Мақолалар

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларининг динимизда тутган ўрни

Узоқ йиллардан буён Юртимизда ҳар бир милодий йил бошланиши олдидан унга маълум бир ном бериш ва ўша йилда мазкур номга тегишли масалаларни ҳал қилишга катта эътибор қаратиш яхши анъана сифатида давом этиб келмоқда. Аслида, бу анъанадан мазкур  номга тегишли эзгу хислатларни халқимизнинг одатига айлантириш кўзда тутилган, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Яъни йил давомида мазкур эзгу иш доимо эслатилиб, амалга татбиқ этилиб турилса, бу йил ўтгандан кейин ҳам мазкур ишлар кишиларнинг одатига айланиб қолиши табиий ҳолдир. Шу маънода куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан яқинлашиб келаётган 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлаш таклифи киритилди ва бу таклиф халқимиз томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди. 

Демак, ушбу йилда юртимиз раҳбарларининг оддий фуқаролар билан  мулоқотлари янада кенгроқ йўлга қўйилади. Бу мулоқот воситасида  барча ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишга, бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат қарор топишига янада кўпроқ аҳамият қаратилади. Аллоҳ таолодан ушбу эзгу ният соҳибларини гўзал мукофотлар билан тақдирлашини ва уларнинг эзгу ниятлари амалга ошишида  Ўзи мададкор бўлишини илтижо қиламиз.       

Аслида, одамлар орасида адолат билан ҳукм юргизиш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ

“Ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур” (“Нисо” сураси 58-оят).

Адолат билан иш  юритган раҳбарга улкан ажр-мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

عن أبي هريرة  : عَنِ النَّبِي صلى الله عليه و سلم قال سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلاَّ ظِلُّهُ إِمَامٌ عَادِلٌ   رَواهُ البُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Етти нафар кишини Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг соясидан бошқа соя йўқ бўлган кунда (Аршнинг) соясида соялантиради: (Биринчиси) одил раҳбар”... Имом Бухорий ривоят қилган.

Уламолар ушбу ҳадиси шарифда хабар берилган одил раҳбарга подшоҳ ҳам, унинг ёрдамчилари ҳам, умуман, жамиятдаги барча катта-кичик раҳбарлар киришини айтганлар. Яъни қайси бир мусулмоннинг зиммасига бирор масъулиятли вазифа юкланган бўлса-ю, вазифасида адолат билан иш юритадиган бўлса, у ушбу адолати туфайли охиратда улкан мукофотга сазовор бўлар экан.  

Шу маънода раҳбарларнинг қўл остидаги ходимларининг арзларини баён қилишлари учун қулай шароит қилиб беришлари ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш йўлида саъйи-ҳаракат қилишлари улкан саодат ҳисобланади. Зеро, Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилганлар:

اللَّهُمَّ مَنْ وَلِىَ مِنْ أَمْرِ أُمَّتِى شَيْئًا فَشَقَّ عَلَيْهِمْ فَاشْقُقْ عَلَيْهِ وَمَنْ وَلِىَ مِنْ أَمْرِ أُمَّتِى شَيْئًا فَرَفَقَ بِهِمْ فَارْفُقْ بِهِ

“Эй Аллоҳим, кимки умматим ишидан бирор нарсага раҳбар бўлиб, уларни машаққатга қўйса, Сен ҳам уни машаққатга қўйгин, кимки умматим ишидан бирор нарсага раҳбар бўлиб, уларга мурувват кўрсатса, Сен ҳам унга мурувват кўрсатгин”.

Яъни жамиятдаги катта-кичик ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагиларга қилган мурувватлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур муборак дуоларига сазовор бўладилар.

Аллоҳ таоло барча раҳбарларимизни Ўзининг мурувватига сазовор бўладиган раҳбарлардан қилсин.

Шунингдек, инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилиш ҳам динимизда тарғиб қилинган амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган:  

عن أبي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الآخِرَةِ وَمَنْ سَتَرَ عَلَى مُسْلِمٍ سَتَرَهُ اللَّهُ فِى الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ وَاللَّهُ فِى عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِى عَوْنِ أَخِيهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор мўминдан дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади. Ким бир мусулмон (нинг бошқаларга алоқаси бўлмаган бирор айби)ни яширса, Аллоҳ уни(нг айбларини) дунёю охиратда яширади. Банда, мадомики, дўстига ёрдам бериш (йўли)да бўлар экан, Аллоҳ унинг мададкори бўлади”, –  дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини бутун инсониятнинг энг яхшиси экани шундай эълон қилинган:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاس

“Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (“Оли Имрон” сураси, 110-оят).

