Мақолалар

Турли байрамлар ва уларни нишонлаш

Айни пайтда дунёда юзлаб байрамлар ва нишонланадиган кунлар мавжуд. Ҳар бир мамлакатнинг байрам ва тантаналари мана шу халқнинг дини, маданияти ва тарих мобайнида эришган ютуқларини ўзида акс эттиради. Бугунги кунда юртимиздаги байрамлар хилма-хил бўлиб, улар давлат, диний, касбий ва халқаро каби турларга бўлинади. Мазкур байрамлар ҳукумат томонидан дам олиш куни сифатида эълон қилинган.

Динимизда байрамларни белгилаш, уларни нишонлаш тартиб қоидалари қандай? Бу борада Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қандай кўрсатмалар келган?

  1. Исломда илоҳий-диний байрамлар Аллоҳ таоло ва унинг Расули томонидан белгиланади, уни бошқа инсонлар белгилай олмайди. У кунларда махсус ибодатлар (ҳайит намози, қурбонлик) қилинади. Бундай байрамлар Исломда иккита бўлиб улар – Ийдул Фитр (Рамазон ҳайити) ва Ийдул Азҳо (Қурбон ҳайити)дир. Рамазон ҳайити Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати билан ўтказилади. Қурбон ҳайити Ҳажнинг асосий арконлари тугаши муносабати билан, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги “ташриқ кунлари” номини олган уч кун ҳам қўшилади. Бу байрамлар ҳақида Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. “Бу икки кун қандай кун?” – деб сўрадилар. “Жоҳилиятда ўйин-кулгу қиладиган кунимиз эди”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ислом дини байрамларида ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, ота-онаси, аҳли аёли, қариндош ва таниш-билишларига кенгчилик яратганлар, қурбонлик қилганлар савоб оладилар ва ибодат қилганнинг ажрига эришадилар. Ҳатто еб-ичиш хурсандчилик аломати бўлганидан юқорида зикр қилинган икки ҳайит ва ташриқ кунларида рўза тутиш макруҳдир. Диний байрамлар Исломнинг шиорларидан бўлиб ҳисобланади.

  1. Мусулмонлар бошқа динларнинг байрамлари (масалан, рождество, пасха ва шунга ўхшаганлар)ни нишонлаши мумкин эмас. Чунки бу мансух бўлган динларни қўллаб қувватлаш ва Исломдан устун қўйиш, ўзини уларга ўхшатиш бўлиб қолади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам аҳли китоблар ҳақида шундай деганлар:

لَا تَسْأَلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ عَنْ شَيْءٍ فَإِنَّهُمْ لَنْ يَهْدُوكُمْ وَقَدْ ضَلُّوا فَإِنَّكُمْ إِمَّا أَنْ تُصَدِّقُوا بِبَاطِلٍ أَوْ تُكَذِّبُوا بِحَقٍّ فَإِنَّهُ لَوْ كَانَ مُوسَى حَيًّا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ مَا حَلَّ لَهُ إِلَّا أَنْ يَتَّبِعَنِي (رواه الامام احمد عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ)

яъни: “Аҳли китоблардан (динингиз мавзусида) бирор нарса сўраманглар. Улар сизни ҳеч ҳам тўғри йўлга бошлай олмайдилар, ҳақиқатда улар йўлдан адашдилар. Сизлар (агар улардан дин ҳақида бирор нарса сўраб, жавоб олсангиз) ё ботилни тасдиқлайсиз ё ростни ёлғонга чиқарасизлар. Албатта, агар Мусо сизни орангизда тирик бўлганида ҳам, унга фақат менга эргашишгина дуруст бўларди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Динга алоқаси бўлмаган байрамлардан кўзланган мақсад тўғри бўлса, турли маъсиятлар аралашуви сабабли шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқилмаса, Ислом бундай дунёвий байрамларни ман қилмайди.

Шаръий манбаларда келмаган байрамлар борасида инсонлар икки хил йўл тутишади. Бир тоифа инсонлар бу – бидъат, мумкин эмас, десалар, иккинчи томон буни мумкин эмаслигига бирор қайтариқ йўқ, дейишади.

Барчага маълумки, Исломда икки ҳайитдан бошқа жуда кўплаб байрам қилиб нишонласа бўладиган воқеа ва ҳодисалар бор. Мисол учун бола туғилганда ақиқа қилиб хурсандчилик қилиш, никоҳ тўйларида хурсандчилик қилиш, узоқ сафардан яқинлари келганда ҳурсандчилик қилиш, Рамазон ойи кириши билан инсонлар бир-бирларини қутлаб, хурсандчилик қилишлари ва жума кунида хурсандчилик қилиш каби бир нечта воқеа ва ҳодисалар бор.

Динга алоқаси бўлмаган саналарни нишонлашга 8 мартни мисол келтириш мумкин.

