинг маънавий негизларига беписанд муносабат, ҳатто асл миллий маданиятнинг емирилишига қаратилган таҳдид ҳисобланади.

Бугунги кунга келиб, ахборот ҳамда ахборот майдони - дунёни бошқарувчи омиллардан бирига айлангани боис, у “оммавий маданият” тарафдорлари томонидан фаол фойдаланиб келинмоқда.

Оммавий маданият ёшларни ўзбошимчалик ва ахлоқсизликка чақирса, кейинчалик умумий оммага мослаштириб, шахсни худбинлик ва яшаб турган жамиятда қарор топган қадриятларга беписандлик қилишга олиб келади. Натижада, миллий ва диний қадрият, дунёқараш ва бошқа шу каби инсон маънавияти учун ўта муҳим бўлган ҳисс ва туйғуларга путур етказади. Маълумки, маънавиятсиз, миллий туйғуси бўлмаган шахс эса ҳамма нарсага тайёр бўлади.

Бугунги кунда аксар инсонлар ахборотни Интернетдан олади, бу эса ёш авлод тарбиясининг манбаси Интернет тармоғи бўлиб хизмат қилмоқда. Ёшларимиз китоб ўқишга тоқати бўлмай қолмоқда. Бу эса китобхонлик маданиятининг бузилишига олиб келади. Аммо Интернет тармоғида куну-тун ўтиришга тайёр, ҳатто тармоқ узилганда шахснинг ҳаловати бузилиши кузатилмоқда. Натижада унда интернетга қарамлиги вужудга келади ва жамиятдаги аслий ўрни, масъулияти ва ҳақлари ҳам унутилиши хавфи мавжуд. Аммо Интернет тармоғи орқали унга таъсир қилувчи кучлар ўз мақсадига эришишлари эҳтимоли тобора кучаяди.

Шунингдек, ёшларимиз ота-оналарининг насиҳатларини қабул қилмаслик ҳолига келади ва уларга: “сиз замондан ортда қолгансиз” деб айтади. Манқуртга айланиб, илму-маърифатдан узоқлашади. Кучга тўлиб, ақли расо бўладиган ёшда оммавий маданиятни экспорт қилаётганлар каби оила муқаддаслиги, ота-она эҳтироми каби ахлоқ меъёрларидан узоқлашади ва фақат ўз кўнгилхушлиги учун яшайди. Баъзилар эса келажакдаоила бахтидан ҳам воз кечишга тайёр бўлиб, ота-онасини қариялар уйига топширишдан ҳам ор қилмайди. Ҳамият ва ғурур каби ҳиссиётлардан мосуво бўлиб қолади. Бугунги кунда баъзи ёшларимиз нима учун ота-она ва ўқитувчиларига қулоқ солмайди? Сабаб, ота-она тарбияда ўз ўрнини бой бериб қўйгани ва фарзандларни ташқи таъсирлар гирдобига ташлаб қўйишидадир. Ушбу шароитда таълим-тарбияга алоҳида эътибор кучайтирилиши замон талаби бўлмоқда.

Бугун юртимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ёшлар ўртасида китобхонликка тарғиб қилинаётгани, ҳамда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар миллатимизни маърифатпарвар бўлиши учун қаратилган бўлиб, ўз самарасини беради деган ишонч мавжуд.

Китоб ва илмга ошно бўлган ёшларимиз ҳеч қандай ташқи таъсирга тушмайдилар, чунки улар ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришиш учун бор кучларини бериб изланадилар. Илмли ва маърифатли халқ маънави ва моддий камчиликларга йўл қўймайди. Бунинг мисолини Япония тимсолида кўриш мумкин. Таълимга жуда катта эътибор берган бу халқ табиий бойликларсиз ҳам ҳозирда дуёнинг тараққий топган, илғор ва бой давлатларидан биридир.

Оммавий маданиятнинг зарарларидан ёшларимизни ҳимоя қилиш учун аввало ахборотдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришимиз, ҳар бир нарсани меъёрига амал қилишга ўргатишимиз, олимларимиз ва қаҳрамонларимизга муҳаббат ҳосил қилиб, уларга эргашиш малакасини ҳосил қилишимиз зарур. Оммавий маданиятнинг хатарларидан яна бири баъзи ёшлар моддий бойликка эришиш йўлида барча нарсани қурбон қилишга тайёр эканлигидадир. Маънавий бўшлиқ моддий бойликка ҳирс қўйиш билан тўлдирилган кишилар ота-она ва ака-укалар ўртасида меҳр ва оқибат ришталари узилса ҳам бойликка етишни, мерос талашишни мақсад қилиб оладилар. Яна бир хатар эса ёшларимизни яшашда тарзида, кундалик юриш-туришда, гапиришда ва ҳатто исм қўйишдир. Менталитетимизга ёт бўлган халқларга тақлид қилишларидир. Бизнинг шарқона маданиятимиз кўп жиҳатдан ўз афзалликларга эгадир. Бу маданият бутун дунёнинг маданиятига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келган эмасми? Албатта, ҳаммада бўлгани каби, бизда ҳам бу борада камчилигимиз йўқ эмас, у ҳам бўлса, бой маданиятимизни, илмий меросимизни тараннум қилмаётганимиздадир, тарғиб этмаётганимизда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, барча камчиликларни бартараф этувчи кучимиз - динимиз ва аждодларимиз босиб ўтган ҳаёт йўлидир. Тарихда аждод уламоларимиз диний ҳам дунёвий илм-фанда дунё хақларига устозлик қилганлари маълум. Шу асосда миллатимиз маънавияти юксак халққа айландик. Бугунги кунда эса, ушбу асос давлатимизни ҳар томонлама ривожланиши, қудрати ошишида хизмат қилади. Зеро илоҳий калом Қуръони карим ҳам инсониятга биринчи қилган хитоби “Ўқи” деган буйруқ эди. 

 

Мир Араб ўрта махсус 

ислом билим юрти мударриси,

Абу Ҳафс Кабир масжиди 

Имом-хатиби А Абдуллаев

 

Read 2538 times

Мақолалар

Top