Мақолалар

Умра ибодати тартиби

Эҳром ўрамоқчи бўлган одам тирноқларини олиши, мўйловини қисқартириши, аврати ва қўлтиғини тозалаши мустаҳаб. Сўнгра таҳорат ёки ғусл қилади. Ғусл қилмоқлиги афзал. Кейин эҳром кияди. Агар топа олса хушбўйланади. Сўнгра икки ракаъат намоз ўқийди. Ва қуйидагича тият қилади:

اللهم اني أريد العمرة فيسرها لي وتقبلها مني

Эй Аллоҳ мен умрани ният қилдим уни менга осон қилгин ва мендан уни қабул қилгин

Сўнгра намози ортиданоқ талбия айтади. Талбия:

لبيك اللهم لبيك لبيك لا شريك لك لبيك ان الحمد والنعمة لك والملك

لا شريك لك

Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарика лака лаббайк, иннал ҳамда ван ниъмата лака вал мулк, лаа шарика лак.

Ният қилиб, талбия айтган инсон эҳромга кирган ҳисобланади. Энди у аҳлига яқинлик ва унга ундайдиган нарсалардан, гуноҳ- маъсиятлардан ва ҳамроҳлари билан талашиб-тортишишдан сақланиши лозим. Эҳромдаги киши кўйлак, шалвар, чакмон, салла, дўппи ва маҳси киймайди. Чунки Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам эҳромдаги инсон юқоридагиларни кийишидан қайтарганлар. Сочи ва баданидаги туклардан бирор нарсани олмайди. Аллоҳ таолонинг: (Қурбонлик ўз жойига етмагунича, сочингизни олдирманг)(Бақара сураси 196 оят) сўзига биноан. Усфур билан бўялган кийим киймайди. Чунки у хушбўйланишга киради. Бошини ва юзини ўрамайди. Чунки Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: Эркакнинг эҳроми бошидадир, деганлар.  Хушбўйланмайди, сочи ва сақолини хитмий билан ювмайди ва ёғламайди. Қуруқликдиги овни ўлдирмайди ва унга ишора ҳам, далолат ҳам қилмайди.  Аллоҳ таолонинг: (Эҳромдалик ҳолатингизда овни ўлдирманг)(Моида сураси 95 оят) сўзига биноан. Унга бурга, бит, пашша, илон, чаён, сичқон, бўри, қарға, калхат ва бошқа йиртқичларни ўлдириши жоиз. Қушларни тухумини синдирмайди. Чунки бу овга киради. Ҳарамнинг дарахтларини кесмайди.

Балиқ овлаши жоиз.  Аллоҳ таолонинг: (Денгиз ови сизга ҳалол қилинди)(Моида сураси 96 оят) сўзига биноан. Туя, мол, қўй, товуқ ва ўрдак каби хонаки ҳайвонларни сўйиши жоиз. Ювиниши ва ҳаммомга кириши, уй ёки чодирда сояланиши, белига ҳамён боғлаши, душман билан уришиши жоиз. Намозлар ортидан, тепаликка кўтарилганида, водийга тушиб келганида ёки йўловчиларга йўлиқганида ва саҳар пайтлари талбияни кўпайтиради.

Бошқа шаҳарлар каби Маккаи мукуррамага ҳам кечаси ёки кундузи киришини зарари йўқ. Маккага кирганидан кейин зиёратини масжидул ҳаромдан бошлайди.Маккаи мукаррамага кираётганида қуйидаги дуони қилиши мустаҳаб:

اللهم هذا حرمك ومأمنك، قلت وقولك الحق <(ومن دخله كان آمنا)(آل عمران 97)> اللهم فحرم لحمي ودمي على النار، وقني عذابك يوم تبعث عبادك

Эй Аллоҳ бу сенинг ҳараминг ва омонлик берган маконинг. “Кимки унга кирса омонликда бўлади ” дегансан, сенинг сўзинг ҳақ. Эй Аллоҳ мени гўштим ва қонимни жаҳаннамга ҳаром қилгин. Бандаларингни қайта тирилтирадиган кунингда мени азобингдан сақлагин.

