Мақолалар

ИСЛОМДА ОММАВИЙ КАСАЛЛИКЛАР МУОЛАЖАСИ

Бугун дунёнинг бир ҳудудида пайдо бўлиб, 200 га яқин давлатларга тарқалиб улгурган оммавий касаллик “коронавирус”нинг хавфи ортиб бораётганлиги кузатилмоқда. Барча давлатлар эҳтиёт чорасини кўриб, ўз халқи, давлатини бу балодан сақлаб қолишга жуда катта аҳамият қаратмоқда. Юртимизга ҳам бу касаллик кириб келди ва ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда. Ҳукуматимиз томонидан тезкорлик билан ушбу балони бартараф этиш чоралари кўрилиб, халқимизни инфекция хавфидан асраб қолишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга халққа ҳам бу касалликдан ўзини ўзи асраш, уни кенг ёйилишини олдини олиш бўйича қатор кўрсатма ва тавсиялар бериб борилмоқда.

Тарихда бу каби хавфли ва юқумли иллатлар кузатилганлиги ва ўз даврида қандай муолажа қилинганлиги тўғрисида кўплаб манбаларда маълумотлар келтирилган. Бугун тиббиёт, илм-фан техника ривожланган даврда ҳам тўсатдан пайдо бўлган бу иллатнинг муолажасида бутун дунё ожиз қолмоқда.

Халқнинг бошига келган оммавий ҳар хил касалликлар ислом тарихида ҳам бўлиб, “Вабо” ва “Тоъун” деб номланган. Бу иллатдан шифо топиш ва сақланиш борасида муқаддас динимиз таълимотларида кўплаб кўрсатмалар берилган. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг саҳиҳ асарида “Тоъун ва вабо” касалликлари ҳақида қуйидаги ҳадислар келтирилади:

Асома ибн Зайддан Расулуллоҳ (с.а.в) Тоъун ҳақида шундай марҳамат қилдилар: “Тоъун – азоб ва касалликдир. Бу касалликни Аллоҳ таоло Баний Исроил қавмидан бўлган баъзи тоифаларга ва сизлардан олдинги қавмларга юборган. Сизлар уни бирон жойда тарқалгани ҳақида эшитсангиз, у ерга (зинҳор) кирманг. Агар кирсангиз у ердан (ҳеч қачон) чиқиб кетманг”,  дедилар. Шунингдек, “Саҳиҳ Бухорий” асарида:  Абу Ҳурайрадан Расулуллоҳ (с.а.в): “Бемор киши, соғлом кишини олдига келмасин” дедилар”. Бу ҳадисда тоъун ва вабога ўхшаш юқумли касалликлар билан бемор бўлганлар ҳақида таъкидланган.

Инсонни Аллоҳ таоло ердаги махлуқотлари ичида энг улуғ ва мукаррами қилиб яратган. Жисм ва руҳдан иборат инсон ҳаётда ҳар хил синов ва имтиҳонлар билан синалади. Унга бардош бериб сабр қилган кишига улуғ ажрлар берилиши ваъда қилинган. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 155-оятида: “Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер”,  деб марҳамат қилган. Қаттиқ синовлардан кейин сабр қилганларга улуғ ажр ва мукофатлар берилиши ваъда қилинган.

Араб тилида  тоъун ва вабо (الطاعون والوباء) сўзлари бир хил маънога эга бўлиб, унинг оммага салбий таъсири, тез тарқалиб кетиш хавфи билан фарқланади. Уламолар бу икки ҳолатда ҳам қуйидаги тавсияларни беришади:

  1. Зиён келтирувчи сабаблардан эҳтиёт бўлиш ва ундан узоқлашиш;
  2. Тоъун ва вабо бор жойларга умуман кирмаслик, бу касаллик ҳаводан ўтиши сабабидан унга яқин бормаслик;
  3. Шу касаллик билан касалланганлар билан бирга бўлмаслик ва уларни ўзига яқин олмаслик (касалнинг юқумлилиги сабабидан);
  4. Нафсини поклаш, Аллоҳга таваккал қилиш, мусибатга сабр қилиш ва рози бўлиш;
  5. Покликка катта эътибор қаратиш, ўзини ва теварак атрофни покиза тутиш;
  6. Касалликни тарқалиб кетишидан сақлаш ва уни олдини олишга бор вужуди билан киришиш;
  7. Инсонларни касаллик майдонига кириш ва чиқишини ман қилиш. Чунки инсонлар кириб беморлар билан мулоқатда бўлиб, ташқарига чиқадиган бўлса бу борада олиб борилаётган барча ишлар самарасиз бўлади. Бу касаллик ҳаводан кўчувчи ва тез тарқалиш хусусиятига эга бўлиб, бошқа ҳудудларга ҳам тез тарқалиб кетади.

