Мақолалар

Карантинни ўзимиз ва ўзгаларга фойдали  қилайлик

Коронавирусдан дунё бўйлаб ҳар куни қанча одам вафот этгани ҳақидаги хабарларни кўпчилик хавотир билан кузатмоқда. Бу вабо миллат, ирқ ёки ҳудуд танламаяпти. Унга қарши иқтисодий жиҳатдан ривожланган қудратли мамалакатлардан тортиб, аҳолиси кам бўлган кичик давлатлар ҳам курашмоқда. Айрим минтақаларда дори-дармон, кундалик истеъмол маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмоқда. Ана шундай беқарор вазиятда мусулмон киши ўзини қандай тутиши керак? Динимизда бунга доир аниқ кўрсатмалар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вабо бало ёки азобдир. Уни Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда пайдо бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган ерда воқеъ бўлса, ундан қочиб у ердан чиқмангиз», дедилар” (Икки Шайх ва Имом Термизий ривояти). Ҳадиси шарифда хасталик пайдо бўлганда мусулмонлар жамоаси у ерга бормаслиги, агар улар хасталик тарқалга худудда бўлса, у ердан чиқмасликка буюрилмоқда. Бу 14 аср олдин Исломда жорий қилинган карантин чорасидир.
Афсуски, хозирда бу балони жиддий қабул қилмаётганлар учраб турибди. Тўғри, тушкунликка тушиш ёки ваҳима қилмаслик лозим, аммо бу эҳтиёт чораларини кўрмасдан ўзини жар ёқасига ташлаш керак, дегани эмас. Вабо тарқалганда тиббиёт мутахассислари тавсиясига амал қилиш шариат томонидан ҳам қўллаб-қувватланади.
Ҳозирги ҳолатда юзга ниқоб тақиб юриш, заруратсиз уйдан чиқмаслик, бирор иш билан кўчага чиқсак, қўл ва юзни ювиш, жамоат жойларидан узоқ бўлиш каби эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.
Айни кунларда кўпчилик оила аъзолари билан уйда бўлгани сабабли қуйидаги тавсия қиламиз:
– Касалликдан сақланиш сабабларини қаттиқ тутиш ва кўп дуою истиғфор айтиш;
– Оила аъзолари ўзаро аҳил, муҳаббатли бўлиб, катталар насиҳату маслаҳалатидан кўпроқ баҳра олиш;
– Болалар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиб, уларда иймон ва таваккул фазилатларини янада теран шакллантириш;
– Хайру эҳсон, яхшилик улашишда мусобақалашиш, бу борадаги ишларга тарғиб қилиш;
– Қуръони каримни тиловат қилиш, набавий ҳадислардан ўқиш ва бошқа фойдали китобларни мутолаа қилиш;
– Зикр, саловат, истиғфор, тасбеҳ ва дуоларни кўпайтириш.
Ҳозирги карантин вақтида бўш вақтимизни ғанимат билиб кўплаб ишларни қилиш имконига эгамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Икки неъмат борки, кўп одам уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Азизлар, бугунги синовли кунларда ўзаро аҳл бўлиб, бир-биримизга елкадош бўлайлик! Қўлимиздан келган барча эҳтиёт чораларини кўриб, сўнг Аллоҳ таолога таваккал қилайлик, турли хил васваса, ёмон гумонларга берилмайлик! Ҳукуматимиз жорий қилаётган қонун-қоидаларга, тиббиёт мутахасисларининг тавсияларига астойдил амал қилайлик. Шунда Аллоҳ таолонинг изни ила бу иллатнинг тарқалмаслигига ҳисса қўшган бўламиз.
Аллоҳ таоло бу балони инсоният бошидан тез орада аритсин, барчамизни Ўз ҳифзида сақласин, беморларга мукаммал шифо берсин!

Ҳабибулло ЗОКИРОВ,
Сирдарё вилояти бош имом хатиби

Read 2281 times

Мақолалар

Top