Мақолалар

Коронавирус муолажаси Суннатга амал қилишдадир!

Матбуотдаги ҳолат қандай?

Шу кунларда бутун дунёда гапирилаётган муаммо – коронавирус. Деярли барча оммавий ахборот воситаларида шу мавзу. Ижтимоий тармоқларда ҳам шу вирус бўйича постлар, аудио-видео маълумотлар тарқалмоқда. У ерда унча одам шу вирусга чалинибди, бу ерда бунча одам шу вирусдан вафот этибди ва ҳоказо.

Дунёда бундан бошқа касаллик йўқми?

Дунёда касалликларнинг тури кўп. Коронавирус орқали юз берадиган касаллик шуларнинг бири, холос. Саратон, сил, жигар циррози, қандли диабет, юрак касалликлари, автоҳалокат ваҳоказолардан дунёда ҳар куни ўн минглаб одамлар вафот этади. Лекин биз фақат коронавирус ҳақида бош қотиряпмиз. Унутманг, сизнинг коронавирусга чалиниб ўлиш эҳтимолингиздан кўра уйқуга ётиб, қайта уйғонмаслик эҳтимолингиз анча юқоридир.

Мусулмон одамнинг касалликларга муносабати қандай бўлиши керак?

Биз нафақат коронавирус тарқалган пайтда, балки барча касалликлар тарқалган кезларда “Ҳар қандай касаллик Аллоҳнинг изни билангина етади. Аллоҳ ёзмаган бўлса, вируслар ўчоғида бўлсам ҳам, атрофимдагиларнинг барчасига вирус теккан бўлса ҳам менга касаллик тегмайди” деган эътиқодда бўлишимиз керак.

Касалликлардан сақланиш учун нима қилишимиз лозим?

Карантин

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилоган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдан қочиб чиқмаслик зарур бўлади.

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

Даволаниш

Аллоҳ таоло қайси бир касалликни туширган бўлса, унинг давосини ҳам туширган. Ҳар қандай касалликнинг шифосини фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

“Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят).

Имом Аҳмад ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Дуолар

Динимизда ҳар бир ҳолат учун айтиладиган дуолар бор. Жумладан, касалликдан, турли зарарлардан сақланиш учун айтиладиган дуолар ҳам бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:

“Аллоҳумма! Роббан-нааси! Изҳибил баъса. Ишфи. Анташ-шаафии. Лаа шифаъа иллаа шифааука. Шифаан лаа юғодиру сақман”, дер эдилар”.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Дуонинг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!» (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

“Аллоҳумма инний аъузу бика минал бароси вал жунууни вал жузами ва мин саййиил асқоом”.

Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени пес, жиннилик, моҳов ва бедаво ёмон касалликлардан паноҳ бериб, сақлашингни сўрайман”.

(Абу Довуд ривояти саҳиҳ ҳадис.)

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда: “Бисмиллаҳиллазий ла язурру маъасмиҳи шайун фил арзи ва ла фис самаи ва ҳувас самийъул алийм”, деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, дедилар.

Дуонинг маъноси: “Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир”. (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти)

Демак, мўмин-мусулмон одам мазкур ҳадислардаги дуоларни ўқиб, Аллоҳ таолодан турли касалликлардан паноҳ беришини сўраши керак. Шу билан бирга касалликнинг олдини олиш чораларини ҳам кўриши, барча сабабларни ишга солиши лозим.

Покликка эътибор бериш

Бунинг учун инсон покликка катта эътибор бериши керак. Мусулмон одам кун давомида беш маҳал намоз ўқийди. Бунинг учун эса таҳорат қилади. Таҳорат қилганда оғиз-бурнини, юзини, қўлларини тирсаккача, оёқларини тўқиплари билан қўшиб ювади. Кун давомида беш бора мана шу тарзда таҳорат оладиган инсонга вирус ва бошқа нарсалар яқин йўламайди.

