Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк хатиб

Ислоҳот ишларини олиб борувчи барча даъватчи имомлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хутбаларидаги кўрсатма ва тавсияларга иқтидо қилиши, юксак одобларидан ўрнак олиб, ул зот тутган услубларидан намуна ва ибрат олишлари лозим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) панду насиҳатларини тингловчиларга дона-дона ва равон ҳолда етказишга эътибор берганлар. У зот хутбаларини баланд жойда, юқори овозда ва тик турган ҳолда қилардилар. Шунинг учун ҳам Мадинадаги масжидларига минбар ясатилган.  Муборак сўзлари қалбларнинг туб-тубидан жой олиши учун ҳаммага тушунарли лафзлар, гўзал шаклдаги ёрқин маънолар ва ифодали иборалар билан хутба қилишни одат қилганлар. Баъзан панду насиҳатлар эшитувчилар қалбларига етиб бормай, бу қулоғидан кириб бу қулоғидан чиқиб кетишининг олдини олиш, энг муҳим жиҳатини билдириш мақсадида жумлаларни уч маротаба такрорлаганлар. Баъзан хутбаларида қофияли сўзлардан фойдалансалар, аксарият ҳолларда қофиясиз ва оддий сўзлар билан кифояланганлар. Чунки одатда доимий қофияли сўзлаш ортиқча машаққат талаб қилади. Бунинг натижасида эса маънолардаги равшанлик ва ойдинлик йўқолади. Яна у зот одамларга малол келишидан сақланиб, хутбани чўзиб юбормасдилар. Чунки бутун вужуди билан қулоқ тутган ҳолатда оладиган фойдани малолланган ва зериккан ҳолатларда олиб бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам: “Кишининг намози узун ва хутбаси қисқа бўлиши унинг заковатига далолат қилади”, деб марҳамат қилардилар.

 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутбалари қисқа ва лўнда бўлишига қарамай, ҳикмат ва гўзал панду насиҳатларга бойлиги билан ажралиб турган. Зеро, бундай пурмаъно хутбалар балоғати ва мўъжазлиги борасида урфга айланган жумлалар ва ҳикматга бой сўзлар билан тўлиб-тошган эди. Гоҳида жума кунларидан бошқа вақтларда ҳам минбарга чиқиб хутба қилардилар. Баъзи кунларда хутбалари аср вақтидан то қуёш ботгунча давом этарди.

У зот хутбаларини Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлаб, изидан шаҳодат калимаси – “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ”ни айтардилар ва ундан сўнг: “Аммо баъд...”, дея бирор ҳикмат ё ваъз-насиҳатга ўтардилар. Баъзан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутбанинг маъносини тасдиқлаш мақсадида унга мувофиқ ҳолда қўллари билан ишора қилардилар. Бир хутбаларида: “Мен билан Қиёмат мана шундай бўлган ҳолатда юборилдим”, дея икки бармоқлари – кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига бирлаштириб кўрсатадилар. Шунингдек, Расули Акрам (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ таолони зикр қилган ва У зотга дуо қилиш вақтларида кўрсаткич бармоқлари ила ишора қилишлари ривоятларда келган. Баъзан ҳолат тақозосига қараб, ул зотда огоҳлантириш ва ғазаб аломатлари аниқ билиниб турарди. Баъзи вақтлардаги хутбаларида икки кўзлари қизариб, қаттиқ ғазабланганларидан худди аскарларни огоҳлантираётгандек ҳолга тушардилар.

Пайғамбаримиз баъзан хутба қилишдан олдин қавмга бир қараб олгандан кейин вазиятдан келиб чиққан ҳолда ваъз-насиҳатга ўтардилар. Бу вақтда риоя қилинмаётган бир яхшиликни қилишга буюрардилар ва мабодо қилиниши керак бўлмаган ишни қилишмоқчи бўлишса, ундан қайтарардилар.

Ҳақиқий даъват ҳужжат асосига қурилмоғи керак. Тўғри йўлга бошламоқчи киши барча ҳикмат йўлларидан воқиф бўлиб, гўзал одобларни қўллаган тақдирда, даъват илдизи мустаҳкам бўлади, шохлари бўй чўзиб, мева беради. Расулуллоҳнинг Ислом динига чорлашлари ҳам худди мана шундай услубда бўлганини айтиб ўтишга ҳожат бўлмаса керак.

Чунки ул зот ўз даъватларини ақл ва зеҳнга малол келмайдиган ҳамда мароқ билан эшитиладиган ҳикматлар билан бойитганлар. Пайғамбар (алайҳиссалом) панд-насиҳатларини талаб-тақозосини инобатга олган ҳолда сўзлардилар ва уни ўзига мос либослар билан зийнатлардилар. У зот ҳузурларида ўтирган турли тоифа кишиларнинг ақлларига мос ҳолда хутба қилардилар ҳамда қизиқишларини уйғотиб, гумроҳликдан қайтишлари учун ўзига жалб этувчи гўзал хулқ ила муомалада бўлардилар.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) доимо ҳақ йўлига чақириб, даъват асносида Қуръони каримдан ҳужжат-далилларни келтириб ўтардилар. Буни динга оид аслий қоидаларга тўхталсалар, албатта унга ёрқин ҳужжат келтириб, турли шубҳаларга ўрин қолдирмасдилар. Яна у зот даъват чоғида ҳужжат-далилга асосланиб, одамлар қалбига озгина бўлса ҳам шубҳа оралашига йўл қўймасдилар. Яна у зот Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги гўзал ҳикматларни етказишни мақсад қилиб олган эдиларки, унга қулоқ тутган киши Ислом дини узил-кесил ҳал қилувчи дин ва ҳазил эмаслигини яққол билиб оларди.   