Ялангаёқ юриши зарар бермаса Масжидул ҳаромга ялангаёқ кириб боради ва ушбу дуони ўқийди:

بسم الله وعلى ملة رسول الله، الحمد لله الذي بلغني بيته الحرام،اللهم أدخلني أبواب رحمتك ومغفرتك وأدخلني فيها، وأغلق عني معاصيك وجنبني العمل بها

Аллоҳнинг исми билан ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларида бошлайман. Ўзининг ҳарам уйига мени етказган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Эй Аллоҳ менга раҳматинг ва мағфиратинг эшикларини очгин ва мени ундан киритгин. Маъсиятинг эшикларини менга ёпгин ва унга амал қилишдан мени узоқ қилгин.

Каъбаи муаззамага кўзи тушиши биланоқ такбир ва таҳлил айтади. Ушбу дуони қилиши мустаҳаб:

الله أكبر الله أكبر، اللهم أنت السلام ومنك السلام، حينا ربنا بالسلام وأدخلنل دار السلام، اللهم زد بيتك الحرام هذا تشريفا ومهابة وتعظيما، اللهم تقبل توبتي وأقلني عثرتي، واغفر لي خطيئتي يا حنان يا منان

Аллоҳ улуғдир, Аллоҳ улуғдир. Эй Аллоҳ сен Саломсан ва салом сендандир. Эй Роббимиз бизни саломатлик билан қайта тирилтиргин ва саломатлик диёрига бизни киритгин. Эй Аллоҳ бу ҳаром байтингни шарафини, ҳайбатини ва улуғлигини яна ҳам зиёда қилгин. Эй Аллоҳ мени тавбамни қабул қилгин ва камчиликларимни авф қилган. Эй меҳрибон, раҳмли зот мени хатоларимни ўзинг мағфират қил.

Тавофни ҳажарул асваддан бошлайди уни ўпади ва такбир айтади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам шундай қилганлар. Икки қўлини намоздаги каби кўтаради. Бирор мусулмонга озор бермайдиган бўлса ҳажарул асвадни ўпади. Азият берадиган бўлса уни истилом қилади. Истилом қўли ёки бирор нарса билан ҳажарул асвадни силаб, сўнгра уни ўпишидир. Истиломга ҳам қодир бўлмаса, ишора қилади. Чунки мусулмонга озор бермаслик вожиб, ҳажарул асвадни ўпиш ва истилом қилиш эса суннат. Вожибни қилган авлодир. Ҳажарул асвадни истилом қилаётганида ушбу дуони қилиши мустаҳаб:  

الله أكبر الله أكبر، اللهم ايمانا بك، وتصديقا بكتابك، ووفاء بعهدك، واتباعا لنبيك، أشهد أن لا الاه الا الله وحده لا شريك له، أشهد أن محمدا عبده ورسوله، آمنت بالله وكفرت بالجبت والطاغوت

Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ улуғдир. Эй Аллоҳ сенга иймон келтирган, китобингни тасдиқлаган, аҳдингга вафо қилган ва Пайғамбарингга эргашган ҳолимизда бошлаймиз. Аллоҳдан ўзги илоҳ йўқ эканлигига, унинг шериги йўқлигига гувоҳлик бераман. Ва Муҳаммад соллоллоҳу аълайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Росули эканлигига гувоҳлик бераман. Аллоҳга иймон келтирдим, ботил илоҳлар ва тоғутни инкор қиламан.

