Мақолалар

Савоб амалларга шошилайлик!

Савоб арабча бўлиб, яхшилик, эзгулик деганидир. Бу сўз эътиқодимизга кўра, Аллоҳнинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишдир. Инсоннинг хатти-ҳаракати ва фаолияти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб, бу динимизда савоб ва гуноҳ деб аталади. Динимиз кўрсатмаларини бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар савоб амаллар ҳисобланади. Инсоннинг номаи аъмолига икки фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охиратда инсонларнинг савоб ва гуноҳлари тарозида тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни хайрли ишларни қилишга қизиқтирар ва бу борада ўзлари уларга намуна эдилар. Демакки, ҳар бир мўмин солиҳ бўлиши ва солиҳлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат неъматларига эришиш учун хайрли амалларни қилишга шошилиши лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактабларида тарбияланган саҳобалар буни яхши англаб етган эдилар. Шунинг учун савоб амалларни қилиш борасида ўзаро мусобақалашар эдилар. Агар биродарларидан орқада қолишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб ўзиб кетиш йўлларини сўраб олардилар.

Қаранга, хайрли ва савоб амалларни қилишга интилган саҳобалар уй қуриш, дабдабали ҳаёт ёки бошқа нарсаларда мусобоқалашмас эдилар. Улар савоб амалларни қилишда ким ўзарга киришиб кетар эдилар.

Биз қандай савобли ишларни қилсак Аллоҳга манзур бўлади. Бундай савобли ишлар қаторида қуйдагиларни айтишимиз мумкин:

  • Аллоҳ буюрган ишларни қилиш ва қайтарган ишларидан тийилишлик;
  • Тўғри сўз бўлиш;
  • Ёлғон гапирмаслик;
  • Бир-биридан аразлашган одамларни яраштириб қўйиш;
  • Касални бориб кўриш;
  • Қўшнисига яхшилик қилиш;
  • Бировни оғирини енгиллатиш;
  • Қийналганларга қарз бериш;
  • Мискин ва бечораларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш;
  • Ота-она хизматини қилиш;
  • Адашганга тўғри йўл кўрсатиш;
  • Касб-корни ҳалол қилиш, бировни ҳаққига хиёнат қилмаслик;
  • Салом бериш;
  • Бировларнинг айбини кечириш;
  • Аҳли аёлига ёрдамлашиш;
  • Фарзандларни тўғри тарбиялаш ва уларга илм ўргатиш;
  • Ҳашарларда иштирок этиш;
  • Тинчлик йўлида хизмат қилиш;
  • Одамларга манфаати тегадиган ишлар қилиш;
  • Хайрли ишлар жуда кўп. Фақат бу ишларни қилишда савоб умидида холис бўлиш энг муҳим шарт ҳисобланади.

Нурилло Джамaлов

Наманган шаҳридаги “Яхёхон тўра” жоме масжиди имом хатиби.

Read 3513 times

Мақолалар

Top