Мақолалар

Эркак ва аёл ўртасидаги тафовутлар... (давоми)

ФАОЛИЯТ. Эркак таваккал қилади, хатоларга йўл қўяди, нималарнидир кашф этади, нималаргадир эришади. Аёлнинг вазифаси эса ана шу эришилган ютуқ ва эволюцион муваффақиятларни асраб-авайлашдан иборат. Шу боис, аёллар анча-мунча иккиланувчи ва пассив ҳисобланади. Эркаклар аёллар сингари бир пайтнинг ўзида бир неча ишни бажаролмайдилар. Аёллар хос гормони бўлмиш эстроген бош мия ярим шарлари ўртасида кўплаб боғланишларнинг ҳосил бўлиши учун имконият яратади. Бош мия яримшарлари (ўнг ва чап мия) ўртасида уларни яхлит орган сифатида ишлашини таъминлайдиган қисм мавжуд. Аёлда ушбу қисм эркакникига нисбатан 30%га қалин, зиёддир. Демак, аёл миясидаги операциялар тез содир бўлади, шу боис аёл бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажаради: овқат пишира туриб боласини кийинтиради ёки бешик тебратади, кўча супураётиб қўшни аёл билан суҳбатлашади, телевизор кўраётиб кир ювади ёки тугма тақайди, нон, тузга чиқиб, албатта, кийим ёки чинни дўконига киради ва ҳоказо. Аёллар радио эшитиш, лабларини бўяш, телефонда гаплашиш каби “майда-чуйда”ларнинг ҳаммасини бир пайтнинг ўзида – бирданига бажариб ташлайверадилар. Аёлнинг тез ва кўп гапириши, сасни яхши эшитиши, ташқи бегиларни узоқ эслаб қолиши, тилни ўрганишга мойиллиги ҳам “мозолистое тело”нинг қалинлиги туфайлидир.

Эркак кишининг мияси эса фақат бир фаолиятни бошқаришгагина қодир. Унинг бош мияси ўзига ёки асосий касб-корига яқин нарсаларни ўрганишга, ёдлаб қолишга мослашган. Эркак телевизор кўраётганида ёки китоб ўқиётганида бешик тебратиши, ошхонадан ўтаётганида қайнаётган сувдан чой дамлаши, чўмилаётганида пайпоғи ёки ички кийимларини ювиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Газета ўқиётган ёки футбол кўраётган эркак хотинининг кечаги зиёфатдан олган таассуротларини эшитолмайди.

БИЛИМ ОЛИШ. Мактаб партасида ўғил болаларга қараганда аълочи қизлар доимо кўпроқ бўлишади. Аммо юқори синфларга келгач, ўғил болалар билим борасида қизларни “қувиб етишади” ва ўтиб ҳам кетишади. Бу, маълум вақтга келгач, қизларнинг ақли сусаяди, дегани эмас. Бунинг сабаби – аёл руҳияти билан боғлиқ. Балоғатга яқинлашган қиз боланинг дунёқараш ва қадриятлари ўзгара бошлайди. У энди билим олишдан кўра, тўплаган тажрибаларидан унумли фойдаланишни афзал била бошлайди. Тўғри-да, ўзи қийналиб билим ўргангандан кўра, билимдон ва “аълочи” болани ўзига “бўйсундиргани” тузукроқ эмасми? Шунинг учун қизлар гап-сўз билан битадиган касб-кор (ўқитувчилик, котибалик, ҳамширалик ва б.) танлаши кенг тарқалган ҳолдир, ўғил болалар эса, улғайгани сайин билим  билан бирга, қўл меҳнатини талаб этадиган ҳунарни эгаллашга ҳам интилишади. Ўғил болаларнинг суҳбат мавзулари йилдан-йилга ўзгариб борса, аёлларда бу нарса унчалик сезилмайди.

ИҚТИСОД. Эркак пул тўплашни, хотин эса сарфлашни ёқтиради. Аёл пулдан фойдаланишни хуш кўрса, эркак пулнинг ўзини хуш кўради. Жамғарилган маблағ эркак кишининг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шундай бир нақл бор: аёл чиндан ҳам эрини миллионер ва ундан ҳам... баттар қилиши мумкин. Агар эри – миллиардер бўлса.

ГАП. Суҳбат чоғида аёллар имо-ишора ва мимикани кўпроқ ишлатишади. Улар суҳбатдошни тинглашдан кўра, тушунишга интиладилар. Ўз истакларини шаъма орқали изҳор этишни яхши кўришади. Эркаклар эса тўппа-тўғри “мақсадга ўтишади”.