Тавофни эҳромини изтибоъ қилиб олган ҳолатида ҳажарул асваддан, Каъбаи муаззамани эшиги тарафидан бошлайди. Изтибоъ бу эҳромини ридосини ўнг қўлтиғи остидан чиқариб, чап елкасига ташлаб олишидар. Ҳатимни ортидан етти маротаба тавоф қилади. Аввалги учта тавофида рамл қилади. Сўнгра қолганларида оддий ҳолатда юради. Ҳар сафар ҳажарул асваднинг олдидан ўтганида истилом қилади. Тавофни истилом билан тугатади. Рамл бу икки элкасини силкитиб виқор ва салобат билан юриш. Унинг сабабимушрикларга ўзидаги бардошни кўрсатиб қўйиш. Чунки улар саҳобалар ҳақида, уларни ясриб безгаги заиф қилиб қўйган дейишган эди. Шунда Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: “Ўзидаги бардошни зоҳир қилган одамга Аллоҳ раҳм қилсин” дедилар. Сабаб кетган бўлса ҳам бу ҳукм бизнинг бугунги кунимизгача мерос бўлиб қолди.Тавофни аввалида ва охирида ҳажарул асвадни истилом қилиш суннат. Ўртадагилари эса одобдир. Рукнул Яманийни истилом қилиш суннат. Уни ўпмайди.  Бошқа рукнларни истилом қилмайди. Чунки Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам фақатгина ҳажарул асвад ва рукнул Яманийнигина истилом қилар эдилар. Рукнул Ироқийга етганида шундай дуо қилиши мустаҳаб:

اللهم إتي أعوذ بك من الشرك والكفر والنفاق وسوء الأخلاق

Эй Аллоҳ мен сендан ширкдан, куфрдан, мунофиқликдан ва ёмон ахлоқлардан паноҳ сўрайман. Мизобга етганида:

اللهم اسقني بكأس نبيك محمد شربة لا اظمأ بعدها

Эй Аллоҳ мени Пайғамбаринг соллоллоҳу аълайҳи васалламнинг косаларидан суғрогинки, ундан кейин ҳеч қачон чанқамай. Деб дуо қилади. Рукнул Шомийга етганида:

اللهم اجعله حجا مبرورا، وسعيا مشكورا وذنبا مغفورا، وتجارة لن تبور برحمتك يا عزيز يا غفور

Эй Аллоҳ буни мабрур ҳаж, машкур саъай, кечирилган гуноҳлар  ва ҳеч қачон касодга учрамайдиган тажорат қилгин. Эй Азиз, Эй Ғофур раҳматингни умид қиламиз. Рукнул Яманийга етганида:

اللهم إني أعوذ بك من عذاب القبر وفتنة المحيا والممات

Эй Аллоҳ мен сендан қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитналаридан паноҳ сўрайман. Деб дуо қилади.

Сўнгра мақоми Иброҳимда, ёки масжидул ҳаромда ўзига муяссар бўлган жойда икки ракаъат намоз ўқийди. Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам: Тавоф қилувчи ҳар етти тавофи учун икки ракаъат намоз ўқисин, деганлар. Икки ракаъат намоздан кейин шундай дуо қилади:

اللهم هذا مقام العائذ من النار, فاغفر لي ذنوبي إنك أنت الغفور الرحيم

 Эй Аллоҳ бу жаҳаннамдан паноҳ сўровчининг мақомидир. Мени гуноҳларимни кечиргин, албатта сен гуноҳларни кечирувчи раҳмлисан. Сўнгра яна ҳажарул асвадни истилом қилади. Чунки Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам икки ракаъат намоздан кейин ҳажарул асвадни истилом қилгалар. Ва Сафога масжидул ҳаромнинг қайси эшигидан ҳоҳласа чиқади. Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васалламга эргашган ҳолида сафога яқин бўлган Бани Махзум эшигидан чиқиши мустаҳаб. Кейин Сафога кўтарилади ва Каъбага юзланган ҳолида икки қўлини кўтариб такбир ва таҳлил айтади ва Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васалламга саловотлар айтиб, ўзини ҳожатларини сўраб дуо қилади. Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам шундай қилганлар. Чунки сано ва саловотдан кейинги дуо ижобатга яқиндир. Сўнг одий ҳолатда Марва тамонга тушиб келади. Яшил чизиққа етса, кейинги яшил чизиқдан ўтгунича саъай қилади. Сўнгра Марва тамонга юриб боради ва Сафода қилган ишини такрорлайди. Пайғамбар соллоллоҳу аълайҳи васаллам шундай қилганлар. Бу битта саъай бўлади. Биз сифатлаганимиздай етти марта саъай қилади. Саъайни Сафодан бошлаб Марвада тугатади. Сафога чиқаётганида шундай дуо қилиши мустаҳаб:

