Мақолалар

Эркаклар кўпроқ қўрқади... 

Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!

                                                                                          (Нисо сураси, 1- оят) 

Ер юзида ҳали-ку инсон, ҳатто, иккита бир хил тош ҳам мавжуд эмас. Айниқса, осмондан ўйнаб-ўйнаб тушаётган миллиард, триллионлаб қор зарраларига эътибор беринг-а. Ҳаммаси турлича шаклга эга! Бу шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикмати ва қудратидан дарак беради.

Ҳар бир инсон ягона ва такрорланмас. Аммо инсоний ранг-баранглик ичида кўзга яққол ташланувчи тафовут бор: эркаклар ва аёллар ўртасида фарқ. Икки жинс вакилининг нафақат ташқи тузилиши, ҳатто, ички аъзолари ҳам анча-мунча фарқли. Масалан, модда алмашинуви жадаллиги, нафас олиш ва юрак уриши тезлиги, қон таркиби ва ҳоказо.

Ишонинг! Биз чиндан ҳам бошқа-бошқамиз...

Қуйида келтириладиган маълумотлар айни шу борада ўтказилган кўплаб тадқиқотларга асосланган.  

Аввало, шуни маълум қиламизки, ушбу мақолада эркак ва аёлларнинг “ўртача” типик вакили ҳақида гап боради. Яъни, орамизда масалан, эркакларга хос феъл-атворга эга аёллар ҳам, ёки аксинча, аёлларга хос жиҳатлари мавжуд эркаклар ҳам йўқ эмас. Шу боис, қуйидаги маълумотлар “нормал” эркак ва аёл мисолида олинган.

БИОЛОГИК ТАФОВУТЛАР. XIX асрда антрополог Боид томонидан 2000 одамнинг бош мияси ўрганилган. У 7-14 ёшдаги ўғил болаларнинг бош мияси 1622, қиз болаларники 1473 граммга тенглигини аниқлаган. Бош миянинг ривожланиш чўққиси аёлларда 20-30 ёшга ва 1565 граммга, эркакларда эса 30-40 ёшга ва 1721 граммга тўғри келади. Антрополог Г.Плосснинг ҳисоб-китобларига кўра, 20-60 ёшлардаги аёлнинг бош мияси шу ёшдаги эркакнинг бош миясидан 126-164 граммга, 60-90 ёшларда эса 123-158 граммга енгилдир. Бугунги тадқиқотлар эркакнинг бош миясидаги ҳужайралар сони аёлникидан 4 миллионга зиёд эканини қайд этади. Бир нарсани эсда сақлаш даркор, бош миянинг оғирлиги ёки катталиги эркакнинг аёлдан ақлли, иқтидорли эканини билдирмайди, аммо улар аёл ва эркак ўртасидаги фарқларни, ўзига хосликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун бош миянинг тузилиши инсоннинг ҳаёт тарзига, фикрлашига қанчалик таъсир этмасин, аёл ва эркак ўртасидаги фарқларни, ўзига хосликларни аввало инсонлар ўртасидаги фарқлар, ўзига хосликлар сифатида қабул қилиш ўринлидир.

ЭРКАК КЎЗЛАРИ БИЛАН, АЁЛ ҚУЛОҚЛАРИ БИЛАН СЕВАДИ. Идрок борасида эркаклар учун нимани кўраётгани асосий ўринда туради. Аёлларда эса сўзни қабул қилиш – асос. “Эркак кўзлари, аёл қулоқлари билан яхши кўради”, деган ибора бежизга айтилмайди.

АЁЛНИНГ ГУМОНИ ЭРКАК ИШОНЧИДАН КУЧЛИ!

Эркак вазиятга умумий баҳо берса, аёл ўз эътиборини икир-чикирларга қаратаркан. Шунинг учун аёлнинг кузатувчанлик қобилиятини юқори қўйишади. Айнан шу икир-чикирларга эътибор аёл интуициясида қўл келади. Аксарият ҳолларда аёлнинг сезувчанлиги унга панд бермаган. Агар у: “сезишимча, унинг ҳаётида бошқа кимдир бор” деса, 90 фоиз ҳолларда ҳақ бўлиб чиқаркан. Гарчи ҳеч қандай исбот-далил бўлмаса ҳам. Шундай машҳур ибора бор: “Аёлнинг гумони эркакнинг ишончидан кучли”.

