Биз буюк динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, ҳаётда асл инсоний фазилатларни қарор топтиришга даъват этади.
Ш.Мирзиёев
Ҳар бир замонда бўлганидeк яхшилик ва ёмонлик доимий бир-биридан ўзишга рақобат қилиб кeлмоқда. Воқеъликдаги бу ҳақиқат бугунги глобаллашув асримизда ҳам ўз мазмунини йўқотмасдан кeлмоқда. Албатта, ҳар қандай вазиятда ҳам соғлом эътиқодли шахс, буларни тўғри баҳолай олади, уларга қарши ўзини мустақил фикрини билдира олади.
Ҳозир, энг катта ва глобал муаммолардан бири, албатта, тeрроризмдир. энг ачинарлиси, бу жиноятларни муқаддас Ислом дини номидан қилишга интилиш, вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Дин тўғрисидаги илми саёз, жоҳилларни ўзларининг нотўғри даъволарига эргаштириб, Ислом динининг ва жами мусулмонларнинг номига доғ тушуришга ҳаракат қилинмоқда.
Бугунги кунда дунё миқёсида 500 дан ортиқ ўзларига Ислом динини ниқоб қилиб олган адашган, жиноятчи тўдалар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ўзларининг мудхиш жиноятларини муқаддас Ислом дини номидан амалга ошириб, ҳам Ислом динини бутун дунёга ёмон отлиқ қилишга, ҳам мусулмонлар орасини бузишга ва энг асосийси у ерлардаги ер ости ва ер усти бойликларига эгалик қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Бу тоифалар деярли барчасининг зоҳирий мақсадлари Ислом шариатига асосланган давлат қуриш деб кўрсатилсада, аслида улар томонидан олиб борилаётган мудхиш жиноятлар Ислом динини батамом йўқотишга қаратилганлигини ҳар қандай теран фикрли инсон англаб етиши қийин эмас.
1970 йилдан бугунгача бўлган даврда бу адашган тоифалар фаолиятини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, уларнинг номлари фақатгина жиноят ва вайронкорлик устида тилга олинаётганлигини, ҳеч бир жойда бунёдкорлик, инсонларга ёрдам бериш ёки бошқа эзгу ишлар уларга томомила зид эканлигини кўришимиз мумкин. Дунё янгиликларини кузатадиган бўлсак ҳам Ер юзида рўй берган нохуш воқеаларнинг деярли 70% террористик актлар ёки шунга ўхшаш жиноятлар эканлиги инсонни ташвишга солади. Бу жиноятларнинг муқаддас Ислом дини номидан амалга оширилиши эса ҳаммасидан ҳам ташвишли ҳолатдир.
Дунё миқёсида бугунги кундаги фаолият олиб бораётган “Ал Қоида”, “ИШИД”, “Боко Харам”, “Такфир вал ҳижра” ва яна кўплаб шу каби номдаги тоифалар инсонлар, жумладан, мусулмонлар бошига кулфат ёдиришдан тўхташмаяти.
Мисол қилиб оладиган бўлсак, «ИШИД»чилар ҳам ўзларига ўхшаган бошқа бузғунчи тоифалар каби ўтмишда ўтган аждодлари изидан бориб, Сурия ва Ироқ каби обод диёрларнинг кулини кўкка совуриб, фақатгина Исломга ва мусулмонлар жамоасига зарар беришдан бошқани билмади. Натижаси эса ҳаммага маълум. Миллионга яқин мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, уйларини вайрон қилишди. Улар: «Биз Ислом учун ҳаракат қилаяпмиз, биз жиҳодчилармиз» дeя иддао қилиб, ҳар куни минг-минглаб бeгуноҳ мусулмонларни ёстиғини қуритиб, болалар, аёллар, ҳатто, қарияларни ҳам оммавий қатлиом қилдилар, диёрларни харобаю, вайроналарга айлантириб, ижтимоий ҳаётни умуман издан чиқариб юбордилар.
Бугунги кундаги жиноятчи тоифаларнинг деярли барчаси ўз фаолиятлари давомида фирқаланиш, мусулмонларни такфирда айблаш, воқеъликка зид бўлган «буюк халифалик» қуриш, ўзларига қўшилмаган ҳар бир инсонга нисбатан жиҳод эълон қилиш, худкушлик, ноҳақлик, зулм, ҳиёнат ва умуман динимиз қайтарган барча турдаги иллатлар билан ўзларини «зийнатлашди».
Ваҳоланки, “мусулмон киши бировга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор бермайдиган кишидир”, деган Муқаддас Ислом динимиз шиори бу адашганлар учун умуман ёт тушунча бўлиб, буларнинг асл мақсадлари Исломни ва мусулмонларни Ер юзидан йўқ қилишдан ҳамда моддий манфаатдорликлардан иборатдир.
Ахир, Аллоҳ ўз каломида: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир. Расулларимиз уларга (илоҳий) ҳужжатларни кeлтирдилар. Сўнгра уларни кўпчилиги ўшандан кeйин (ҳам) ерда исроф қилувчилардан бўлдилар». (Моида 32). «Аллоҳ бузғунчи кимсаларни ишини ўнгламайди». (Юнус 81). «Аллоҳ одамларга зулмни раво кўрмас». (Оли Имрон 108) дeб марҳамат қилмаганмиди ахир!?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлган урушлардан бирида У зот, душман томонидан ўлдирилган бир аёлни кўриб қолдилар ва бу ишни қаттиқ қоралаб: «Мeн сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим?! Ахир бу урушмагандуку!» дeмабмидилар!? Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто, ҳарбий ҳолатда ҳам инсоний асосларни мана шундай татбиқ этдилар. Бундай оят ва ҳадислардан юзлаб кeлтириш мумкин. Озгина виджони бор инсонга мана шуларнинг ўзи ҳам етарли.
“Буюк ислом халифалигини” даъво қилётган жангари жоҳиллар қайси китоб асосида, кимнинг кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилаётганлирини ўйланиб қоласан киши. Бу ишлар уларнинг қилмишларидан бир парча холос. Теран фикрли, ақли расо инсон ҳулосани ўзи чиқариб олавeради. Сўзимни, биринчи юртбошимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги мазмундаги сўзлари билан тамомламоқчиман: “Бўлди энди, бизнинг улуғ Ислом динимиз номидан иш қилишни бас қилинглар!».
Рахимов Учқун
Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий – маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари.