Мақолалар

Хавотир ва ҳадикка асос борми?

Бугун бутун дунё аҳолисининг ўй-хаёли, фикру зикри, туриш-турмушини бир ваҳима, у ҳам бўлса, коронавирус ҳадиги чулғаб олган. Кексаю ёш, каттаю кичик, мулозиму раият – тирик жон борки тожсимон вирусга йўлиқмаслик чораларини кўряпти.

Энг кулгилиси, шу йил 15 март куни Ўзбекистон ҳукумати ўтказган брифингдан сўнг айрим одамлар ўзини бозорларга, дўконларга уришди. Худди Қиёмат қоим бўлаётгандек, ойларга, чорак, ҳатто йилларга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишди.

Баъзилар қаноатни унутиб, ризқ Аллоҳдан эканини, қирқ йил қирғин бўлса-да, фақатгина ажали етган ўлишини унутиб қўйишган кўринади...

Буюк аждодимиз Ҳаким Термизийнинг “Наводир ул-усул” асарида келтирилган воқеа ҳам ризқ Аллоҳдан эканига далолат қилади. Ораларида Абу Мусо, Абу Молик ва Абу Омир каби саҳобалар бўлган ашъарийлар карвони Мадинага ҳижрат қилишди. Манзилга очликдан силласи қуриб, бир алфозда етиб келдилар. Бир кишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўраб келишга юборишди. Жўнатилган одам эшиклари олдига келганда ичкаридан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур...” оятини тиловат қилаётганларини эшитди. Ўзига ўзи: “Аллоҳга ашъарийлардан ҳам кўра ризқлантириш осонроқ бирор жонзот йўқ”, дея Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга учрамай қайтиб кетди.

Бориб: “Хушхабар, сизларга ёрдам келмоқда!” деганида, шериклари бу гапни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўмак ваъда қилибдилар, дея тушунишди. Шу пайт уларнинг олдига нон ва гўшт тўла идиш кўтариб олган икки киши келди. Ашъарийлар ундан тўйгунларича егач, таомдан ортиб қолганини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтарайлик, У Зот буни бошқа муҳтожларга берсинлар, деб келишишди. Сўнг барчалари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, таом учун миннатдорлик билдиришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга ҳеч қандай егулик юборганим йўқ”, дедилар. Бир шерикларини Ул Зотнинг ҳузурларига юборганларини айтишганида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамдан нима гаплигини сўрадилар. У нима қилгани ва шерикларига нима деганини айтганида У Зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана шу Аллоҳнинг сизларни ризқлантирганидир”, дея марҳамат қилдилар.

Эътибор беринг-а, бу дунёда ажали битган, ризқу насибаси кўтарилган одамнинг жони вирус ёки бошқа юқумли касалликларга боғлиқ эмас! Ёки аксинча: умри тугамаган одамни ҳеч қандай вирус олиб кетолмайди!

Хўш, шундай экан, динимиз таълимотида ҳар бир инсоннинг ажали муайян муддат этиб белгиланган экан, ваҳимага тушишимизга, хавотирланишимизга асос борми?

Болгариялик олим-шифокор Веселин Йолов коронавирус туфайли оммавий ваҳимага тушишга асло ҳожат йўқлигини таъкидлади. Ҳозир дунё бўйича 7 миллиард аҳолидан вафот этганлар саноқлигина миқдорда. Соғайганлар эса жуда кўпчиликни ташкил этади.

Ваҳоланки, айни пайтда дунё миқёсида, интернет маълумотларига қараганда, саратондан, юрак хуружидан, диабетдан, зарарли ҳашаротлар чақиши оқибатида, автохалокатда ва қотиллик туфайли бир кунда минг-минглаб одамлар ҳаётдан куз юммоқда.

Инсонни омадсизликка, касалликга, фақирликга туширадиган, дуосини ижобатини тўсадиган нарса ҳам – унинг хатолари. Қанча кўп истиғфор айтсак, қанча кўп дуо қилиб Яратганнинг Ўзидан сўрасак, шунча кўпроқ мушкулларимиз енгиллашади!

Таъкидлаш жоизки, киши мусулмон бўлиши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканига ҳамда Қиёмат куни тирилишга имон келтириши шарт. Демак, мўмин-мусулмонларимиз яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан эканлигини унутмасдан, бунинг учун ваҳимага тушмасдан, тўғри йўл тутиб, янада жипслашиб, раҳбарларнинг сўзларига қатъий риоя қилишлари шарт бўлади!

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси эълон қилинди. Бу фатвони муфтий ҳазратлари оммавий ахборот воситалари орқали барчага ўқиб эшиттирдилар.

Муҳтарам Президентимизнинг бошчиликларида давлатимиз, ҳукуматимиз халқимизга доимо яхшиликни раво кўриб, турли салбий ҳолатлардан авайлаб-асраб келаяпдими, Худога шукрки, бу дарддан ҳам халқимизни халос қилиш учун барча зарур ва керакли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.

Юртимиздаги ҳар бир мўмин-мусулмон ортиқча ваҳимага берилиб, саросимага тушмасдан, динимизга ҳам, қонун-қоидаларимизга ҳам, миллий қадриятларимизга ҳам, шарқона одоб-ахлоқимизга ҳам тўғри келмайдиган ҳаракатлар қилмасдан, балки уни ўрнига ўзимизга ҳам, оила аъзоларимизга ҳам тозалик-озодаликни лозим тутиб, гигиена қоидаларига қатъий риоя этсак, иншоаллоҳ, бу бало тезда даф бўлади.