Яна, аёл суҳбатдошининг қандай гапиришига эътибор беради, эркак нима ҳақда гапираётгани билан қизиқади. Руҳшунослар аёлни “юрадиган радар станцияси” деб атайдилар, чунки аёлда ташқи сигналларни қабул қилиш қобилияти кучли ривожланган. Аёл қайси томондан шивир-шивир келаётганини, қайси хонадон ёғ куйдираётганини адашмай айтиб беради. Агар хонадонига бегона аёл кирса, у дарров сезади, эри ўзга аёл билан саломлашган, кўришган бўлса, шу куни оилада тинчлик йўқ.

КИМ  КИМНИ АЛДАЙДИ?

Аёллар инсоннинг мимикаси – қўл ҳаракатлари, кўз қарашларига қараб нима деяётганини тез ва осон англай олади. Шунинг учун эркакнинг аёлни алдаши жуда қийин. АЁЛ ЭСА ЭРКАКНИ ОСОНГИНА АЛДАШИ МУМКИН. Жуфтини алдай олишига ишонувчи кучли жинс вакилларининг ҳафсаласини пир қилмоқчимиз: аёлингиз ўз шубҳа-гумонлари ҳақида гапирмаса, бу унинг ҳеч нимадан хабари йўқлигини билдирмайди. Кўп ҳолларда аёл вазиятни мураккаблаштирмаслик учун ҳам жим юради.

 “...МАКРИ ҚИРҚ ТУЯГА ЮК”

Германияда бир ярим минг нафар эркак ва шунча аёл қатнашган тажрибада ёлғон сўзлашда аёллар устун келганлар. Эркаклар тортиниб, тутилиб, гапини эплолмаган бир пайтда аёллар китоб ўқигандай бемалол, назокат билан ёлғонни шариллатаверганлар.

КЎРИШ. Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ майдонни кўра олишади. Эркакларнинг кўриш майдони энсиз, бироқ узун. Яъни, эркак шкафдан ўз пайпоғини топа олиши жуда қийин, аммо жуда узоқдаги бинони кўра олади. Аёл чап–ўнгга ва баланд-пастга 45 градус ҳудудни аниқ-тиниқ кўриш қобилиятига эга. Булар – шахсий фикрлар эмас, балки олимлар олиб борган илмий изланишлар натижаси.

Исталган эркакни ҳеч бўлмаганда бир марта бошқа аёлга суқланиб қараганликда айблашади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, аслида аёллар эркакларга кўпроқ қарарканлар.

ЭШИТИШ. Аёллар эркакларга қараганда яхшироқ эшитадилар. Боз устига аёллар товушларни турли хил категорияларга бўлишади ва уларнинг ҳар бирини тўлалигича илғай оладилар. Натижада, биров билан гаплашаётган аёл ёнидагиларнинг гапларини ҳам оқизмай-томизмай эшитиб туради.

Аёлларга шунчаки, суҳбатлашишнинг ўзи кифоя бўлса, эркаклар учун суҳбатнинг мазмун-моҳияти муҳимроқ. Эркаклар маълумотларни маълум тартиб ва кетма-кетликда қабул қилишга мойил. Шу сабабли, бирорта вазифани бажаришда бутун эътиборини шунга қаратади. Масалан, эркак севимли жамоаси иштирокидаги футбол ўйинини диққат билан томоша қилаётган вақтда, аёл унга ўзининг сўнгги янгиликларини сўзлаши беҳудадир.

Идрок қилиш тезлиги бўйича аёллар эркакларни сезиларли даражада ортда қолдиришади. Масалан, улар эркакларга нисбатан тезроқ ўқиб, майда тафсилотларгача ифодалаб бера олади. Шунингдек, аёлларнинг эслаб қолиш қобилияти ҳам кучли!

Аммо эркак касб-корига, ишига тааллуқли хабарни, маълумотни осонроқ ёдлаб қолади.

СОҒЛИҚ. Эркак қон айланиш тизимида тахминан 4-5 литр, аёлда эса 3-6 литр қон мавжуд. Кучли жинс вакилларининг қони кислородга кўпроқ тўйина олгани боис, уларнинг организми анча чидамлидир. Шунга қарамай, улар қондан қўрқади, аёлларга нисбатан дардга чидамсиз бўлади. Эркаклар аёлларга нисбатан 2-3 баравар кўпроқ касал бўлиб қолишдан қўрқишаркан. Аммо шу билан бирга, улар шифокорлар қабулига аёллардан 4 баравар камроқ қатнар экан.

