Мақолалар

Ғулувга кетиш ҳалокатлидир

 

Ислом дини бешта рукнга бино қилинган бўлиб, уларнинг энг биринчиси, қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асос саналган рукн имондир. Ақида масаласида барча мусулмонлар етарли даражада илмга эга бўлишлари шарт.

Ақида борасида битилган энг мўътабар китоблардан биринчиси – “Ал-фиқҳул акбар” китобида Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Ҳар бир мусулмон шундай деб айтиши вожиб: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир. Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ жиҳатидан эмас, балки Унинг шериги йўқлиги жиҳатидан”».

Банда юқорида айтилган ақидаларга, аввало, чин қалбдан ишониб, сўнг уни тилида айтса, имони комил бўлади. Шунинг учун дилда тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши шарт қилинган. Ҳар бир мусулмоннинг ақидаси тўғри бўлиши ўта муҳимдир. Яъни, ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат қилса ҳам, ақидаси тўғри бўлмагани сабабли ибодатлари бесамар кетиши мумкин.

Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта так­рорлаганлар (Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ўзига Қуръони карим ва суннати набавияда айтилмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъёрга риоя қилмасдан, ҳаддан ошириб юбормаслиги лозим. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, баъзилар динни жуда ҳам енгил санаб, Аллоҳ таолонинг мағфиратига қаттиқ ишонган ҳолда, дангасалик билан У зот буюрган амалларни адо қилишни ортга сурадилар. Бу ҳам нотўғридир.

Динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, бе­қарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қо­лур» (Анфол сураси, 46-оят). Демак, ўзаро келишмовчи­ликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фир­қаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қув­вати кетиб қолишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда ҳам ёшларимиз орасида диний билимни интернет саҳифаларидан ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри ақидаларга эргашиб қолаётганлар йўқ эмас. Фарзандларимизнинг ақидаси тўғри шаклланиши учун уларнинг юртимиздаги исломий таълим муассасаларини битирган мутахассислар – имом-хатибларимиздан ўгит-маслаҳат олишларини, юртимизда чоп этилаётган диний-маърифий адабиётлардан, muslim.uz, hidoyat.uz, islom.uz ва бошқа бир қатор масжидлар ва мадрасаларнинг электрон нашрларидан баҳраманд бўлишларини таъминлаш зарур.

 

Бобохон ҚОСИМОВ,

Музработ тумани бош имом-хатиби

Read 2457 times

Мақолалар

Top