Мақолалар

Намоз буюк ибодат ва қувватдир!

Намоз буюк ибодатдир. Аллоҳ таоло намозни меърожда фарз қилган.

 

Роббимиз куннинг турли пайтларида намоз ўқишни биз бандаларига фарз қилган. Уйқудан турган одам тонгда бомдод намозини ўқийди. Хуфтондан сўнг тонггача заифлашган қувват бомдодда тўлдириб олинади. Бомдоддан сўнг заифлашган қувват кун қиёмдан бироз оққанда пешинда тиклаб олинади. Пешиндан кейин то қуёш ботишидан олдинги вақтгача кучсизланган қувват асрда тўлдирилади. Қуёш ботгач, инсон кундузидан кечга ўтгани, бошқача муҳитга кўчгани учун бу пайтда шом намозини ўқиб, қувватини тиклайди. Том маънода қоронғу тушгач, хуфтон намози ўқилиб, уйқу олдидан қувват тўлдириб олинади.

 

Тун ярмидан оққанда, уйқудан туриб таҳажжуд ўқишнинг фойдаси катта.

 

Банда ҳамма ухлаётганда уйғоқ бўлгани, ҳамма ғафлатдалигида сергак бўлгани, ҳамма уйқуда бўлганида у Аллоҳ таоло билан холи қолишни танлагани учун Аллоҳ таоло у бандасини яхши кўради ва юзига нур ато этади.

 

Валиллаҳил масалул аълаа (Аъло мисол Аллоҳникидир).

 

Бир муҳандис қурувчига ўзи қурган уйларни кунда беш марта кўрсатиб турилса, бир косибга ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини кунига беш бор текширтириб турилса, ўша бино ва маҳсулот яхши ишлайди.

 

Кун давомида беш маҳал намоз ўқийдиган инсоннинг иймони зарядланади, қувватланади, ибодат ва дунё ишларига қувват олади, қалби покланади, танаси енгиллашади, гуноҳлардан қутилади.  Намоз ўқийдиган инсон ўзини тетик, енгил ҳис қилиши ҳам шундан.

 

Зеро, Аллоҳ таолонинг зикри билан қалблар ором топади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

الَّذِينَ آمَنُواْ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللّهِ أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.) (Раъд сураси, 28-оят).

 

Намоз эса энг улуғ зикрдир.

 

Намоз ўқимайдиган инсоннинг иймони заиф, қалби кирланган, гуноҳлари елкасини эзиб юбораётган бўлади. Ундай инсон ўзини сиқилган, оғир ҳис қилади.

 

Аллоҳ таоло барчамизни намозни ўз вақтида, масжидда, жамоат билан адо этадиган бандаларидан қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2785 times

Мақолалар

Top