Ҳалол луқма ва шахсий гигиенага эътибор бериш

Шу билан бирга тиббиёт ниқобини тақиб юриш, турли инсонлар билан кўришгач, қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шахсий гигиенага амал қилиш, совун, тиш ювиш воситалари ва сочиқ каби нарсалардан фақат ўзи фойдаланиш, оила аъзолар учун ҳам бундай воситаларни олиб бериш, ейдиган таомларга эътиборли бўлиш, луқмага катта аҳамият қаратиш, танани ҳам, либосни ҳам пок тутишга, тез-тез алмаштиришга ҳаракат қилиш лозим бўлади.

Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш

Шунингдек, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни совунлаб ювиш ҳам саломатлик омилларидандир.

Мусо ибн Жаъфар отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:“Таомдан олдин(қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади”(Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Тавротда таомнинг баракаси ундан олдин қўлни ювишда эканини ўқидим ва буни Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтган эдим, у зот: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар”(Абу Довуд ривояти).

Демак, инсон таомдан олдин қўлни ювиши орқали таомни пок қўл билан ейишга замин ҳозирлаган бўлади. Таомдан кейин қўлни ювиш эса турли касалликлар ва вирусларга қулай шароит бўлмиш ёғли муҳитдан қўлини тозалаган бўлади. Агар банда бу ишларни суннатга амал қилиш нияти билан қиладиган бўлса, савобга ҳам эришади. Ҳам савоб, ҳам саломатликни қўлга киритади.

Касалликни сўкмаслик, балки сабрли бўлиш

Мабодо инсон ўзида истималаш, бош оғриши, кўнгил айниши ва ҳоказо ҳолатларни сезса, дарҳол мутахассис-шифокорга мурожаат қилиши, тезда даволаниш чораларини кўриши, безовталикдан сақланиши керак.

Бандага келадиган касаллик Аллоҳ таолонинг тақдири билан бўлади. Ўша касалликдан тузалиш ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири билан амалга ошади. Касалликка чалинган одам бесабрлик қилмаслиги, турли ақидага зид гапларни ва ишларни қилмаслиги, шифони ҳам ҳалолдан излаши шартдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.

«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.

«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек кетказур», дедилар у зот».

Муслим ривоят қилган.

Демак, мусулмон киши гуноҳларнинг кетишига сабаб бўладиган иситмани сўкмаслиги, балки тузалишни сабр билан олиб бориши керак экан.

Шифони ҳалолдан излаш лозим

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром билан даволанишдан қайтарганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Ва ҳар бир дардга даво қилиб қўйган. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, тузалиш учун ҳам шариатда рухсат берилган тарзда тиббий чораларни кўриш керак. Турли туморлар осиб олиш, бўри, айиқ каби ҳайвонларнинг тиш-тирноқларини ўзи билан олиб юриш, фолбин, коҳинларга бориш кишининг иймонига, ақидасига футур етказадиган ишлардандир. Чунки бундай ишларни қилган одам Аллоҳ таолони қўйиб, бошқадан шифо тилаган бўлади.

Ваҳима, миш-миш тарқатмаслик

Бугун кимга қулоқ тутсангиз, “Бизда ҳам тарқалган эмиш. Ундай эмиш, бундай эмиш” деган миш-мишлар, ваҳимали гаплар юрибди. Мусулмон одам миш-мишлардан узоқ юради. Шу билан бирга инсон ўзини-ўзи тушкунликка тушириш ўрнига саломатлик чораларини излаши ва шу ҳақида бош қотириши керак. Қуруқ ва ваҳимали гаплардан фойда йўқ. Қолаверса, бу каби гаплар билан бошқаларни қўрқитиш ҳалол бўлмайди. Чунки, мусулмон инсон тақдирга иймон келтирган. Барча нарса Аллоҳ таолонинг изни билан амалга ошишини билгани учун хотиржамликни қўлдан бермайди. Аллоҳ таолога дуо қилиб, барча сабабларни ишга солиб, чораларни кўриб, Аллоҳ таолонинг Ўзига таваккул қилиш, Ўзидан омонлик, саломатлик, шифо сўраш керак.

Суннатга амал қилиш икки дунёда саодатга эришиш омилидир!

Аллоҳ таоло барчамизни пок ва саломат қилиб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Read 3551 times

Мақолалар

Top