Хозирги ойларимизни номлари тақвимларда 7-чи ой бўлиб, улуғ ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган буюк аждодларимизни юксак маънавиятига эга бўлган доно халқимиз неча асрлардан бери бу ойларни “ражаб ойлари” деб улуғлаб келган. Сабаби – бу ой (Ражаб ойининг 26 дан 27 га ўтар кечаси)да икки оламнинг сарвари севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло билан суҳбатлашган ойдир. Бу кечада Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга жаннат ва дўзахни кўрсатилган. Беш вақт намоз ҳам айнан шу муборак ойда шу кечада фарз қилинган. Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом ҳам кемага шу ойнинг биринчи куни минганлар.

Шунинг учун ҳам шундай улуғ фазилатли ойларнинг ҳурмат-шарофатларидан, муқаддас пок Ислом динимизга бўлган беқиёс меҳри юзасидан, Пайғамбаримизга бўлган камоли эҳтиромидан ва чексиз ҳурматидан ота-бобокалонларимиз муборак Ражаб ойида туғилган фарзанд-невараларини «Ражабали», «Ражаббек», «Ражабой», «Ражабхон», «Мухаммаджон», «Расулжон», «Набижон», «Омина» (оналари), «Оиша» (хотинлари), «Фотима» (кизлари) деб, шу ойнинг номи билан номлаб келган.

Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ражаб ойи – Аллоҳ таолонинг ойидур”, – деб марҳамат қилганлар. Энди бир фикр юритайлик… Аслини олганда, йилнинг ҳар 12 ойи ҳам – Аллоҳ таолоники! Нега шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “ойларнинг подшоси” бўлган, “ойларнинг султони” бўлган Рўза ойини эмас, нега бутун дунёдан мусулмонлар бир жойга – Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Каъбатуллоҳга – йиғиладиган Хаж ойини эмас? Балки айнан мана шу ойни айтдилар?

Демак, бу ойнинг ўзгача хислатлари бор экан! Демак, бу ойда Ер юзига Аллоҳ таоло ўзгача илоҳий назари билан, ўзгача раҳмат назари билан қарайдиган ой экан! Демак, бу ойда бандаларига Худои таоло томонидан инсоннинг ақли ожизлик қиладиган кўп яхшиликлар, беқиёс неъматлар, файзу баракалар ёғиладиган ой экан! Шунинг учун ҳам Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан шу ойни: “Ражаб ойи – Аллоҳ таолонинг ойидур”, – деб айтган эканлар! Ҳозирги ойларимиз шундай улуғ фазилатли ойлар экан! Мазкур буюк, муҳим ва оламшумул воқеалар ҳам Худои таолонинг инояти ила айнан шу ойда содир этилганлиги ҳам бежиздан-бежиз эмас! Банданинг Яратгандан ялиниб сўраётганлари ижобат буладиган ойлар экан! Худога айтаётган илтижолари мустажоб бўладиган ойлар экан! Парвардигорга ёлвораётган нолалари қабул бўладиган ойлар экан! Аллоҳ таолога кечаю-кундузлари турли хил ўринларда қилаётган дуолари мақбул бўладиган ойлар экан!

Ражаб ойлари баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Ражаб ойида нафл рўза тутиш ҳам савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган баъзи ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Кўп ҳадисларда келган тавсиялар ушбу муборак ва улуғ ойларни кечаларини тоат-ибодатда, зикр ва дуоларда ўтказишга қаратилган. Шунингдек, бу муборак ойда асосий қилинадиган нарса тавба-тазарру эканлиги алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло “ҳурматланган” ойларда айниқса, гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойларни имкон қадар кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини шундай фазилатли ойларда эсласак, фойдадан холи бўлмаса керак:

– “Ким мусулмонларнинг дардини ўз дарди дея билмаса, улардан эмас” (Имом Табароний ривоятлари);

– “Энг фазилатли ибодат – бошига тушган бир қийинчиликнинг кеткизилишини дуо қилиб кутишдир” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Аллоҳ таоло Ундан ҳеч нарса сўрамайдиган (дуо қилмайдиган)дан ғазабланади” (Имом Термизий ривоятлари);

– “Садақа балони қайтаради”;

– “Кимики доимо Аллоҳга истиғфор айтиб юрар экан, Аллоҳ таоло ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиш йўлини унга кўрсатади. Мусибатларини енгиллаштиради (кўтаради) ва кутмаган тарафидан мерос (неъмат, ризқ) жўнатади” (Имом Абу Довуд ривоятлари);

– “Икки дуо борки, у дуолар билан Аллоҳ орасида қабули учун ҳеч бир парда йўқ. Бири – мазлум(зулмга учраган)нинг дуоси; иккинчиси – мўминнинг бошқа мўмин биродари ҳақига қилган махфий дуоси”;

– “Дуо бошга келган ва келмаган ҳар нарсага қарши фойдалидир. Қазо(тақдир)ни фақат дуо олдини олади. Инчунин, дуога маҳкам ёпишинг” (Имом Термизий ривоятлари).

Келинг, мухтарам азизлар, бундай улуғ ойларни, фазилатли кунларни бизлар ҳам ғанимат билиб, юртимизни, эл-халқимизни, маҳалламизни, оиламизни, қариндошларимизни, қўшниларимизни, дўстларимизни, яқинларимизни, Ер юзидаги инсонларни хақларига Яратгандан яхши тилаклар сурайлик…

Илоҳо жаннатмакон юртимизни тинчлиги учун, муқаддас Ватанимизни равнақи учун, доно халқимизни фаровонлиги учун мухтарам Юртбошимизни доно раҳбарликлари остида ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Парвардигори олам уйда ётган, шифохонада ётган барча беморларимизга Ўзи шифосини берсин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-куп омадлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Read 2330 times

Мақолалар

Top