         Баъзи кишиларнинг 8 мартни “Халқаро хотин-қизлар байрами” сифатида нишонланишига эътирозлари бор. Ваҳоланки, 8 март кунини нишонлаш ҳам, 1 сентябрь ёки 1 октябрь санасини байрам қилишдан фарқи йўқ. Уларнинг эътирозларини диққат билан ўргансак, учта асосий нуқтани топамиз.

1 – эътироз. “Шарий манбаларда келмаган диний ва дунёвий байрамларни нишонлаб бўлмайди. Бу байрамлар бидъат (янги пайдо бўлган иш) бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар замонларида нишонланмаган”, – дейдилар.

Жавоб: Ҳар бир янги пайдо бўлган бидъат  ҳам ёмон бидъат эмас. Умар разияллоҳу анҳу инсонлар масжидда бир имомнинг ортида Таровеҳ намозини ўқиётганларини кўрганларида: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, – деганлар ва бу гапларини бирор киши инкор қилмаган. Бу байрамларни нишонлашда инсонларнинг қалбида бир-бирларига меҳр-оқибатни пайдо қилиш бор. Аёллар, хусусан оналарга эҳтиром кўрсатиш шариатимизнинг асл қоидаларидан ва талаб қилинган амаллардир. Бу эҳтиромни шариъатга зид келадиган жойи йўқ. Оналар, аҳли аёл ва фарзандларга бериладиган совғалар, яхши сўз ва дуолар уларни хурсанд қилса, бу савобли иш ҳисобланади. Лекин бу байрамларга диний тус бермаслик керак. Масалан, махсус намоз, рўза каби ибодатларни жорий қилиб олмаслик шарт бўлади.

2 – эътироз. Бу байрамни ташкил топишига беҳаё, имонсиз аёллар сабабчи бўлган. Бизга ғарбдан кириб келган, нишонлаш уларга ўзини ўхшатиш бўлади.

Жавоб: Ҳақиқатан ҳам бу санани ташкил бўлишига 20 асрнинг бошида Европа давлатлари заводларида ишлаган аёллар сабабчи бўлишган. Лекин уларнинг, беҳаё (фоҳиша) экани исботланмаган гап. Тўғриси, улар ўша замоннинг одатий ишчи аёллари бўлишган ва уларга ҳам эркаклар сингари ҳақ тўланишини, эркаклар билан тенгҳуқуқли бўлишларини талаб қилиб чиқишган. Бу санани нишонлаш 20 асрнинг 20 йилларидан кенг тарқала бошлади ва кейинчалик халқаро миқёсда нишонланадиган бўлди. Дунё ишларида динимизнинг ғояларига мос келадиган нарсаларни қабул қилишимиз, ўзини динсизларга ўхшатиш бўлмайди. Ҳозир сон саноқсиз восита, услуб ва бошқа нарсалар борки уларни Ғарбдан ўзлаштирганмиз. Бунга ҳатто юқорида эътироз билдирганлар ҳам розику! Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутишарди. Уларга нега рўза тутасизлар, дейилганда: “Бу кунда Аллоҳ Мусони қутқарган”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мусога (улардан кўра) мен ҳақлироқман ва бу куннинг рўзасига ҳам мен ҳақлироқман!” – дедилар ва Ашуро рўзасини тутдилар.

Демак, ҳар бир улардан олинган нарса, уларга ўзини ўхшатиш бўлмайди. Бунинг устига биз кўр-кўрона Ғарб ёки бошқа ривожланган давлатларнинг дуч келган байрамини олиш тарафдори эмасмиз. Бунга давлатимиз ҳукумати ҳам рози эмас. Кун.уз томнидан нашр қилинган “Ўзбекистондаги расмий байрамлар рўйхатида Ҳэллоуин йўқ” номли мақолада айни мавзу кўтарилган. Яъни, на динимиз, на урф одатларимизга, на қадриятларимизга тўғри келмайдиган “Ҳэллоуин” байрамини юртимизда нишонлаш ҳукуматимиз томонидан рад этилган (https://kun.uz/79728782).

         3 – эътироз. Бу куни тарихда юртимизда аёллар паранжиларини ечишган кун. Ўша кунни нишонлаш динга қарши чиқиш бўлади.

Жавоб: Бу эътирозларнинг ичида энг кучсизидир. Чунки, масалан ҳайит кунлари бир тоифа одамлар динимизга зид ишларни қилишса, бу билан энди ҳайитни нишонламаймиз, бу кунда одамлар гуноҳ ишларга қўл урди, дейилмайдику!

Шуни таъкидлашимиз керакки, юқоридаги сўзлар 8 март санасини нишонлаш баҳонасида номаҳрамлар ўртасидаги шаръий чегараларни бузишга ва турли динимиз ман қилган ишларни қилишга рухсат дегани эмас.  

Энг муҳими динимиз биздан 8 март куни оналаримиз, аҳли аёлимиз, опа-сингиллар ва фарзандларга кўрсатаётган меҳрибонлик, яхшиликни ҳар куни қилишни талаб қилган ва буни ибодат даражасига кўтарган. Яхшиликларимиз фақат бир кунга чекланиб қолмасин.        

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

 

Read 5552 times

Мақолалар

Top