Мақолалар

Коррупцияга қарши курашишнинг 4 таъсир воситаси
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганини алоҳида таъкидланган эди.
 
Ўзбекистон 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди.
 
2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.
 
Мазкур қонунда берилган таърифга кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишни англатади.
 
Жаҳонда коррупция ҳолатларининг кўриниши ва тавсифи кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари томонидан юзлаб тадқиқотлар ўтказилган.
 
Айтиш жоизки, юртимизда коррупцияга қарши сиёсатни олиб бориш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб борилмоқда.
 
Мамлакатимизда “коррупция” сўзи ишлатилган 207 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд. Уларнинг барчасида ушбу сўз коррупцияга қарши курашиш мақсадида ишлатилган.
 
Президентмиз ўз лавозимига киришгандан сўнг имзолаган дастлабки қонунлардан бири ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бўлди (2017 йил 3 январь).
 
Фуқаролик жамияти институтлари иштирокида коррупцияга қарши жуда катта маърифий кураш, тадбирлар олиб борилмоқда. Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш мавзуларида ўқув дастурлари жорий этилди.
 
Давлат органларининг халқ билан мулоқот қилиш тизими йўлга қўйилди. Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамаси тизими ривожланмоқда.
 
Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланмоқда, давлат хизматчисининг ҳар бир ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ошкор этиб борилмоқда.
 
Коррупцияга қарши сиёсатимизни мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориш мақсадида нафақат республика даражасида, балки ҳудудларда ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар тузилди.
 
Давлат харидларини амалга ошириш борасида сифат жиҳатдан янги тизимга ўтилди. Хусусан, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун билан эса, давлат органининг хусусий шерикни танловга кўра саралаб олиш механизми жорий этилди.
 
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш мувофиқлаштирилади ва алоҳида назоратга олинадиган бўлди. Ҳатто, текширишларга мораторий ҳам эълон қилингани барчамизга маълум.
 
Давлат хизматчилари билан субъектив контактни минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида бу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали амалга оширилмоқда, ҳуқуқбузарликлар электрон рақамли воситалар орқали қайд этилмоқда.
 
Кўпгина давлат хизматчиларининг аҳоли билан муносабатлари камералар орқали кузатиб борилади, ҳатто, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари эндиликда “боди камералар” билан жиҳозландилар.
 
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ажратиш фақат электрон онлайн аукцион орқали амалга оширилиши тартиби жорий этилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат хизматчиларида коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш этиб белгиланди.
 
Шу билан бирга, Трансперенси Интернейшнл халқаро ташкилоти томонидан коррупцияга қарши кураш борасида дунё рейтингида Ўзбекистонга берган баҳоси йилдан йилга яхшиланиб бораётган бўлса-да, барибир бу кўрсаткичлар бизни қаноатлантирм айди.
 
Мурожаатномада таъкидланганидек, тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда. Коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтиш ҳамда ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида органни ташкил этиш таклиф этилди.
 
Бугунги кунда парламент аъзолари мазкур органнинг мақоми, унинг ваколатлари ва ҳисобдорлиги устида бош қотиришмоқда. Яъни, бундай орган ўз фаолиятини тўлиқ ва самарали олиб бориши учун, унда етарлича ваколат бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда, у ўзига юклатиладиган вазифаларни бажара олмайдиган “тишсиз” муассасага айланиб қолиши мумкин.
 
Шу билан бирга, назаримизда, бундай орган коррупцияни фош этиш, коррупцион схемаларни очиб ташлаш мақсадида тадқиқот олиб бориш имконига ҳам эга бўлиши лозим. Бироқ, масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Яъни, бундай органга чексиз ваколатларнинг берилиши, унда “гегемония” кўринишларини келтириб чиқармаслиги лозим. Шу сабабли, ваколатларнинг меъёрини аниқлашда, албатта, бу борадаги хориж тажрибаси, олимларнинг қарашлари ҳамда жамоатчилик фикри ҳам инобатга олишини лозим.
 
Президентимиз ўз Мурожаатномасида “коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”, дея таъкидлаб ўтдилар.
 
Албатта, биз “коррупцияга қарши иммунитет”ни ҳосил қилиш учун “коррупционер” ва унинг атрофини ҳам тозалашимиз, аниқроғи, коррупцияга шарт шароит яратувчи омилларни йўқотишимиз лозим.
 
Бизнингча, коррупцияга қарши курашиш учун қуйидаги 4 та таъсир воситаси баравар қўлланилиши керак.
 
Дастлаб, ҳалол ишлашни рағбатлантирувчи таъсир. Бунда: муносиб маош, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш, ҳалол инсонни юқори лавозимларга тайинлаш принципи татбиқ этилади.
 
Иккинчидан, коррупцияга шароит омилларини тўсувчи таъсир. Бунд давлат хизматларини ахборот-коммуникация технологиялари орқали кўрсатиб бориш йўли билан инсон омилини қисқартириш, ҳуқуқбузарликларни қайд этишнинг электрон тизими, давлат назоратини мақбуллаштириш, давлат хизматчиларини лавозимга тайинлашнинг танлов асосида ўтказилиши, давлат харидларининг белгиланган шаффоф тизимидан фойдаланиш ҳамда давлат хусусий шерикликнинг қонунда белгиланган қоидаларига риоя этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциоген нормаларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолияти учун бюрократик тўсиқларни бекор қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш кабилар муҳим роль ўйнайди.
 
Учинчидан, коррупцияга қарши маърифий таъсир. Бунда шахсда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, диний уламоларимиз томонидан коррупцияга қарши диний-маърифий даъват олиб бориш мақсадга мувофиқ.
 
Тўртинчидан, коррупцияга қарши назорат тизими. Бунда давлат органлари ва мансабдор шахслар устидан кучли жамоатчилик назорати, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, мансабдор шахсларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги, коррупцияни фош этиш борасида профессионал тадқиқот олиб бора оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда “журналистик текширув”лари, коррупция ҳолатларининг “латент” бўлиб қолишининг олдини олиш, коррупция учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланиши, коррупция йўли билан чиқарилган қарорларнинг бекор бўлиши, давлат органларида доимий равишда олиб бориладиган “коррупцияга қарши ички аудит” тизимининг самарали ишлаши талаб этилади.
 
Умуман олганда, коррупцияга қарши курашиш фақатгина давлат органларининг эмас, балки бу борада жамоатчиликнинг ҳам фаол иштирок этиши кутилган самарани беради.
 
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Read 3086 times

Мақолалар

Top