Мақолалар

Оятни эшитиб вафот этган ака

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَبَدَا لَهُم مِّنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ

«Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур» (Зумар сураси, 47-оят).

Хўш, бу оятнинг тафсирида уламоларимиз нималар дейишган?

Имом Муқотил раҳимаҳуллоҳ “Улар қайта тирилтирилганларида дунёда ўзларининг хаёлларига келтирмай қилган нарсалари (хатолари) охиратда бошларига тушиши маълум бўлди” деганлар.

Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ “Улар бир қанча амаллар қилиб, уни ҳасанот (яхшиликлар) деб ўйлаган эдилар. Охиратда эса ўша амллари ёмонлик экани маълум бўлади” деб тафсир қилган эканлар.

Имом Суддий раҳимаҳуллоҳ “Улар яхшилик деб ўйлаган нарсалари аслида ёмонлик экани маълум бўлиб қолади” деганлар. Яъни баъзи инсонлар “Бизни Аллоҳга яқинлаштиради” деб бут-санамларга ибодат қилиб юргандилар. Охиратда эса бу ишлари абадий азобга дучор қиладиган иш экани маълум бўлади.

Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ “Уларга ўша куни, ўзлари учун тайёрлаб қўйилган Аллоҳнинг азоби борлиги зоҳир бўлади. Улар мазкур азоблар тайёрлаб қўйилганини ўйламагандилар” деб тафсир қилганлар.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ “...хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалари...”ни “Дўзахга киришлари” деб тафсир қилган эканлар.

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ “Риё аҳлига вайл бўлсин! Риё аҳлига вайл бўлсин! Бу улар ҳақидаги оят ва уларнинг охиратдаги қиссаларидир” деган эканлар.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ “Уларга Аллоҳнинг азоби, иқоби бор бўлиб, улар буни ўйлаб ҳам кўрмаган, хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар” деб тафсир қилган эканлар.

Кимдир ота-онасига оқ бўлиб, кейинчалик буни унутиб юборган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг қилмишини унутмайди! У кимса “Аллоҳ менинг ўша гуноҳимни унутган” деб ҳаргиз ўйламасин!

Кимдир бир инсонни гуноҳга бошлаган ёки яхшиликдан қайтарган бўлса, кейинчалик бу ишини унутиб юборган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг қилмишларини ҳаргиз унутмайди! У кимса “Аллоҳ менинг ўша гуноҳимни унутган” деб ҳаргиз ўйламасин! 

Кимдир ака-укасига, опа-синглисига ёки бирор инсонга зулм қилиб, кейин буни унутиб юборган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг жиноятларини унутмайди! У кимса “Аллоҳ менинг ўша гуноҳимни унутган” деб ҳаргиз ўйламасин!

Кимдир кибр қилган, ҳасад қилган, ёлғон гапирган, риё қилган, ўзини катта олган, одамларга қўпол гапирган, бировни урган, кимнидир ҳақорат қилган бўлса-ю, буларни унутиб юборган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг бу ишларини ҳаргиз унутмайди! У кимса “Аллоҳ менинг ўша гуноҳимни унутган” деб ҳаргиз ўйламасин!

Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида қаттиқ безовта бўлган эканлар. У кишидан бунинг сабабини сўрашганда, юқоридаги оятни эслатиб туриб, “Ўзим ўйламаган нарса охиратда менга зоҳир бўлишидан қўрқаман” деган эканлар.

Оят билан боғлиқ бир қиссани келтирсак:

Абу Исҳоқ Саълабий айтадилар: «Баъзи китобларда ушбу воқеани ўқидим: «Муҳаммад ибн Мункадирнинг акаси бир қорининг:

وَبَدَا لَهُم مِّنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ

«Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур» оятини тиловат қилаётганини эшитди ва «Ҳааҳ» дедию, шу заҳоти вафот этди».

Инсон қилаётган ҳар бир амалини, айтаётган ҳар бир сўзини назорат қилиб, кузатиб бориши ва ўзини-ўзи тез-тез тафтиш қилиб туриши лозим.

Бу борада ушбу ҳадисларни келтирсак:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللهِ لَا يُلْقِي لَهَا بَالًا، يَرْفَعُ اللهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللهِ لَا يُلْقِي لَهَا بَالًا يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда Аллоҳ рози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради да, шу сабабли Аллоҳ уни даражаларга кўтаради. Банда Аллоҳ норози бўладиган гапни арзимас санаб гапиради да, шу сабабли жаҳаннамга қулайди».

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ الْعَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالْكَلِمَةِ مَا يَتَبَيَّنُ فِيهَا، يَزِلُّ بِهَا فِي النَّارِ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الْمَشْرِقِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитганман: «Банда бир гапни аниқламай гапириб қўяди да, шу сабабли дўзахнинг машриқ (ва мағриб) оралиғидан ҳам узоқроқ жойига тойилиб, қулайди».

Демак, ҳар биримиз тилимизга эҳтиёт бўлайлик! Гуноҳлардан узоқ турайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳозимжон тайёрлади

 

 

Read 2751 times

Мақолалар

Top