Мақолалар

Сабаб ва оқибат: ёки содир этилган хатонинг сабаби нимада, гуноҳи кимники?

Муайян жамият дунёда бўлиб ўтаётган табиий, ижтимоий ва бошқа шу каби омиллар таъсирида ўзининг кундалик воқелигини ўтказиб бораверар экан, унинг маънавиятини сақлаб қолишда, ушбу жамиятнинг барча табақадаги масъуллар бирдек ҳаракат қилишлари лозим.

Бу узвий боғлиқликнинг энг қуйи, айни пайтда энг масъулиятли қисми – оиладир. Зеро мантиқий боғлиқликда жамиятда ўз ўрнини топган ёки топмаган шахс, муайян оила аъзоси, ёки муайян оила муҳитида ҳаёт яшаб ўтаётган таркибий қисмидир.

Замонавий тенденциялардан бири – бу ахлоқсизликнинг, унинг турли кўриниш ва оқибатлари билан бирга кучайишидир.

Қръони каримнинг Қалам сураси 4-оят маъносининг таржимасида шундай дейилади:

“Ва албатта, сен улкан хулқдасан”.

Демак, гўзал хулк, ахлоқ ва тарбия инсон камолотининг асосий меъёрларидан ҳисобланади.

Оддий сўз билан ифодалаганда, Қуръони Каримда қилиниши лозим бўлган ишларни сўзсиз амалга ошириш ва айтилган қайтариқлардан сақланиш, бу Яратганга нисбатан юксак ахлоқни изҳор қилиш саналади.

Бугунги тараққиёт тўсиқларидан бири оилада ота-оналар ва фарзандлар ўртасида тушунмовчиликда бўлиши эҳтимоли катта. Зеро, бу муносабат шаклланиб бораётган ёш шахс психологиясига жиддий таъсир қилади.

Ҳакимлардан бири: “Фарзандинг (биринчи) 7 йил райҳонинг, (кейинги) 7 йил хизматчинг, 7 йил вазиринг, сўнг ё дўстинг, ё душманинг”, деган экан. (Адаб ад-дунё вад-дин, Абул-ҳасан Мовардий, б.167).

Бу фикрни швейцариялик биолог ва файласуф Жан Пиаже ҳам тадқиқотлар натижасида илмий асослаб берган. Унинг тадқиқоти боланинг ривожланиш даврларни: 1) 2 ёшгача – подшоҳлик даври; 2) 2-7 ёшгача – жиддий тарбия оладиган давр; 3) 7-12 ёшгача – фикрлашни ўрганадиган давр; 4) 12 ёшдан бошлаб шахсияти шаклланган давр. Ҳар даврда фарзанднинг шахсиятига энг катта натижадор ёки самарасиз таъсир кўрсатувчи фақат унинг ота-онаси ҳисобланади. (https://www.psychologos.ru/articles/view/intellektualnoe-razvitie-rebenka-dvoe-zn--teoriya-piazhe).

Олдиндан айтиб ўтиш керакки, тарбия, одоб-ахлоқ тамойиллари фақат оилада сингдириладиган муваффақиятли ҳаёт йўлбоши ва ҳамроҳларига боғлиқдир.

Замонавий оила психологиясида ота-оналар ва фарзандлар ўртасида муомала мувозанати ўзгариш тенденциясига эга бўлмоқда. Бунга таъсир қиладиган омиллар талайгина бўлиб, улар орасида фан ва техника тараққиёти, ахборотнинг сониялар ичида дунёни айланиб ўтиши ва тарқалаётган хабар ҳамда маълумотларнинг танқидий таснифланмаётганидадир. Яъни, бугун Интернет тармоғида тарқалаётган маълумотлар, Facebook мисолида, илм ва жаҳолат, дин ва уятсизлик бир лентада кетма-кет жойланмоқда.

Албатта, бу шахсий ғараз эмас, балки бизнес дейилиши мумкин, бироқ, бу “бизнес ёки олди-сотди” натижасида муайян миллат маънавияти хавф остида қолмоқда.

