Мақолалар

“Сўкинмасдан гапиролмайман” дейдиганлар диққатига

Бугун, юмуш билан дўконга кирдим. Кирдиму асабларим таранглашиб, истиғфор такрорлаб чиқдим. Сабаби, сотувчи ва унга таниш киши бир-бирларини бемалол ҳазиломус сўкиш сўзлар билан “сийлаётган” экан. Ҳар гапининг боши ёки охири, жуда қўпол, уятли сўкиш сўзлардан иборат бўлиб, камига онасини қўшиб сўкмода. Энг ачинарлиси, бу сўкишлардан улар ҳеч ҳам хижолат тортмас ва кулгу аралаш гаплашишар эди.

Уларга қарата “биродар сўкинмасдан гаплашинглар” десам, “чин дилдан сўкмаяпманку” дея жавоб қайтарди. Афсус...

Бу ҳолат кўча-кўча кўйда, ён атрофимизда, светофор чизиғида, бозорда, навбатлар ва бошқа ҳолатларда кунлик кўзга ташланадиган воқеъликлардир. Бундай сўкинишларнинг энг ашаддийлари ИНТЕРНЕТ яъни, ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА айниқса  авжига чиқмоқда. Хўш динимизда сўкиниб гапиришга қандай муносабат билдирилган?

Уйга қайтгач, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ахлоқ ва сўзлашиш одобига тегишли китобларидан бир қанчасини кўздан кечирдим ҳамда “сўкиниш” борасидаги қуйидаги маълумотларни топдим.

Сўкиш ёки сўкиниш Исломда катта беодоблик ва гуноҳлар қаторига киради. У ижтимоий алоқаларнинг бузилишига, инсонларнинг ҳақоратланишига олиб келадиган бадхулқликдир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида сўкишни қаттиқ қоралаганлар.

                Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ва бошқа машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган машҳур ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мусулмон кишини сўкиш фисқдир. У билан урушиш эса куфрдир”, деганлар.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Одатда одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. Сўкса сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар.Фалончи бўлгандан кейин сўкади-да, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса, сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади. Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар. У киши пайғамбаримизга санадини етказадилар. У зоти боборакот саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганлигини англатади”, деган эканлар.

Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир. Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган беодоб одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларни битирганлар, катта мансабларни эгаллаганлар, яхши кийиниб, яхши яшашлари ҳам мумкин. Аммо, модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади. Имом Байҳақий Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳар қандай икки мусулмоннинг орасида албатта, Аллоҳ Таоло томонидан тутилган парда бўлади. Улардан бири иккинчисига бир оғиз сўкиш сўз айтса, Аллоҳнинг пардасини йиртган бўлади”, деганлар.

Кишилар орасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг Ислом динида қанчалик улуғланишини кўраяпсизми? Ҳадиси шарифда бу нарсани “Аллоҳнинг пардаси”, деб аталмоқда. Халқ орасидаги “Инсоф қилайлик, орамиздан парда кўтарилмасин, юзимиз очилмасин, кейин яхши бўлмайди”, деган гаплар ушбу ҳадиси шарифдан олинган бўлса ажаб эмас.

Демак, биринчи бўлиб бошқа шахсни сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. У оз эмас, кўп эмас, оламларнинг Роббиси Аллоҳ Таоло инсонлар орасига қўйган пардани йиртган ҳисобланади. Шу билан бирга иккинчи томон ҳам дарров ўт олиб, сўкишни бошлаб юбориши керак эмас. Биринчи шахс уни сўкиш билан катта гуноҳ қилди. Ўзининг беодоб. пасткаш эканлигини кўрсатди. Энди иккинчи киши у билан тенглашмаслиги шарт. Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Ниёз ибн Ҳимор қуйидагиларни айтадилар:

“Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга “Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими? деб сўрадим. У зот: Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишилар икки шайтондир дедилар. Демак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ниёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳуга ўзини сўккан одамга жавоб қайтаришга изн бермадилар. Агар шундай қилса, икки беодоб шайтоннинг бири бўлиб қолишини англатдилар. Бу нарса ҳар бир мусулмоннинг ёдида доимо туриши лозим бўлган нарсадир.

Сўкишни ўзига одат қилиб олган беодоб инсонлар ўзларининг жирканч хулқлари, пасткашликлари билан нафақат қаршисида турган шахсни, балки беайб, мўътабар ва улуғ инсонларни ҳам ҳақорат қилган бўлади.

Одам шаклида юрган бундай шахслар ёмонлигидан уйда ибодат билан машғул бўлиб ўтирган муштипар оналар, опа-сингиллар ва бошқалар ҳам четда қолмайди. Кўпроқ бу ҳақоратлар сўкувчининг ота-онасини ва яқинларини ҳақорат қилиш билан қайтарилади.

Имоми Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди”, деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади , онасини сўкса, онасини сўкади”, дедилар.

Кўриб турибмизки, бу жуда ҳам жирканч ва ёмон ҳолат экан. Ота-онага раҳмат, иззат-обрў келтиришнинг ўрнига ўзининг беодоблиги ила лаънат, сўкиш келтириш нақадар бадбахтлик.

Инсон ўзининг барча тасарруфотлари, ишлари, гап-сўзларини идора қила билиши, яхши сўзларни айтиб, яхши амалларни қилиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтиши лозим. Исломда нафақат одамни, балки ҳайвонларни сўкиш ҳам ман қилингандир. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз керак. Катталар эса, бу борада уларга ўрнак бўлишлари зарурдир. Аллоҳ Таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин! 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2981 times

Мақолалар

Top