Мақолалар

Сўзимиз фойда ё зараримизга ҳужжат бўлади (биринчи мақола)

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ турли-туман ёлғон ахборот, асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўпаймоқда. Айрим соддадил кишилар уларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Ачинарлиси, тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсонларнинг обрў ва шаъни топталмоқда, кимлардир бундан азият чекмоқда.

Динимизда бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш билан баробар саналади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”, деб жавоб берди (Имом Абу Довуд ривояти). Ушбу ҳадисдан динимизда инсон шаъни, обрўси қанчалик қадрли экани, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлади.

Ислом ростгўйликни тарғиб қилувчи, мудом ҳақиқат ва адолатни ёқловчи диндир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг буюк сифатларидан бири ҳам “Ал-амин” (энг ишончли киши) эди.

Шариатимизда сиддиқлик мақоми кўп тилга олинади. Бу Аллоҳ ҳузурида фақат рост сўзловчи киши сифатида туришни англатади. Сиддиқлик мақомига чин ростгўйлик билангина етиш мумкин. 

Инсонга хос иллатлар ичида энг хатарлиси ёлғончиликдир. Чунки одамларни алдаш, ишончини  суистеъмол қилиш барча қабоҳатларнинг бошидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (“Fофир” сураси, 28-оят).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб ўтириб олдилар. Сўнг “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ ҳам", деб қўшиб қўйдилар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай огоҳлантиради: “Ростгўйлик яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Албатта бир киши рост сўзлайди, ҳатто Аллоҳ таоло ҳузурида сиддиқлардан, деб ёзилади. Ёлғончилик гуноҳга етаклайди. Гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Албатта, бир киши ёлғон сўзлайди, ҳатто Аллоҳ ҳузурида ёлғончи, каззоб, деб ёзилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шу ўринда таъкидлаймизки, ҳазил-мутойиба баҳонасида ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Набий алайҳиссалом: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой”, дедилар.

Халқимизда яхшисини ошир, ёмонини яшир, деган тарбиявий мақол бор. Жамиятимизда олдинлари ким ногаҳон хатога йўл қўйса, унинг айбини яшириб, маҳалла аҳли, ёши улуғлар уни тўғри йўлга солган. Ҳозирчи? Дарҳол, бу ҳолатни жуда жиддий айб сифатида кўтариб, ўзини гўёки фаришта мисол билиб, оламга кўз-кўз ё овоза қилади.  

Азизлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши турли ёлғон-яшиқ, миш-мишларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади, деганлар. Ушбу ҳадисдаги таърифга муносиб бўлайлик.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ”

жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 2572 times

Мақолалар

Top