МУНОСАБАТ. Аёл кўпроқ одамларга эътибор қаратади, эркак эса уларни ўраб турган муҳитга. Масалан, бирон-бир зиёфатдан қайтган хотиннинг хотирасида асосан қайси аёл нима кийиб келган, қайси бири эри билан ажрашяпти ёки ажрашиш арафасида, кимнинг тақинчоғи қимматбаҳороқ, деган маълумотлар ғужғон ўйнайди. Эркакнинг хотирасида эса фақат синган чироғ-у, сувоғи ўпирилган ёки бўёғи кўчган девор қолади, холос.

Аёл туғилган кунларни, тўй ёки маросимлар ўтказиладиган саналарни ҳеч эсидан чиқармайди. У фарзандлари ва невараларининг неча кило туғилгани-ю қандай нохушликларни бошидан кечирганини-да унутмайди. Эркак нафақат фарзандлари ва невараларининг, ҳатто ўзининг туғилган кунини ҳам гоҳо эсидан чиқаради.

РУҲИЯТ. Аёлнинг серҳис, сертуйғу жинс экани унинг йиғлашида ёрқин намоён бўлади. Аёл эркакка нисбатан тез-тез кўз ёш тўкиб туради. У арзимаган баҳона ёки гапдан ҳам таъсирланиб ашкига эрк бериши мумкин. Аёл йиғлаганида ён-атрофдагиларда ҳамдардлик уйғотишга интилади, чунки у ашклари билан мақсадига етиши мумкинлигини билади. Унинг қарғашлари, нолалари, фарёдлари ҳар қандай бағритош кишининг дилини юмшатади, ғазабидан туширади ва ён босишга мажбур қилади. Эркак жаҳли чиққанида бақириши, сўкиши, ҳатто мушт кўтариши мумкин, лекин у имкон қадар бегоналар олдида йиғлашдан ўзини тияди. У йиғлашни заифлик белгиси деб билади, шунинг учун ҳам у йиғлаган ўғил болага ҳамдардлик, меҳрибонлик кўрсатавермайди, балки, аксинча, уни кучли, довюрак бўлишга чақиради. Ўғил болалар йиғлоқи тенгқурини мудом мазах қилишади, қиз болалар эса уни юпатади, ёнини олади.

Эркак фақатгина ўта ожиз қолганида кўзига ёш олади, лекин уни бировга билдирмайди. У дардини ичига ютиб, сассиз йиғлайди, ён-атрофдагиларда ҳамдардлик уйғотиш унинг хаёлига келмайди. Эркак йиғлаганини изтироб, ўкинч билан эслаб юради, аёл эса беш дақиқадан кейин унутади.

Руҳшунослар аёл ва эркакларга йиғлаётган гўдак суратини кўрсатиб, гўдак нимани истайди, деб сўрашган. Аёл-респондентларнинг 70%дан зиёди, эркак-респондентларнинг эса атиги 10% тўғри жавоб берган. Демак, аёл кишиларнинг ҳис-туйғулари, ички кечинмалари ва истакларини яхши билади. Айниқса у фарзандлари билан боғлиқ ҳодисаларни, психологик омилларни тез илғайди, уларнинг сабабларини дарров топади.

ҲОРДИҚ. Аёл ва эркакнинг дам олишида, бўш вақтларини ўтказишидан ҳам ўзига хосликлар мавжуддир. Эркак хордиқ олаётган пайтда ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолади, аёл эса ҳатто тушида ҳам эшитади.

Дам олаётган эркак миясининг фаоллиги 70 фоизга пасайиб кетади. Хотин киши ҳордиқ чиқараётганда эса, унинг ақлий фаоллиги 10 фоизга камаяди, холос. Шу туфайли қўшниникида сўри ғирчилласа, эркакнинг хурраги унга ҳамоҳанг янграйверади, бироқ бу “шовқин” аёлни бемалол ақлдан оздириши ҳам мумкин. Аёл сасни, товушни аниқ эшитади ва уларнинг қайси томондан келганини тўғри топади. У гўдагининг йиғисини эшитса дарров уйғониб кетади, эркак эса хуррак отиб ухлайверади.

Юқоридаги маълумотлар олимларнинг тадқиқот натижалари холос. Бизларнинг қандай эканлигимизни, сурату сийратдаги фарқларимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган ва Ўзи билгувчироқдир.

        

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 7453 times

Мақолалар

Top