Мақолалар

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисида

Шу йилнинг 26 март куни сурункали касалликлари билан диспансер назоратида бўлган наманганлик 72 ёшли аёл коронавирус инфекцияси ташхиси билан Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 27 март куни ушбу бемор шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ушбу ҳолат билан боғлиқ тегишли фатволар ва тиббиёт соҳаси мутахассислари билан кенгашган ҳолда коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш борасида қуйидагиларни маълум қилади.

Ислом динида бирор мусулмон вафот этса, уни шариат кўрсатмасига биноан ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга буюрилган. Ушбу амалларни бажариш жараёнида одамга зарар етиш эҳтимоли мавжуд бўлса, “исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” ва “машаққат енгилликни жалб қилади” каби фиқҳий қоидаларига биноан, мазкур амалларни ижрочиларга зиён-заҳмат етказмаган шаклда бажаришга рухсат берилади. Чунки билиб туриб жонини хавф-хатарга қўйиш – ўзини ҳалокатга ташлашдир.

Бу каби ўта юқумли ва хатарли касалликлар вафот этган мусулмонларни ювиш, кафанлаш ва дафн қилишда ўзига хос талабларга риоя этишни тақозо этади. Яъни ювувчи, кафанловчи ва дафн қилувчиларга вирус ўтиш эҳтимолининг олдини олиш зарур. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволари ўрганиб чиқилди. 

Ҳозирги кунда дунё мусулмон давлатлари тажрибасида маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади.

Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширишса, қолганларидан соқит бўлади. 

Демак, коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир. 

Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим.

Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарори асосида қатъий чекланган таркибда ўтказилади. 

Мўмин-мусулмонларимиз Ислом дини манбаларига таянган ҳолда баён этилган мазкур жиҳатлар ва тадбирларни тўғри тушунишларига қатъий ишонч билдирамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Read 6736 times

Мақолалар

Top