Мақолалар

Ўзини салафий деб номлаб олган билан суҳбат

-Мен, салафийман!

-Ҳа, сен аввалги уч аср вакиллариданмисан? Ёшинг ҳам 1400 да а, шундайми?

-Йўқ, мен бошқа нарсани назарда тутяпман.

-Сен салафий деганда салафларни эмас, уларнинг тутган йўлларини айтмоқчимисан?

-Ҳа, шундай.

-Салафлар кечани икки ракат намоз билан ўтказарди ёки бир, уч, етти кечада Қуръони хатм қилардилар. Сенчи, сен қанча хатм қилдинг? Қанча рўза тутдинг (Рамазондан ташқари)? Қанча садақа қилдинг? Ва, ва, ва…?

-Йўғ-е, мен у даражада эмасман. Мен сен айтган нарсаларни назарда тутмадим.

-Бўлмаса, уларнинг манҳажига тақлид қилишни назарда тутдингми?

-Ҳа, мен айни шуни айтмоқчи эдим. Мақсадим шундай эди.

-Лекин улар бир қанча масалаларда ихтилоф қилишганку? (Бу сўзимга бир қанча мисоллар келтирдим). Шунда сен уларнинг қай бирига тақлид қиласан?

-Мен Китоб ва Суннатдан оламан.

-Барча мусулмонлар ҳам Китоб ва Суннатдан оладилар. Хўп, сен ўзингни улардан қандай ажратасан?

-Мен бидъат ҳисобланган мазҳабларнинг бирортасига тақлид қилмайман.

-Бўлмаса, фиқҳий ҳукмларни қаердан оласан? Ёки сен мужтаҳидмисан?

-Йўқ, мен салафлардан оламан.

-Қайси салафлардан оласан? Очиқла?

У ўзининг ҳозирги вақтдаги «шайхларини» номларини санаб кетди.

-Тўхта, улар салафлардан эмаску.

-Қандай улардан бўлмасин?

-Ундай бўлса, биз киммиз?

-…?

-Сен ва мана булар ҳижрий 14 асрда яшаётган кишилардансан. Салафлар эса учинчи аср эгаларидир.

-Сизлар қандай қилиб, салафга айланиб олдингиз? Табиийки, анавилар ҳам сен бидъат деб айтаётган мазҳабларнинг биридан илм олган, уларга тақлид қилади, улардан олади.

-Қандай? Бизни бошқа мусулмонларга ўхшаш деб ўйлаяпсанми?

-Ҳа. Чунки бирор киши Китоб ва Суннатни тўғридан-тўғри тушинишга қодир бўлмайди. Илло, ўша киши ўтган имомларни илмларини ўрганса, далил ва нассларнинг маъноларини тушунса ва улардан истинбот (ҳукм олиш) кайфиятини билса, ижмо, қиёс ва, ва, ва …ларни билса, кейин бўлади. Илм толиби ҳеч қачон ўтганларнинг илмидан беҳожат бўла олмайди.

-Лекин, мен салафийман!

-Сен салафий эмассан! Сен кимсан, биласанми?

-Кимман?

-Шофеъийлар кимлар?

-Улар фиқҳда имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийга эргашганлар.

-Ашъарийлар кимлар?

-Ақоидда имом Абулҳасан Ашъарийга эргашганлар.

-Хўп, ундай бўлса, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Наждийга эргашлар нима дейилади?

-Агар юқоридаги гапга қарасак, уларни ваҳобий, дейилади.

-Ана, сен ваҳобийсан! (Салафий эмассан).

-Бу бешинчи ёки олтинчи мазҳабми?

-Улар ўша вақтда инглизлар ёрдамида Усмонийларга қарши чиққан, усмонийларни ва уларни кофир демаганларни куфрда айблаган, улар билан уришган, қон тўккан, вайрон қилган, ҳажни тўхтатган, ҳожиларни ўлдирган ва …лардир. Ҳижоз, Яман, Миср, Шом, Миср ва Тунислик ҳамаср олимлар улар ҳақида гапирган ва раддиялар берганлар.

-Бунга далилинг борми?

-“Ад дурар ас сания”, “Тариху ибн Ғоннам” ва “Тариху ибн Бишр” китобларини ўқи. Булар ваҳобийларнинг китобларидир. У ушбу китобларни ўқиди.

-Ажиб! Қандай қилиб, “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб турган ҳожини кофир дейди? Нима учун, кофир деган даъвода уларнинг молларини олиб, ўзларини ўлдиради? Ахир буларни террорчидан нима фарқи бор?

-Сен қандай қилиб, ўзинг тарихини, фикрларини, ишларини ўқимаган, билмаган кишиларга ўзингни мансубман, дейсан?

-Улар ўз фикрларини ҳамма жойда эълон қилгани, телвединия, радио ва оммавий ахборот воситаларида шайхлари машҳур бўлгани ва китоблари бепул тарқатилгани мени алдабди.

-Бўлмаса, умматнинг аксари ҳисобланувчи жамоага қайтиб, уларнинг бирига айланмайсан?

-Ахир, мен салафийманку!

-Яхши, суҳбатни бошидан бошлаймиз. Ёшинг 1400 дами?…

Уринбаев Равшанбек
Манба: islaminstitut.uz

Read 3000 times
Tagged under

Мақолалар

Top