Мақолалар

Фотиманинг ҳам қўли кесилади ёхуд Исломда коррупцияга йўл йўқ!

Ислом дини жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришни ҳамиша диққат марказига қўйгандир. У ўзининг бу олий мақсад йўлида халқ орасидаги барча жабҳадаги иллат ва камчиликларнинг олдига қатъий тўсиқлар қўйган. У ҳар қандай ишни жорий қилишда ўзининг ҳикматли йўли – бир иллатдан қайтарса, унинг муқобилида бир неча тўғри ва савобли амалларни таклиф этади. Зеро, инсон табиати ҳамиша қайтариққа дуч келаверишни хушламайди. Шунинг учун қайси бир йўл ёки таълимотда буйруқдан қайтариқ кўп бўлса, унинг эртанги куни таназзулдан бошқа нарса бўлган эмас.

Ислом динида қайтарилган иллатлардан бири коррупциядир. Бу сўзнинг араб тилидаги луғавий шакли “فساد”, “رشوة” бўлади. Бу сўзлар коррупция маъносига қўшимча равишда "бузилиш", "низом-тартиб бузилиши" ва "айниш" каби маъноларни ҳам англатади.

Коррупциянинг истилоҳий маъноси “Ҳақли бўлмаган ҳолда бирор нарса ёки ишни ўз фойдасига ҳал қилишга уриниш”дан иборатдир. Маълумки, ҳар бир атаманинг луғавий ва истилоҳий мазмуни орасида ўзаро боғлиқлик бўлади.  Дарҳақиқат, бу сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маъноларида ҳам ўзаро боғлиқлик мужассам: яъни, бу ишга фақат ва фақат инсоний табиати бузилган, табиатида айниш-эврилиш пайдо бўлган кишиларгина қўл урадилар!..

Афсуски, баъзи пасткаш кимсалар бу разил ишнинг номини “ўзбекчилик” деб атаб, ўзининг бу беписанд таъбири билан бутун ўзбек миллати номига ўчмас доғ тушираётганини, наҳотки англамайдилар?!

Бу иллатнинг боиси нафсини қондириш учун “самимий таниш-билиш ва ака-укачилик”ка қўл уришдан ўзга нарса эмаслиги ҳаммага маълум. У доимо адолат мезони оёғига болта урган, жамиятда тенгсизлик урчишига асосий қўштирноқ ичидаги “омил” бўлгани сир эмас. 

Таниш-билишчиликка Исломнинг муносабати қандай?

Бу саволга жавобни саҳобалар ҳаётида бўлиб ўтган айнан шунга ўхшаш воқеага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муносабатларидан билиб оламиз:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Қурайш қабиласини бани Махзум уруғидан ўғрилик қилиб қўйган бир аёл (Фотима бинт Абул Асад) нинг жазоланиш масаласи ташвишга солиб қўйди. Улар (ўзаро маслаҳатлашиб): “Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ким гаплашиб кўради?”, дедилар ва “Буни фақат ва фақат бир киши – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг суюкли (набирасидек суюкли) кишиси Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу журъат қилиши мумкин, деган хулосага келдилар. Сўнг Усома бу борада у зотга сўз очмоқчи бўлган эди, у зот “Эй Усома, Аллоҳнинг ҳад (аниқ жазо тайинлаган ўрин)ларидан бирида орага туш(иб, у жазони бекор қилишга урин)моқчимисан?!”, дея дарғазаб бўлиб, ўринларидан турдилар ва (барча саҳобалар қаршисида), хутба қилиб: “Сизлардан олдинги умматлар (бани Исроил – яҳудий миллати)нинг ҳалокатига сабаб бўлган нарса (иллат) шу эдики, уларнинг орасидан бирор обрўли киши ўғирлик қилса, уни тек қўйишар (жазога тортмас), мабодо, заиф-бечораҳол киши ўғирлик қилиб қўйса, унга муқаррар жазони қўллар эдилар. (Яъни, айнан шу адолатсизлик, таниш-билишчилик ва коррупцияга берилишлари ўз бошларига уларни дунё саҳнасидан йўқ қилувчи илоҳий жазо-ҳалокатга гирифтор қилган!). Аллоҳга қасамки, (мен ҳаргиз бундай адолатсизликка йўл қўймайман. Яъни ўғрилик қилиб, сизлар уни ҳимоя қилмоқчи бўлаётганингиз – Абул Асаднинг қизи Фотима эмас, фаразан), агар Муҳаммаднинг қизи (ўз жигарим, суюклигим) Фотима ўғирлик қилса, сўзсиз, унинг қўлини ҳам кесаман(яъни агар мен сизнинг таклифингизга кўра, адолатсизликка йўл қўйсам, Аллоҳнинг улкан жазосига мубтало бўлишдан қўрқаман. Шунинг учун мен ўз яқинимнинг бу дунёдаги ҳимояси учун ҳам адолатсизликка қўл урмайман. Зеро, киши яқинига ёрдам бериш учун ноҳақликка қўл урса, ўша яқин кишиси ҳам уни Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг жазосидан қутқара олмайди, Аллоҳ таоло “Бу бандам менинг ҳукмимни яқин қариндошини қутқариш ёки унга ёрдам бериш учун бузган эди, деб жазодан озод қилмайди)!”, дедилар (Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).

Исломнинг коррупцияга қарши муносабати ва муросасиз экани бутун мусулмон умматига ўрнак-намуна бўлган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур адолатли қарорларида нақадар гўзал акс этганини жонли гувоҳ  бўлган саҳобалар бундан ўзларига тегишли хулоса чиқариб, ҳақли бўлмаган киши томон чўзилган “ёрдам қўллари” ҳам кесилишга маҳкум эканини англаб етдилар ва бу қилмишларига пушаймон бўлиб, дарҳол истиғфор айтиб, тавба қилдилар.

Шу воқеа мисолида сўзимизга хулоса қилсак, Ислом ўғриликдан қайтариш муқобилида ҳар бир кишини, гарчи ўтин териб сотиш каби ташқи кўринишидан жуда паст даражадаги касб бўлса ҳам, ундан орланмай, балки бировнинг мулкига кўз олайтириш эвазига кун кечириш ўрнига Аллоҳдан ўзгага эҳтиёжини изҳор этмай, ўзини иффатли тутиб, Аллоҳ таолога таваккул қилган ҳолда ҳалол-пок ризқ томон астойдил саъй-ҳаракат қилишга чақиради.

Кимдир бор имкониятини ишга солиб, ҳалол-пок яшаш қасдида тер тўкишига қарамай, Аллоҳнинг тақдири ўлароқ, иши юришмай, қўли калта-камбағал бўлиб қолса, энди Аллоҳ таоло иккинчи муқобил вариант қилиб, бой-бадавлат кишилар зиммасига – бундай покдомон кишиларга кўмак учун – закот беришни фарз этган.   

Коррупция иллатининг ҳар соҳада кўзга ташланувчи турлари бўлгани каби, унинг ҳар соҳадаги муқобил муолажаси ҳамда коррупцияга сарфлаш эвазига эга бўлинадиган гуноҳларни – ўша харажатни – ақлли тасарруф қилиб, тўғриликка йўналтириб, уни савобга айлантириш йўллари асло қуриб қолган эмас!

Биргина мисол келтирсак, олий таълим тизимига ўқишга кириши учун ўрта таълимда чала ўқиган, балки ўқиш ўрнига мардикорлик қилиб ишлаган фарзанд имтиҳондан “аъло”га ўтишига беғараз “ёрдам” беришга узатилган кўмакчи қўлларга “ҳадя” тутқизишдан тоймаётган ота-оналар шу маблағларини фарзанди мактабда сифатли таълим олишига қулай шароит яратишга, у етарли бўлмаса, репититор ёллаб ўқитишга йўналтирсалар, имтиҳон вақти салоҳиятли бўлмаган фарзандларига фалончи нокас ёрдам бера олармикан, эртага мандат доскасидаги рейтинги қай аҳволда чиқар экан, деб юрак ҳовучлаб хавотир олиш ўрнига ҳақиқий аълочи боласини имтиҳонга кузатиб, натижасидан хотиржам бўлмасмидилар?! Бу каби мисолларни ҳамма билади. Лекин муаммо бошқа нарсада... муаммо ичимизда, билганимизга амал қилмаслигимизда, Аллоҳ таолонинг савобига умидворлигимиз, жазосидан хавфимиз ўта кам эканида... аслида бундан катта фожеа ва ҳалокат бўлмаса керак?! Бежизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Исроил-яҳудий қавмларининг ҳалокатига бу иллат сабаб бўлганига урғу бермадилар! Демак, бу Муҳаммадий умматга нолойиқ сифат экан!.. Аллоҳ таоло барчамизни бу иллат ва фожеадан сақласин.

 

Баҳодиржон БАҲРОМЖОН ўғли

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Read 3053 times

Мақолалар

Top