Мақолалар

Дунё фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган аллома

Жаҳон фан ва маданиятига кўҳна Хоразм улкан ҳисса қўшган. Ўрта асрларда бу ерда бир неча илмий мактаб, марказ ва академиялар фаолият юритиб, турли соҳаларда алломаларни тарбиялаган. Ана шундай алломалардан бири X асрда яшаб ижод қилган катта олим Абу Бакр ал-Хоразмийдир.

Буюк юртдошимиз ҳақида Абу Мансур Саолибий бундай ёзади: “Абу Бакр Хоразмий замонасининг энг даҳоси, адаб денгизи, наср ва назмнинг туғи, фазл ва идрок соҳиби бўлган. Араблар тарихи, жанглар ва девонларини чуқур билган ва ҳар қандай бўлимидан ва дурларидан мисол келтира оладиган даражада етук олим бўлган. Унинг рисолалар девони (Ар-Расоил) жилдларга ажратилиб кенг тарқалган”.

Абу Бакр Хоразмий луғат ва шеър ёдлашда замонасида тенгсиз бўлган. Бир ривоятга кўра, у киши Исфаҳонга ас-Соҳиб ибн Аббод ҳузурига кириш учун изн сўрайди. Шунда ас-Соҳиб ясовулларига араб шеъриятидан йигирма минг байт ёддан айтса рухсат берилишини айтади. Бунга жавобан аёл шоирлар шеърлариданми ёки эркакларникиданми, деб сўрайди. Буни ас-Соҳибга етказишганда Абу Бакр келибдида, деб ўзи пешвоз чиқади»[2].

Дарҳақиқат, аллома шеър илмида ҳақиқий қобилият эгаси ва араб адабиёти, грамматикаси ва тилшунослиги билимдони бўлган.

Тарихий манбаларда у кишининг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмий деб келтирилган. У Абу Бакр куняси билан машҳур бўлган. У зот “Табархазий” нисбаси билан аталган. Чунки у киши Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг опасининг ўғли бўлган.

Абу Мансур ас-Саолибийнинг “Ятимат ад-даҳр” асарида Абу Бакр ал-Хоразмийни асли табаристонлик, яшаб ўтган жойи Хоразм деб кўрсатилган.

Абу Бакр ал-Хоразмий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш натижасида у киши дастлаб таълимни она шаҳри Хоразмда эгаллаб, сўнг илм олиш мақсадида бошқа ўлкалар – дастлаб Сижистон, кейин Дамашққа борган. Бир муддат Дамашқда яшаб, Халабга йўл олган. Бу ерда машҳур Ҳамдамийлар амири Абулҳасан Сайфуддавла (944-967) саройида ҳизмат қилиб, сўнг Бухорога қайтиб келган. Кейинчалик Нишопурга кўчиб бориб, у ерда таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Қазвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Хакамийлар билан дўстлашган. Манбаларда ёзилишича, у киши Ироқ ва Шом олимларидан илм олган.

Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурда яшаган вақтда Абу Мансур ас-Саолибий билан танишади. Саолибийнинг “Йатимат ад-даҳр” асарида Абу Бакр ал-Хоразмийга юксак баҳо беради. Хоразмий вафотидан бир йил аввал Нишопурга кўчиб келган ва ҳиж. 383, милодий 993 санада ўша ерда вафот этган.

Абу Бакр ал-Хоразмий нафақат етук адиб, балки ўз даврининг қомусий олими сифатида шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир. Аллома илм-фаннинг турли соҳаларида қалам тебратган ва ўз даврида машҳур бўлган асарлар ёзган. Манбаларда Хоразмийнинг «Девон аш-шиър» («Шеърлар девони»), «Мажмуъа ар-расоил» («Мактублар тўплами») ва «Расм ал-маъмур мин ал-Билад» («Обод диёрнинг чизмаси») каби асарлар ёзганлиги қайд этилган.

Абу Бакр ал-Хоразмийнинг «Мажмуъа ар-расоил» (Мактублар тўплами) асари машҳур бўлиб, ушбу асар X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Унда Хоразмийнинг замонасидаги машҳур кишилар, амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга, ёзган хатлари жамланган. Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабаларга кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлашиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, тухфалар учун ташаккурга бағишланган.

Алломанинг илмий маънавий меросида машҳур асари «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» («Илмларга фойдали ва ташвишларни кетказувчи» китоб) нинг аҳамияти катта. Алломанинг мазкур асари илк марта 1903 йилда Саид Муҳаммад Хошим ҳомийлигида Дамашқда чоп этилган. Кейинчалик 1909 йилда Мисрда, 1911 йилда такроран Мисрда нашр этилган. Асар ўз даврининг энциклопедик манбаси нуфузига эга бўлган. Бу ҳақда асар муқаддимасида муаллифнинг ўзи: “Ушбу китобни турли диний ҳамда дунёвий масалаларда кишиларга фойдали бўлиши учун ёздим ва уни «Муфид ал-улум ва мубид ал-ҳумум» дея номладим”, деб ёзади.

Асардаги маълумотлар турли мавзуларга қаратилган бўлиб, улар муаллиф томонидан жуда аниқлик билан ифодаланган. Масалан, ислом динининг асосий беш аркони, тавҳид ва унинг моҳияти, олам ва инсоннинг яратилиши, нубувват ва унинг шартлари, турли диний-ахлоқий қоидалар, эсхотология масалалари, адашган диний фирқаларга раддиялар, инсондаги турли салбий иллатларнинг оқибатлари ва уларни муолажа қилиш усуллари, шунингдек, географик маълумотлар, ўлкашунослик масалалари, давлатни бошқариш сирлари ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олади. Хоразмий асардаги мавзуларни ёритишда шеърий қофиялардан ҳам фойдаланади.

Хоразмий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо бериб, у ҳақида қимматли маълумотларни келтирганлар. Аллома ижодининг аксарият қисми илм-фан, одоб-ахлоқ, адолат, ҳиммат, дўстлик каби муҳим ижтимоий масалаларга бағишланган бўлиб, уларда қўлланилган иборалар халқ ҳикматига айланиб кетган. Ватандошимизнинг асарларида ёритган ҳаётий-фалсафий, маънавий-маърифий фикрларини ўрганиш ва уни замонавий руҳда ривожлантириш бугунги кун ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамиятга эга.

Илҳом ЖУМАНИЁЗОВ,

Урганч тумани Қарри бобо масжиди имом-хатиби

 

Read 2534 times

Мақолалар

Top