Мақолалар

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар тараннум этилди

Жорий йил 19-20 февраль кунлари Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф доирасида Юртбошимиз Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Нуфузли тадбирда мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида нутқ сўзлаб жумладан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида бундай дедилар: “Азиз қардошлар! Биз илм-маърифатни кенг маънода тушунамиз. Шу сабабли юртимизда дунёвий таълим даргоҳлари билан бирга диний мактаб ва мадрасалар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси марказини бунёд этмоқдамиз.

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда бошқа фанлар қатори ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмлари чуқур ўрганилмоқда.

Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент Ислом маъҳади, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси сингари олий ўқув юртларида етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

Бу йил ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, ақида илмида мактаб яратган алломалар – Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийга бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказиш ниятидамиз. Шунингдек, улуғ аллома – насли-насаби туркиялик бўлган Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг, Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг таваллуд айёмларини, Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигини ҳам юқори савияда ўтказишни ният қилганмиз.

2020 йил Бухоро шаҳри – “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри – “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан жорий йил давомида мамлакатимизда бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилади. Туркиялик муҳтарам олиму уламоларимиз ушбу маданий-маърифий тадбирларнинг азиз меҳмонлари бўладилар, деб ишонаман”.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 3266 times

Мақолалар

Top