 Ўзбекистонда 2019 йил давомида 30 мингдан зиёд оила ажримлари қайд этилди ва бу рақамнинг аксарини ёш оилалар ташкил этади. Ажримларнинг асосий сабаблардан бири сифатида ёшлар мустақил ҳаётга тайёр эмасликларини келтириш мумкин. Ва бу сабаб ўз ичига кўпгина омилларни мужассам қилган жиддий сабаб эканини айтиш ўринли.

Ёш йигит ёки қиз мустақил ҳаётга қадам қўйишдан олдин, мустақил ҳаёт нима эканини, ҳар иккала томоннинг масъулият ва ҳақ-ҳуқуқларидан, оила муқаддас даргоҳ ва уни ҳар қандай йўллар билан асраш зарур эканини ота-оналар ўргатишга “вақтлари йўқ”.

Фарзанднинг кичиклигида тарбия оладиган айни дамларда ота эрталабдан кечгача тирикчилик деб, вақтида уйга келмаган, она эса, “уй ишлари билан овораман” деб, баъзан эса қўлидаги телефонидан ортолмай, тарбия боғча опасига, таълим ўқитувчисига ташлаб қўйилган, иккиламчи нарсага қарагандек қаралган.  Натижада, фарзанд учун ҳурматли одам ким дейилса, ё ўзи қидириб топган, ё танишиб олган “ака” ёки “опа”лари. Улар уни қаерга етаклашини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бугун баъзи ота-оналар ўз фарзандларидан турли шикоятлар билан имом-домлаларимизга мурожаат қилмоқдалар. Аммо жавоби юқорида келтирилди.

Психология фани фарзандлардаги фаҳмлаш қобилияти ота-оналарникидан бир қадам олдинда эканини исботлади. Яъни янги авлод олдингилардан фаҳмлироқдир. Ҳакимларимизнинг юқорида айтилган насиҳатларидан келиб чиқсак, ўспирин ёшига кирган бола ё қизни уришсангиз - тасъир қилмайди, урсангиз - душман орттирасиз. Аммо, афсус, бу “ўзбекона” тарбия бериш усули хали ҳануз баъзиларимизда сақланиб қолмоқда.

2018-2019 йиллар давомида республика миқёсида 1 500 дан зиёдроқ ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилди. Аксари ёшлар ўртасида, уларнинг орасида энг кўпи қиз-хотинлар орасида экан. Бу эса улар ўртасида иффатини йўқотиш ҳолатлари натижасида ор қилиб, ўз жонига қасд қилмоқда.

Мактаб ўқувчилари ҳалигача мактабдан кейин уйга эмас, “Gameclub”га отишма ва уруш ўйинларни ўйнаш учун шошилмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислардан бирида: “Ҳар бир муслим ва муслимага илм олиш фарздир” дейилган бўлса, бошқа ҳадисда: “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар”, яна бир ҳадисда эса “Ёзишни, сузишни ва отишни ўргатиш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидир” дейилди. Бу ҳадис оддийгина ҳақиқатни очиб бермоқда: ўсиб келаётган фарзандни интеллектуал ва жисмонан ривожлантириш лозим. Уни илм олишини таъминлаш ва спорт билан шуғуллантириш керак.

Юқорида келтирилган оят, ҳадис ва ҳакимларнинг насиҳатларидан келиб чиқиб, фарзанднинг том маънода камолотга эришиши ота-онанинг масъулияти ва мажбуриятидадир.

Ёшларимиз ҳаётда жиддий хатога йўл қўяр эканлар, жамиятда ўз ўринларини тополмай қолсалар оқибати салбий, аммо унинг сабаби ота-онанинг тарбиясидадир.

 

Ш.Хамдамов

Тошкент шаҳар “Тўра бува”

масжиди имом-хатиби

 

Read 2469 times

Мақолалар

Top