Мақолалар

Экин экиш – мўл ризқ гарови

Долзарб мавзу 

Халқимиз меҳнаткаш, азалдан бир парча ердан миришкорлик билан фойдаланиб, хонадонига Аллоҳнинг инояти ила барака киритаётган, ризқу рўзини бутлаб, омилкорлик билан иш тутаётган юртдошларимиз кўплаб топилади.

Бироқ бу йил экин-тикиш экиш мавсумида коронавирусни баҳона қилиб ҳайҳотдек томорқасини бўш қолдирган кишилар ҳам учраётгани кишини ташвишга солади. Муҳтарам Президентимиз жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам юртимиз мўмин-мусулмонларига мурожаат қилиб, динимиз деҳқончиликка, ердан унумли фойдаланишга, ҳар қарич жойни обод қилишга буюрганини оят ва ҳадислар асосида батафсил тушунтириб бердилар.

Дарҳақиқат, инсон меҳнат билан тетик, ҳар қарич ерни файзга буркаш билан тилларда достон. Муқаддас динимизнинг асосий манбалари Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ҳам экин экиб, ризқу рўз топишга тарғиб этилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирор туп кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимизда бундай ишлар қадрланади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳатто пайғамбарлар ҳам муайян касб билан шуғулланганлар. Мисол учун, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик билан шуғулланган.

Аллоҳнинг эрка бандалари бирор касбнинг бошини тутган экан, бизнинг бекор ўтиришимиз, томорқаларимиз қақраб ётиши, “олма пиш – оғзимга туш” қабилида иш тутиш шармандали ҳолат.

Ён-атрофимизга, ҳашаротларга қараб ибрат олишимиз керак. Бежиз Алишер навоий ҳазратлари:

Тухум ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?! демаганлар.

Демак, кўчат экиш, экин-тикин қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш савобли амаллар сирасига киради. Кши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам унинг ҳақига муттасил равишда савоб бориб туриши учун ерга ниҳол қадашкерак. Шундай экан, бу эзгу ишдан четда қолмайлик.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари

Read 3584 times

Мақолалар

Top