Мақолалар

Имом Аъзамнинг оналарига бўлган ҳурматлари

Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфий раҳматуллоҳи алайҳ  ислом оламининг энг буюк фақиҳ олимларидандурлар. Аҳли сунна вал жамоат орасида буюк мақом ва мартаба эгаси бўлдилар. Беқиёс илмлари ва гўзал ахлоқлари туфайли у киши ҳақида имом Шофеъй:    “من اراد ان ىتبحر  في الفقه فهو عيال علي ابي حنيفة “ яъни, “Кимки фиқҳни чуқур ўрганмоқликни истаса, бас у фиқҳда Абу Ҳанифанинг авлодларидандур” деб айтганлар.

Абу Ҳанифа тобеъинлардан саналадилар.  У зот саҳобалардан бир нечтасини кўриб, улар билан ҳамсуҳбат бўлганлар. Улар жумласига тақвоси, ихлоси ва ибодати билан машҳур бўлган Анас ибн Молик кирадилар.

Абу Ҳанифа нафақат илмлари, балки одоб-ахлоқлари ва хусусан оналарига бўлган ҳурмату эҳтиромлари билан хам танилган эдилар. У зот оналарини ниҳоятда ҳурматлаганларидан, уларнинг номидан ҳар доим эҳсон қилар эдилар.

Бир кун Абу Ҳанифа уйларида ўтирган чоғларида, оналари ўзларини қийнаётган диний масалада савол сўраб қолдилар. Абу Ҳанифа: “Бу саволингизга жавоби мана бундай” – деб фатво бермоқчи эдилар, аммо оналари фатвони ўғилларидан эмас, балки Умар ибн Зар (153 хижрий йилда вафот этган Кўфа шаҳрининг буюк алломаларидан бўлганлар)дан олмоқчи эканликларини баён этдилар. Шундан сўнг Имом Аъзам оналарини маркабларига миндириб, Умар ибн Зарни ёнига олиб боришдан ўзга чоралари қолмади. У ерга бориб Абу Ҳанифа ибн Зарга: “Онам сиздан фатво сўрамоқчи эдилар” деб айтдилар: Умар ибн Зар эса, таажжуб қилиб: “ Наҳотки, сиз бўла туриб, мендан масала сўрайдиларми?” – дедилар. Аммо буюк имомимиз, буни инкор этиб,  фатвони оналари бошқа одамдан олмасликларини таъкид қилдилар.

Умар ибн Зар масалани эшитиб, Имом Аъзамдан фатвони ечишда ёрдам сўрадилар. Икковлари ичкарига киришгач, масалани ечими айнан қандай эканини Имом Аъзам айтиб бердилар. Натижада ибн Зар фатвони худди буюк имомимиз айтгандек ёзиб, ўз муҳрларини босган ҳолда, чиқиб Абу Ҳанифани оналари қўлларига топширдилар. Бундан оналари ниҳоятда хурсанд бўлиб: “Мана бу Абу Ҳанифани фатвоси эмас, балки ҳақиқий фатво” деб қувондилар. Ваҳоланки, бу фатво айнан Абу Ҳанифаники эди. Аммо Имом Аъзам оналарининг қувончини кўриб, буни рад этмадилар. Аксинча оналарини хожатини адо этганларидан ўзлари хам бахтиёр эдилар.

Зеро, улуғларимиз жаннатдаги насибалари айнан оналарининг оёқлари остида эканини яхши билишган.

Оналаримизни Аллох соғ-саломат айлаб, бизларни уларни хизматида доимо қоим айласин. Омин.   

 

Тошкент шахар Шайхонтохур тумани “Мунаввар қори” жоме масжиди

Имом ноиби Тошмуҳаммедов Баҳодир

Read 2804 times

Мақолалар

Top