Мақолалар

Кўринмас душман: Дангасаликдан паноҳ сўраш

Аввало паноҳ сўраш борасида тўхталар эканмиз, динимизда мўмин киши Аллоҳ таолодан унга зарар берадиган ёки ҳалок қиладиган ишлардан асрашини сўраб илтижо қилиш, шунингдек, Аллоҳ таолога хорланиб ва ёлвориб унга рўбаро бўладиган ёмонликларни йўқ қилишини сўрашлик  тушинилади.

Набий алайҳис салом дангасалик, ёлқовлик ва ғайратсизликдан паноҳ сўраб дуо қилганликлари борасидаги жуда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. У зотнинг бу ишлари қуйидаги оятга кўра бўлган: “Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар”. Нур сураси 63-оят.

Набий алайҳис саломнинг кўп бора дангасалик, ялқовлик ва ғайратсизликдан паноҳ сўрашларининг сабаби шундаки, бу қабиҳ феъл туфайли кўплаб ёмонликлар пайдо бўлади. Шунингдек, буюк ислоҳатларни бажариш қўлдан бой берилиб, бошқа бир томондан инсон умрини кераксиз ишлар билан зоя қилиши бор.

Ялқовлик ва ғайратсизлик буюкларнинг даражасига чиқишликга тўсиқ ва ибратли кишиларнинг мақомига эришиш йўлида ёвдир.

Шунинг учун ҳам жаннат аҳли ҳаётда дангасалик, ялқовлик ва ғайратсизлик қилганликлари оқибатидан, жаннатда бунданда буюк мақомларга эриша олмасликларини билиб, надомат чекадилар. Дўзох аҳли эса, гуноҳ ишларни қилиш билан умрини ўтказиб юборганликлари ва Росули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдан юз ўгирганликлари боис надомат чекадилар.

Зеро, жаннат аҳлига ҳаётлик даврларида Аллоҳнинг тоатидаги шижоатлари, У зотга яқин бўлиш йўлидаги жидди-жаҳдлари ва бу йўлдаги қийинчиликларда сабрликларига қараб, жаннатдаги даражалари белгиланади.

Дангаса, ялқов ва ғайратсиз киши учун ёмонлик эшиклари очилиб, яхшилик эшиклари ёпилади. Натижада шайтон бундай кишини оламлар Роббисини ҳақиқий таниш, Унга тоат қилиш орқали лаззат олиш ва иймон ҳаловатини топиш баҳтидан маҳрум қилиш билан бир қаторда, инсонийлик даражасидан тушириб, ҳайвоний табиатга, балки ундан ҳам паст даражага олиб тушади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бору, тушуна олмаслар. Кўзлари бору, кўра олмаслар. Қулоқлари бору, эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар”, деган. Аъроф 179-оят.

Шунинг учун ҳам Набий алайҳис салом Аллоҳ таолодан дангасаликдан кўп бора паноҳ сўраганлар ва бизни ҳам ушбу дуо билан илтижо қилишимизга тарғиб қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи васаллам шундай дер эдилар: “Аллоҳим мен сендан ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик, заъифлик ва бахилликдан паноҳ сўрайман.....” Имом Бухорий ривояти.

Бунга ўхшаш бошқа лафзлар билан келган ҳадислар жуда кўплаб келади.

Ожизлик ва дангасалик бир-бирига жуда яқиндир. Агар инсон бирор-бир иш қилишга қодир бўлмаса бу унинг ожизлиги ҳисобланади. Қодир бўла туриб, бажаришни истамаслик эса, дангасаликдир. Демак, бу иккиси бир бўлса кишини кўплаб яхшиликлардан тўсиб қолади.

Бу сифатдан паноҳ сўраш шу даражада муҳимлигидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар тонгда ва кечда ўқийдиган дуоларининг ичига киритганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз ўрганаётган бу қабиҳ фел ҳақиқатда ундан узоқ бўлишда Аллоҳдан ёрдам сўраладиган иш экан. Буни Пайғамбаримизни қилган дуоларидан ҳам нечоғлиқ муҳим эканлигини билиб олдик. Фақатгина бу жумлаларни ўқиган киши Пайғамбаримиз ҳам, дангаса, ялқов ёки ғайратсиз бўлиши мумкин бўлган киши эканларда, деган фикрга бориб қолишдан ўта эҳтиёт бўлишлари лозим бўлади. Бу дуоларни қилишларининг моҳияти шундаки, аслида биз умматлари қўрқишимиз керак бўлган ишни ўргатганликлари ва ўзларини бандаликларини изҳор қилишлари бордир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни бу дарддан узоқ қилсин!

 

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,

ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

 

 

Read 2990 times

Мақолалар

Top