Мақолалар

Фарзандингизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланг!

Президентимиз Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида барча соҳалар, айниқса, коррупциянинг илдизига болта уриш, уни бутунлай йўқ қилиш борасида янги ташаббусни илгари суриб: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Лекин ўша вакцинани қаердан оламиз”, деган саволни ўртага ташлади.

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Ҳорис Муҳасибий ёшлик пайтларида хурмо сотадиган киши олдида ўйнаётган болаларнинг ўйинларини томоша қилиб турардилар. Бир пайт хурмо сотадиган киши қўлида бир қанча хурмо олиб чиқиб, Ҳорис Муҳасибийга: “Бу хурмолардан егин”, - деди. Шунда У зот: “Бу хурмоларни қаердан олдингиз?”- дедилар. Хурмо сотувчи: “Ҳозир бир кишига хурмо сотгандим, унинг хурмосидан тушиб қолди, шу хурмодан”, - деб жавоб берди. Ҳорис Муҳасибий: “У кишини танийсизми?” - деб сўрадилар. У киши “Ҳа”, - деди. Ҳорис Муҳасибий болаларга қараб: “Бу киши мусулмонми?” - дедилар. Болалар: “Ҳа”, - дейишди. Шунда Муҳасибий тез-тез юриб кетдилар. Хурмо сотувчи у зотнинг орқаларидан бориб маҳкам ушлаб: “Аллоҳга қасамки, нима демоқчи эканлигингни айтмагунингча, сени қўйиб юбормайман”, - деди. У зот: “Агар мусулмон бўлсангиз, хурмонинг эгасини топиб, уни рози қилиб қўйинг. Ўзингиз мусулмон бўлиб туриб, мусулмон болаларнинг луқмасини ҳаром билан таомлантирасизми?” Бу гапни эшитган хурмо сотувчи: “Аллоҳга қасамки, бундан буён тижорат қилмайман”, - деди.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз болаларимизга ёшлик чоғиданоқ ҳалоллик борасидаги тарбияни уларнинг онгига сингдира олишимиз керак. Шундагина биз юртбошимиз таъкидлаган даража эришак ажабмас.

 

Камолиддин АКБАРОВ,
Қўштепа тумани “Қорашбува” масжиди имом-хатиби

 

Read 2750 times

Мақолалар

Top