باسم الله، والصلاة والسلام على رسول الله صلى الله عليه وسلم، اللهم افتح لي أبواب رحمتك وأدخلني فيها

Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Росулуллоҳ соллоллоҳу аълайҳи васалламга солату саломлар бўлсин. Эй Аллоҳ раҳматинг эшикларини менга оч ва мени ундан киритгин. Сафода шундай дейди:

الله أكبر الله أكبر، لا إلاه إلا الله وحده لا شريك له، له الملك وله لاحمد، يحيي ويميت وهو حي لا يموت، بيده الخير وهو على كل شيء قدير، لا إلاه إلا الله، ولا نعبد إلا إياه، مخلصين له لادين ولو كره الكافرون، لا إلاه إلا الله أهل التكبير والتحميد والتحليل، لا إلاه إلا الله وحده، أنجز وعده، ونصر عبده، وهزم اللأحزاب وحده، فله الملك وله الحمد، ويسئل حوائجه؛

Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ улуғдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, унинг шериги йўқ. Барча малк ва жами ҳамду-сано Аллоҳнинг ўзигагина хосдир. У ўлдиради ва қайта тирилтиради Унинг ўзи абадий тирик, ҳеч қачон ўлмайди. Яхшилик Унинг қўлида ва У барча нарсага қодирдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, динни унга холис қилган ҳолимизда Ўзигагина ибодат қиламиз. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ . У такбир, таҳмид ва таҳлил айтилишига ҳақлидир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ваъдасини рўёбга чиқарди, бандасига ёрдам берди ва аҳзобларни ёлғиз ўзи мағлуб қилди. Мулк ва Ҳамд унинг ўзигагагина хосдир. Сўнгра Аллоҳдан ҳожатларини сўрайди. Сафодан тушаётганида шундай дейди:

اللهم يسر لي اليسرى، وجنبني العسرى، واغفر لي في الأخرة واللأولى

Эй Аллоҳ менга енгилликларни муваффақ қилгин, қийинчиликлардан узоқ қилгин ва мени дунёда ва охиратда мағфират қилгин. Саъай вақтидада:

رب اغفر وارحم، وتجاوز عما تعلم، إنك الأعز الأكرم

Эй  Роббим Аллоҳ мени кечир ва менга раҳм қил. Ўзинг билган гуноҳларимдан ўт, албатта Сен энг улуғ ва мукаррам зотдирсан.

سبحان الله، والحمد لله،  ولا إلاه إلا الله، والله أكبر؛

Субҳаналлоҳ, валҳамда лиллаҳ, вала илаҳа илоллоҳу валлоҳу акбар. Калимасини кўп қайтаради. Марвада ҳам Сафодаги каби дуо қилади.

Сўнгра сочини олдириб, ёки қисқариб эҳромдан чиқади. Тавофни бошлаётганда талбияни тўхтатади.[1]

 

 

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме  масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

А. Собиров.

 

 

[1] Имом Абдулллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ал-Мавсулий ал-Ҳанафий. Ал-ихтиёр литаълилил-мухтор. 1- жуз, Ҳаж китоби 153-160-бетлар. Байрут.  Дарул кутубул иълмийя 1998й.

 

Read 2505 times

Мақолалар

Top