Мақолалар

Синовда ўзаро аҳил бўлайлик!

Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ҳозирги кунда юртимизда бўлиб турган коронавирус эпидемиясидан сақланиш мақсадида фатво чиқарилди. Ушбу Фатвода жума ва беш вақт фарз намозларини масжидларда жамоат тарзида ўқишдан вақтинчалик тўхтатилгани баён қилинган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур фатвони қабул қилиш уламолар кенгаши учун ҳам ўзига яраша масъулият юклайди. Бундай ҳолатлар афсуски, ҳаммамизни ҳам чуқур ташвишга солади. Бироқ шуни унутмаслик лозимки, динимизда ҳеч ким ўз ақли билан, ҳавои нафси билан иш тутишига рухсат йўқ. Аксинча, диний масалаларда ҳар бир ҳукм ва фатволар айнан шариъатимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, Қуръони карим ва ҳадисларга суянган ҳолда қабул қилинади. Уламолар кенгаши ҳам мазкур фатволарни қабул қилишда динимизнинг бир қатор кўрсатмаларига суянганлар. Жумладан: Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Азонни эшитиб, унга бормаганлар учун намоз йўқдир. Узрли ҳолатлар бундан мустасно” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули узр нима?” – деб сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳисалом: “Хавф ёки касалликдир”, – дедилар. (Абу Довуд ривояти.) 

Мазкур ҳадисдан келиб чиқиб Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-Муғний” китобларида: “Жума ва жамоатни тарк қилишга қўрқув, хавф-хатар сабаб бўлади. Хавф уч турли бўлади. Инсоннинг жонига бўладиган хавф, молу мулкига нисбатан бўладиган хавф ва оиласига нисбатан бўлган хавф”, – деганлар.

Икки саҳиҳда келишича Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда, У зот ёмғирли кунда муаззинларига қарата: “Ҳаййа алассолаҳ” яъни, “Намозга келинглар”нинг ўрнига “Соллу фи буютикум” яъни, “Намозни  уйингизда ўқинг”, деб айтинг дедилар. Шунда бу гап  одамларга ёқмагандек туюлганини сездилар ва “Бу ишни мендан яхшироқ бўлган Зот қилганлар (Пайғамбаримизни назарда тутдилар). Жума намози қатъий вожиб амалдир. Мен сизларни сирпанчиқ ва лойда юриб қийналиб қолишингизни истамадим” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).   

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг мазкур ҳадисларидан келиб чиқиб, Уламолар вабо ва шунга ўхшаш инсоннинг ҳаётига хавф соладиган зарарли ҳолатларда жамоат намозини вақтинча тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаганлар. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз у ерга борманглар ва сизлар яшаб турган жойда вабо тарқалган бўлса у ердан чиқманглар”.

Ушбу ҳадисдан маълум бўлишича касалликнинг тарқалишини олдини олиш ва ундан узоқ бўлиш қалбнинг таскин топишига сабаб бўлади.

 Хулоса шуки, касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 195-оят).

Шариъатимиз кўрсатмаларидан келиб чиқиб дунёнинг  бир қатор давлатлари, жумладан Туркия, Малайзия, Қатар, Уммон, Марокаш, Ироқ, Фаластин, Сингапур, Кувайт, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида ҳам жума ва жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Мана шуларни инобатга олган ҳолда бизлар ҳам Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатволарни амалга оширишда турли ихтилофларга берилмасдан, сабр ва матонат билан ўзаро ҳамжиҳатликда ҳамкорлик қилишимиз  мақсадга мувофиқдир. Бундай ҳолларда мусулмон киши  ҳар хил асоссиз фитна ва иғволарга берилмасдан, жойларда турли тартибсизликлар чиқармасдан, намозларимизни ўзимиз учун қулай бўлган манзилларда адо этиб боришимиз ҳар жиҳатдан ўринлидир. Буюк ва Ҳаким Зот Аллоҳ таолодан ушбу синовдан муваффақиятли ўтишимизда  ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касалликдан ўз паноҳида асрасин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши

Read 2579 times

Мақолалар

Top