Кўп гапириш кўп нарсаларни билиш аломати эмас, кам гапиришга салоҳиятнинг йўқлиги деб қарамаслик лозим. Аёл табиатан кишилараро муносабатларни, мулоқотни ёқтиради, ундаги майдагаплик, фисқу фасодга берилиш ҳам шундандир. Эркак қўл меҳнати, куч билан бажариладиган вазифалар, ишлар билагини, фикрини, ақлини чархлашини билади. У кўп гапиришдан кўп тер тўкишни афзал кўради. Агар қиз болага қўғирчоқ совға қилсангиз, у қўғирчоқни кийинтиради, сочини тарайди, аллалайди ва у билан тинмай гаплашади, ўғил бола эса унинг ичида нима борлигини билиш учун қисмларга ажратади, ҳатто уни сувга босиб ўзининг зўрлигидан қувонади. 

Эркак кишининг мияси куннинг охирида барча маълумотларни қайтадан таҳлил қилишга ва зарурларинигина сақлаб қолиб, қолганларини унутишга қодир. Аёл бундай қилолмайди. Аёл ўз муаммолари ҳақида қайғуришни бас қилиш учун... уларни бировга гапириб бериши керак. Шунинг учун, аёл бир кунда 30 мингта сўзни айтишга эҳтиёжманд, эркакка эса 4 мингта сўз ҳам етиб-ортади. Аёл “ўзини босиб олиши” учун имкон қадар кўпроқ гапиргиси келса, эркакка тинчлик зарур бўлади, холос. Мазкур қонуният кўпинча ўзаро тушунмовчилик ва жанжалларга сабаб бўлиши – чатоқ. Энг ёмони, аёл кишининг гапиришга бўлган эҳтиёжи энг авж  паллага чиққан пайт – бу тун.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим”, дедилар. Улардан бир гапга уста аёл:

“Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?” деди.

“Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим”, дедилар.

СИР САҚЛАШ. Эркаклар бировларга ўз сирини айтишдан кўра, ўзгаларнинг сирини сақлашни афзал биладилар. Аёллар эса бунинг ғирт тескариси. Тўғри, улар сир сақлашади. Бироқ ўша сир камида 10-12 киши ўртасидаги “сир” бўлади.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлгандан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир”(Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

ҲАРАКАТЛАР. Агар аёлни чақиришса, у фақат бошини ўгириб қарайди, эркак эса бутун гавдаси билан ўгирилади. Бирон нимани отмоқчи бўлган аёл қўлини ён томонга эмас, орқа томонга қараб силтайди. Аёл бирон гапни эшитишни хоҳламаса, қулоғини бармоғи билан беркитади, эркак эса кафти билан. Бирон ниманинг жавобини тезроқ топиш учун аёл ҳеч қачон бошини қашламайди, чунки соч турмагини бузиб қўйишдан қўрқади.

КЎЗГУ. Эркак ўз ташқи кўринишини баҳолаш учунгина ойнага қарайди. Аёлга эса бунинг учун кўзгу шарт эмас. У магазин витринасига, деразага ёки машинанинг ялтироқ капотига қараб ҳам ўз кўринишини таҳлил қилиб кетаверади.

УЙДАН ЧИҚИШ. Агар эркак “кўчага чиқиш учун тайёрман” деса, бу унинг кўчага чиқиши учун фақат оёқ кийимини кийиши зарурлигини англатади. Хотин киши томонидан айтилган худди шу гапдан эса, унинг кўчага чиқиши учун бош ювиши, кийимларни дазмоллаши ва табиийки, яхшилаб бўяниши зарурлиги тушунилади.

Маймуна бинт Саъд розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Қайси бир аёл уйидан хушбўйланиб чиқса, сўнгра унга эркаклар қараса, то уйига қайтиб киргунча Аллоҳнинг ғазабида бўлади”.

ИШДА. Мутахассислар фикрига кўра, аёл кишининг мияси жамоат ишларини ечишдан кўра, оилавий масалаларни ҳал қилишга мослаб яратилган. “Аёлларнинг 80 фоиз ақли бошқалар билан шахсий муносабатларига қаратилган бўлади. Агар уйда эркак иш ҳақида ўйлаётган бўлса, аёл киши эса иш жойида ҳам шахсий ҳаётини кўпроқ ўйлайди. Унинг барча интеллекти ўзининг шахсий ҳаётини қуришга қаратилган бўлади. Бошқа нарсаларга унинг энергетикаси етмайди”, - деб ҳисоблашади мутахассислар.

Ҳақиқатдан ҳам ўзини энг ҳур ва озод деб биладиган аёллар сиёсат, иқтисод ҳақида эмас, балки ишқ, муҳаббат ҳамда шахсий муносабатлар ҳақидаги китоблар, кинолар ҳақида суҳбат қуришни афзал кўрадилар. Турли соҳаларда олима ёки ўқитувчи бўлган аёллар, кўпинча зиммаларида шу вазифани бажариш “масъулияти” борлиги туфайлигина адо этишлари сир эмас. Шуни назарда тутган бўлса керак, хорижлик бир олим шундай ёзган: Аёлнинг энг асосий “касби ва мансаби” – яхши рафиқа ҳамда она бўлишдир...

