Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш улкан гуноҳдир

Инсон  ўзига  берилган  барча  илохий  неъматларга  доимо шукр  қилиб,   ҳаётда  дуч келадиган  хар  қандай  синов, қийинчилик, муваффақятсизлик,   мусибатларга  сабр  қилиши  ва  Аллоҳ  таолонинг  раҳматидан  доимо  умидвор бўлиб  яшаши  лозим.   Турли шайтоний  васваса,   тушкунлик  ва  умидсизликка  берилмай,   инсон  деган  улуғ  номга мувофиқ  иш  тутиши  керак. Шунга  қарамай,   кейинги  вақтда  жамиятимизда  айрим  кишилар  билиб  билмай,   айниқса,   хотин  қизлар  ўзларининг жонларига  қасд  қилиб,   Аллоҳ  таоло  ато  қилган  ҳаёт  нурини  бевақт  ўчиришга, ва дўзах  азобига  дучор  бўлишдек  оғир  гунох  қилишга  ўтмоқдалар.     

Динимиз  таълимотида  инсон  ўз  жонига  қасд қилиши  қаттиқ  қораланади,   ушбу  ишни  қилган  осий  банда  жаҳаннам  ўти  билан  азобланиши  таъкидланади.

Имом  Бухорий  ривоят  қилишларича,   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: 

“Аллоҳ таоло  хадиси  қудсийда  мархамат  қилади:   “Бандам  ўзини  ўзи  ўлдириб,   менинг  унга  берган  умримга шукр  қилмай, шошилди.  Шунинг  учун  унга  жаннатни  абадий  ҳаром  қилдим”. Ушбу  хадиси  қудсий  мазмунига  кўра,   ўзини  ўзи  ўлдирган   банда  жаннатдан  абадий  махрум  қилинар  экан. Бу  мудхиш  холатлар  Аллоҳ  таолонинг  қазою  қадарига  туғён  қилишдан  иборатдир.   Ўзини  ўзи  ўлдириш  Аллох таоло  ҳузурида  энг  оғир  гунохлардан  бўлиб,  шу  йўл  билан  ўлганлар,  юқорида  айтилгандек, охиратда  хам  оғир аъзобга  қолишади  хамда  ота  оналарини  хам  оғир  мусибатга  солиб  қўйишади.  

Аллоҳ  таолога шукрки,   биз  –  мусулмонлар  инсон  учун  ҳамма  ҳаёт шароитлари  тўлиқ  мухаё  қилинган фаровон жамиятда  яшамоқдамиз.   Биров  бировнинг хақ ­хуқуқини  камсита  олмайди.   Бундай  адолатли  жамиятда  яшаш  айни саодатдир.   Бинобарин,   бизнинг  ватанимизда  ўзини  ўзи  ўлдиришга  ҳеч  қандай  сабаб  йўқ. Баъзи  кимсалар  ўзини  портлатиш  билан  гўё  “шаҳидлик”  мақомига  сазовор  бўлишни иддао қиладилар,   аммо  улар ўзларининг  бу  ғайриинсоний  ҳаракатлари  билан  қанчадан  қанча  бегуноҳ  инсонларнинг  қони  тўкилишига,   майиб  ­ мажруҳ  бўлишларига  сабаб  бўладилар.   Ислом  таълимоти  бундай  ҳолатни  кескин  қоралайди  ва  бегуноҳ  бир инсонга  қилинган  тажовуз  деб  билади.   Бундай  қабиҳ  ишни  қилган  кимса  бу  дунёда  ҳам,   қиёматда  ҳам  азоб уқубатда  қолади,   деб  таъкидлайди.

Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар эълон қилганлар. Шунингдек, фиқҳ китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.

Жорий йилнинг 27 июл куни муҳтарам Президентимиз иштирокида жиноятчиликни олдини олиш бўйича бўлиб ўтган видеоселекторда таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати содир бўлган. Шундан ярми вафот этган. Охирги икки ҳафта ичида 79 та шундай ҳодиса рўй берди. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида бир она ўзини икки фарзанди билан каналга ташлаб юборган. Ўзи омон қолган, лекин икки фарзанди ҳалок бўлган. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бир аёл ўз уйини ёқиб юборган, оқибатда болалари ҳалок бўлган. Бир аёл поезднинг тагига чақалоғи билан ўзини ташлаган.

Юқоридаги мудҳиш воқеалар ҳар қандай мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солмай иложи йўқ. Сабрсизлик эса, ана шундай оқибатларга олиб келишлигини воқеълик кўрсатмоқда.

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят килинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар  “Ким ўзини бирор бир нарса билан ҳалок қилса, ўша нарса билан азобланади”.

Динимизда, ўзини ўзи ўлдириш қаттиқ қораланиб, ҳар бир тирик жон саломатлиги кафолатланган. Жумладан, бир одамни ноҳақ қатл этишдан, ўз жонига қасд қилишдан қайтарилган. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” (Нисо, 29).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаром ишларни содир этиш орқали мўминларни бир-бирларини ўлдиришдан, молларини ботил йўл билан ейишдан қайтарди. Аллоҳ буюрган ва қайтарган ишларда одамлар учун раҳмат бордир. Аллоҳ бандаларига меҳрибон Зотдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у заҳарини қўлида тутган ҳолида, жаҳаннам оташида абадул абад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирган бўлса, у темирни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадул абад ўша темирни қорнига санчиб туради», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифдан нафақат бошқа бировни, балки ўзини ўзи ўлдириш ҳам мумкин эмаслиги келиб чиқади. Исломда инсон жони алоҳида қадр қийматга эга. У жон қандай жон бўлишининг фарқи йўқ. Ҳар бир инсон яшаш ҳаққига эга. Инсонни бу ҳақдан ҳеч ким маҳрум эта олмайди.

Аллоҳ  таоло  ҳар  бир  бандасига  ато  этган умр  неъматларига шукр  қилишга  ва  синов  учун  етган  мусибатларга  сабр қилишни  насиб  айласин!

 

Рахимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари.

Read 3436 times

Мақолалар

Top