Шайх Муҳаммад Али Собуний ушбу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари, сизлар барча умматларнинг энг яхшисидирсизлар.  Чунки сизлар барча инсонларга энг манфаат берувчи инсонсизлар”.

Ҳа, мусулмонлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш сингари ишлари билан доимо барча инсонларга манфаат бериб келганлар. Улар ушбу ишлари туфайли энг яхши умматга айланганлар.     

Аллоҳим, бизларни энг яхши уммат номига муносиб ҳаёт кечириш саодатига муваффақ қилгин. Жонажон Ватанимиз равнақи йўлида холис ният билан хизмат қилаётган барча азизларимизни тинчлик ва офиятда бардавом бўлиб боришларини Ўзинг таъминлагин!  

***

“Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар”. (Оли Имрон, 159.)

***

وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ

“Ишлари ўзаро шуро (маслаҳат) ила бўлган...”

“Шуро” сураси, 38-оят

***

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَم وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرّ وَالْبَحْر وَرَزَقْنَاهُمْ مِنْ الطَّيِّبَات وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِير مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

“Исро” сураси, 70-оят

***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рвиоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, сизларни менга энг маҳбубингиз хулқингиз гўзал ҳамда дўст тутиниб, елкадош бўлганингиздир”.

***

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, одамлар ичида яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўлганлари бор. Албатта, одамлар ичида ёмонликка калит, яхшиликка қулф бўлганлари бор. Аллоҳ кимни яхшиликка калит қилган бўлса, унга жаннат бўлсин. Аллоҳ кимни ёмонликка калит қилган бўлса, унга вайл бўлсин”.

***

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: “Аллоҳга энг севимли киши ким?” ва “Аллоҳга энг севимли амал қайси?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга энг севимли киши, одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш. Ёки унинг ташвишини аритиш. Ёки қарзини ўташ. Ёки ундан очликни кетказиш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, ушбу масжид – Масжидул набавий – да эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир” - дедилар.

***

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мўминнинг дунё ташвишларидан бир ташвишини артиса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналганга енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик беради. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда мадомики, дўстининг ёрдамида экан, Аллоҳ унинг ёрдамида бўлади”, дедилар.

***

Абу Масъуд ал-Ансорий ал-Бадрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким яхшиликка далолат қилса, унга ҳам амал қилганнинг ажридек ажр бўлади”, дедилар.

***

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларга аралашиб, уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин, одамларга аралашмай, уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўминдан ажри улуғдир”, дедилар.

***

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминлар бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатишда, меҳр-муҳаббатли бўлишда ва ўзаро бир-бирларига ёрдам беришда бир жасад кабидирлар. Агар бир аъзо касалланса, бошқаси унга иситма ва бедорлик билан ёрдам беради”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Бухорий).

***

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизни ҳурмат қилмаган – биздан эмас...”

Термизий ривоят қилган. (“Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотул масобиҳ” китобидан)

***

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ердаги кишиларга раҳм қилинглар, самодагилар сизга раҳм қилишади”.

Имом Бухорий “Адабул муфрад” китобида ривоят қилган. Шунингдек, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилишган.

***

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло оналарга оққ бўлишни, қизларни тириклайин кўмишни, манъ ва ҳотни ҳаром қилди...”.

Уламолар мана шу ҳадиси шарифдаги “манъ” сўзидан мурод “инсонни ҳуқуқларидан тўсиш” деб, “ҳот” деганини эса, “ҳаққи бўлмаган нарсани талаб” қилиш деб шарҳлаганлар. Шундай экан, инсонни ҳақ-ҳуқуқларидан тўсиш, унинг манфаатларидан маҳрум қилиш – бу Аллоҳ таоло қайтарган амаллардан ҳисобланади.

 Соатмурод Примов Тошкент ислом институти

“Диний фанлар” кафедраси мудири

Read 4163 times

Мақолалар

Top