Ислом дини инсониятнинг ҳаёти, соғлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратган дин. Инсон ўз нафси ва ҳаётини ҳалок қилувчи ишлардан сақлашга буюрилган. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 195-оятида: “Ўзингизни (ўз қўлларингиз билан) ҳалокатга дучор қилманг”,  деб огоҳлантиради. Мазкур оят ва ҳадислар инсонни бошига шундай хавф хатар бўлган вақтда ўзини қандай тутиш, бу ҳолда теварак атроф, ўзаро муомала маданиятини, шахсий гигиена масалалари қай ҳолда бўлишига эътибор қаратган.

Тоъун-вабо касаллиги жамиятда ҳар даврда учраб турсада, улар бир биридан касалликнинг хусусияти билан фарқ қилган. Касаллик сабаби, тарқалган майдони, танланган ҳудуд, муолажаси, тарқалиш сабабларида ихтилофлар бўлган. Шунинг учун ҳам бу касалликнинг илк муолажаси “тош қотиш саломатлиги”,  яъни уйдан чиқмаслик. Бу муолажани ўн тўрт аср олдин Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) муборак ҳадисларида таълим берганлар. Бугунги даврда ҳам айнан бу усулдан фойдаланиш муҳимдир.

Ислом дини жамиятда юқумли, хавфли касалликлар аниқланган вақтда қуйидаги амалларни бажаришни лозим санайди:

Бу касалликни даъвоси учун табиблар томонидан ижтиҳод қилмоқ лозим бўлади;

Уни бошқаларга ўтмаслигини олдини олишга катта эътибор қаратилади;

Касалликни қасддан бошқага юқтириш исломда ҳаром, шаръан ножойиз амал ҳисобланади;

Соғлом кишилар вақтинча беморлар билан ҳар қандай алоқани узишлари лозим бўлади. Бу борада жуда мулойимлик билан беморлар кўнглига азият бермаслик шарт қилинади;

Лозим топилса жамоатдан ажратиш ва яшаш манзилини  ўзгартиришга ҳам рухсат берилган.

Мақолада зикр этилган оят ва ҳадислардан олинадиган фойдалар ҳамда фақиҳларнинг жамиятда хавфли ва юқумли касаллик тарқалган вақтда унга нисбатан инсонларнинг муносабати қандай бўлишига оид масалалар кўриб чиқилди.

Дарҳақиқат бугунги кунда айнан биздан талаб этилаётган вазифалар ҳам шундан иборат. Бу “Коронавирус” деб номланган касалликни олдини олиш уни кенг тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Фуқароларимиздан талаб қилинаётгани ўз соғлигини, ҳаётини сақлашга қаратилган. Бу талаб ва тавсиялар тарихда синалган илмий-ҳаётий тажрибаларга асосланган бўлиб, “тош қотиш саломатлиги” тажрибасига тўғри келади. Яъни уйда қолиш, покликни лозим тутиш, ўз соғлигига жиддий эътибор қаратиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, инсонлар ўртасидаги ўзаро мулоқотни камайтириш, меҳр-мурувватли бўлиш, ўзаро ёрдамни кўпайтириш, уйда фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиш, таътил давридан мақсадли фойдаланиш, масофадан ишлаш каби қулайликлардан иборат.

Барчамизга ушбу талаб ва тавсияларга амал қилиб, жамиятимизга келган бу синовни ҳамжиҳатликда енгиб ўтишимизни Аллоҳ таоло  насиб этсин!

Шукурилло Умаров,
Ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
директори ўринбосари
Read 2907 times

Мақолалар

Top