КИЙИМ-КЕЧАК. Аёл киши магазинга чиқиш, телефонда гаплашиш, овқат тайёрлаш, китоб ўқиш, ахлатни тўкиб келиш каби юмушларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида кийинади. Эркак эса, аксарият ҳолларда, ўзининг доимий кийимини тўй ёки аза муносабати билангина алмаштиради.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Нур сураси 31-оятида шундай марҳамат қилади:

Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”.        

ДИД. Эркакни ўзининг ташқи кўриниши кўпинча қониқтиради (энди, Худо бергани-да, шунисига ҳам шукр). Аёллар учун эса, ўз ташқи кўриниши – муҳокама учун доимий мавзу, деса бўлади! 

Дидларга келганда, аёнки, эркаклар аёлларни ёқтиришади. Аёлларга эса кўпроқ содда нарсалар ёқади, масалан, эркаклар.

ХУЛОСА: Эркак ва аёлларнинг руҳияти ва хатти-ҳаракатларига маданият даражаси ва тарбия ҳам таъсир кўрсатади, албатта. Бундан ташқари, ҳар бир жамиятдаги мавжуд муҳит ҳам эркак ва аёлнинг феъл-атворини кўп жиҳатдан белгилаб беради. Икки жинсга оид хусусиятлар турли мамлакатларда турлича эканлиги ҳам шу сабаблидир.

Шунга қарамай, бутун инсониятнинг умумий тасаввурларига кўра, эркак – кучли, ақлли, мард ва масъулиятли бўлмоғи лозим. Ўта сергап ёки кўнгли бўшлик ҳам эркакка ярашмайди. Эркакдаги кучли ҳимоячи, ишбилармон ва уддабуронлик каби сифатлар ҳамма жойда қадрланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кучли мўмин Аллоҳ учун кучсиз мўминдан яхшироқ ва севимлироқдир. Уларнинг иккисида ҳам яхшилик бор. Сен ўзингга фойдали нарсага интил. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз қолма. Агар бошингга бирон мусибат тушса, “агар бундай қилганимда мана бундай бўларди”, дема. Балки “Аллоҳнинг тақдири экан, У Зот нимани хоҳласа, ўшани қилади”, дегин. Зеро “агар”(сўзи) шайтон амалини очиб беради” (Муслим, Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Аёл эса ширинсўз, меҳр-шафқатли, эътиборли, мулойим, ўз яқинларига ғамхўрлиги, турмушнинг ҳар жабҳасида эрига яқин кўмакчи ва ҳамкор эканлиги билан қадрлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг энг яхшиси унга қарасанг сени хурсанд қиладиган, (бирон ишга) буюрсанг итоат этадиган, унга тегишли бирон қасам ичсанг, қасамингни бузмасликка ёрдам берадиган ва кўчага чиққанингда уйда иффатини ва сенинг мол-мулкингни асраб-авайлайдиган аёлдир», деб айтганлар.  (Насоий ва Аҳмад ривояти)

Булар – барча эркак ва аёллар учун андоза, намуна хусусиятлар, дейиш мумкин. Ёки, икки жинс хусусиятлари ана шундай фарқланишини миллатидан қатъий назар, ҳамма одамлар истайдилар. Аммо, “андоза”га амалда ҳеч ким тўлиқ юз фоиз мос тушмайди. Яъни, ҳар ким у ёки бу қусурлардан буткул холи эмас. Хотинчалиш эркаклар ва эркакшода аёллар ҳам ҳаётда афсуски, анча-мунча...

ЭРКАК ВА АЁЛ. Умумийлик ва ўхшашликлар шу ернинг ўзидаёқ барҳам топади. Эркак ва аёлни ҳатто, бошқа-бошқа биологик турга мансуб, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Бинобарин, “эркак ва аёллар тенглиги”ни даъво қилувчи айримларга шу далилнинг ўзи етарли эмаслиги қизиқ. Наҳотки тенгсизликни тенглаштириб бўлса?!

Эркак ва аёл – умумий тананинг икки таркибий қисми, дейиш мумкин. Турлича (гўёки “плюс” ва “минус”) бўлган ҳолда, ўзимизга ҳаётий зарур бўлган “иккинчи ярми”мизни ғайришуурий равишда қидираверамиз. Зеро, инсоният Аллоҳ таоло томонидан шундай “дастурланиб” яратилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аёлларга яхши панд-насиҳат қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Албатта, қовурғаларнинг қийшиқроғи юқоридагисидир. Агар уни тўғирлайман десанг, синдириб қўясан. Агар шундоқлигича ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Шунинг учун аёлларга яхши панд насиҳат қилинглар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Манбалар асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади 

Read 5539 times

Мақолалар

Top