Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: Ҳазрати Фотима бинти Хаттоб розияллоҳу анҳо

Мусулмон уммати орасидан мўминларга ибрат ўлароқ яшаб ўтган солиҳа аёллар кўпчиликни ташкил этади. Аммо, улар орасида шундай бир муслима борки, шайтоннида қўрқувга сола олган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зотни Исломга киришларига сабабчи бўлганлар. Бу Ҳазрати Фотима бинти Хаттоб розияллоҳу анҳодир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали очиқ даъватга чиқмаган пайтлар эди. У зотга иймон келтиришга мушарраф бўлганлар сони эндигина ўн кишига етиб қолган эди. Иймон билан илк шарафланганлардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг синглиси Фотима бинти Хаттоб розияллоҳу анҳо эди.

Фотима розияллоҳу анҳо Саъд ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан оила қурган ва иккаласи ҳам мусулмон бўлган эди. Саъд ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳаётлик давридаёқ жаннат билан башоратланган ўн саҳобанинг биридир. Эру хотин биргаликда ибодат қилар, Қуръон ўқишар ва ўрганишар эди.

Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо билан эри Саъд Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлига фидойи бўлган бир вақтда, Фотима розияллоҳу анҳонинг акаси Умар у пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига  душман сановчи, қалбини жаҳолат зулмати қоплаган бир кимса эди.

Қаттиқ исканжа ва зулм ичида ҳам мусулмонларнинг сони кун сайин ортиб бораётганидан бошқа мушриклар қатори Умар ҳам қўрқув ва ҳайрат шунингдек ғазабда юрарди. Макка аҳли нима қилиб бўлса-да, мусулмонларнинг йўлини кесишни ўйларди.

Ниҳоят, улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш ҳақида тўхтамга келди. Ўзларича режа тузишди. Умар ҳам уларнинг ичида эди. Бу қабоҳатли ишни шу Умар бўйнига олди. Унинг қувватига, қатъийятига, жасоратига ишонганлар ўзларича: “Масала ҳал бўлди”, дея олдиндан ҳукм чиқариб қўйишди.

Умар ибн Хаттоб дарҳол йўлга тушди. Қўлида ўткир қилич. Қарангки, Аллоҳ таоло йўлда қариндоши Нуайм ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни йўлда унга рўбарў қилди...

Умарнинг ниятидан хабардор бўлган Нуайм уни бутунлай фикридан қайтаролмаса-да, йўлни бошқа тарафга буриб, муддатни узайтиришнинг уддасидан чиқди: синглиси Фотима ва куёви Саъднинг мусулмон бўлганини айтиб, уни қаттиқ ғазаблантирди.

Ҳазрати Ҳаббоб розияллоҳу анҳудан Қуръон ўрганишаётган эр-хотин Умар келганини билиб, муаллимларини ва Мусҳаф саҳифаларини яширишди. Сўнг эшикни очишди. Лекин шайтон Умарни тобора қаттиқ васваса қилар, ғазабини ўт олдирар эди.

— Мен сизларнинг Муҳаммад келтирган динда эканингизни биламан, — деди Умар ва куёви Саъдни калтаклай кетди. Фотима розияллоҳу анҳо эрини жоҳил акасининг қўлидан қутқармоқчи бўлганида, унинг ҳам юзига ғазабнок қувватли мунг зарбаси тушди ва ёриб юборди. Кўзига ўлим кўриниб тургани ҳолда, Фотима Умарга бундай деб ҳайқирди:

— Сен аёл кишини уришдан уялмайсанми? Тўғри, биз мусулмон бўлдик. Аллоҳ ва Расулига иймон келтирдик. Биз ишонамиз-ки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг элчисидир. Энди қўлингдан келганини кил!

Фотима розияллоҳу анҳонинг бу сўзлари важоҳатли, жоҳил Умар олдида ўзига ўлим ҳукмини чиқариш билан баробар эди. Аммо, Аллоҳнинг иродаси ва ҳикматини кўрингки, бу қаҳрамонлик Умарнинг кўнглига ўзгариш солди. Синглиси Фотиманинг қонталаш, лекин жасорат балқиб турган юзи Умардек бағритош кимсанинг қалбини титратди, унинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлди, қилмишига пушаймон этиб, уни юмшатди.

Орадан бир оз ўтиб, Умар секингина шундай деди:

— Боя сизлардан эшитганларимни менга ҳам беринглар, бир кўрай.

Мусҳафга нисбатан ҳурматда бўлишни талаб қилган ҳолда Фотима розияллоҳу анҳо жавоб берди:

— Акагинам, сен ҳозиргача Аллоҳга шерик туттанинг учун нопок бир ҳолатдасан. Ҳолбуки, бу Китобга фақат покиза инсонларгина қўл теккиза оладилар. Тур, олдин поклан!

Умар ғусл қилди. Кейин унга Қуръондан Тоҳа сурасининг баъзи оятлари ёзилган саҳифаларни беришди. Умар уларни ўқиб, чуқур ўйга толди. Юзида, кўзида ҳидоят нурлари “Бу қандайин шарафли, қандайин улуғвор калом! Бундан-да гўзал, бундан-да ширин сўз бўлиши мумкин эмас!”

Умарнинг қалби юмшаганини кўриб, Ҳазрати Ҳаббоб розияллоҳу анҳу ҳам яширинган жойидан чиқдилар. Кейин тўртовлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузури муборакларига боришди. У ерда Умар калимаи шаҳодат келтирди, ва ... энди биз севган Умар розияллоҳу анҳуга айланди ва Ислом учун яшашни бошлади.

Ҳазрати Фотиманинг розияллоҳу анҳо жасорати Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу каби бир зотнинг исломият билан шарафланишига сабаб бўлди. Зеро, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг умри давомида қилган яхшиликлари ҳеч бир камайтирилмасдан Фотима бинти Хаттоб розияллоҳу анҳонинг ҳам амал дафтарига ёзилган бўлса не ажаб...

Фотима розияллоху анҳо эри Саъд розияллоҳу анҳу билан бирга Ясрибга ҳижрат қилди. Умрининг сўнгги нафасига қадар фазилатли ҳаёт кечирди. Акасининг халифа бўлганини, мамлакатни адолат билан идора қилганини кўриш бахтига муяссар бўлди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Аллоҳ таолонинг даргоҳи сари риҳлат килди.

Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин. Муслима опа-сингилларимизга ҳам Фотима бинти Хаттоб розияллоҳу анҳоникидек хислатлар насиб этсин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2552 times

Мақолалар

Top