Даъват этишларидаги юксак ҳикматларидан яна бири, у зот Ислом динини кенг ёйиш йўлида қабилаларнинг обрўли кишиларига ҳадялар улашардилар. Бундай қилишлар ўз навбатида ўртадаги адоватларни бартараф этар ва узилган алоқаларни боғлашга хизмат қиларди. Қолаверса, ундай қалбларни даъватнинг рост эканини тасдиқ этишига ҳозирларди. Яқинда мусулмон бўлган қабила зодагонларининг имонлари турли фитналарга қалқиб кетадиган ва қалбларига мустаҳкам ўрнашмаганлигини билганлари сабаб бундай йўл тутганлар: “Албатта мен (фалон) кишига бошқаси ундан афзал бўлишига қарамай ҳадя бераманки, Аллоҳ таоло ўша кишини жаҳаннамга юз тубан ҳолда улоқтиришидан қўрқаман”.

Яна у зотнинг даъват этишларидаги одобларидан бири давъат олдидан сабр-бардош, юмшоқ ва мулойимлик каби юксак фазилатлар ила зийнатланиб олардилар. Даъватлари асосан юмшоқсўзлик билан амалга оширилган. Калтафаҳм, бефаросат кишилардан юз ўгирардилар. Феъл-атвори ёмон, ахлоқсиз кишиларни эса кечиримлилик ва меҳрибонлик ила қарши олардилар.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қурайш мушриклари, ахлоқсизлари ва калтафаҳмлари томонидан кўп зиён-заҳмат етган. Шунга қарамай, ул зот бундай азиятларни сабр ила қарши олиб, ўз навбатида даъватларидаги азму қарор, эркинлик ва ҳотиржамликдан бироз бўлса-да чекинмас эдилар. Айрим мунофиқлар ва қўрс бадавийлар у зотнинг шаънларига қанчадан-қанча тўҳмат ва бўҳтон тошларини ёғдирганларини биламиз. Лекин уларга кечириш ёки табассум қилиб қўйиш билан жавоб берганлар. Расулуллоҳ ножоиз ишни қилган кишига танбеҳ беришда ҳам одоб доирасида иш тутганлар. Ҳатто бирор кишидан хатолик содир бўлса, қайтариқни айни ўзига қаратмасдан умумий тарзда айтардилар. Бир куни уч киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уйларига келиб Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ул зотнинг кундалик амаллари ҳақида сўрашади. Жавобни олганларидан кейин Расулуллоҳдек зот кўп амал қилар эканлар бизлар ким бўлибмиз оз амал қиламиз, дея бири энди фақат рўза тутишга, яна бири умуман уйланмасликка ва яна бири эса кечалари умуман ухламасликка келишиб олишади. Бундан хабардор бўлган Расулуллоҳ: “Мен қиладиган амаллардан ўзларини тиядиган қавмнинг оқибати нима кечар экан? Аллоҳга қасамки, мен улардан кўра Аллоҳ таолони билувчироқ ва У зотдан қўрқувчироқман”, деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даъват услубида ўзига хос ҳикматлар жуда кўп. Шулардан бири ул зот ҳаммага ҳам ҳадеб панд-насиҳат қилмас эдилар, балки ваъз-насиҳатни истаган ва эшитишга иштиёқманд бўлган пайтларини бой бермасликка ҳаракат қилардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтган гаплари бунга очиқ-ойдин мисол бўлади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларда зерикиш пайдо бўлишини истамаганларидан баъзан панд-насиҳат қилиб турардилар”.

Яна ул зот подшоҳлар ва турли тоифадаги кишиларга мактуб юборишда қисқача баён этиш йўлидан борганлар. Мактубларни етказувчи элчиларга қандай даъват қилиш, қандай ҳужжат-далил келтириш ва қандай шак-шубҳаларни бартараф этишни ўргатганлар. Чунки бундай ишларни бажаришга саҳобалар ичида лаёқатли кишилар топилган.

Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг савол сўровчиларга гўзал услубда жавоб берардилар. Ул зот саволга умумий шаклда жавоб айтардилар.  Ҳатто савол берган кишига “ҳа”, ёки “йўқ”, деб жавоб беришлари етарли бўларди.

Маҳориблик бир кишини илгари жоҳилият даврида қабилалар орасида даврага чиқиб ўзини-ўзи кўз-кўз қилиб юрган кунлари қийнар эди. Бир куни Маҳориб гуруҳлари билан Расулуллоҳ ҳузурларига келганида ўзини қийнаб келаётган ташвишини ошкор этди ва: “Менинг гуноҳларимни кечиришини Аллоҳ таолодан сўранг”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ислом (мусулмон бўлиш) олдинги куфр амалларни ўчиради”, дедилар. Бундан у кишининг кўнгли кўтарилди.

Даъват услубларининг яна бир жиҳати шундаки, у зот даъват асносида ажойиб ўхшатишлар ва гўзал зарбулмасалларни келтириб ўтардилар. Чунки Ислом динига чорлашда ташбеҳлар ва мисоллар келтиришнинг кўпчиликка тушунарсиз ва номаълум маъноларни тушунарли тус олишига катта таъсири бор. Бу борада айтилган ҳадисларнинг энг гўзалларидан бири: “Сиз мўминларни ўзаро дўстлашишлари, бир-бирларига меҳр-шафқатли ва ҳамдард бўлишларида бамисоли бир жасад эканини кўрасиз. Агар жасаднинг бир аъзоси (касалликдан) шикоят қилса, бошқа аъзолари  ҳам бедор бўлишда, безгак тутишда ҳамдард бўлади”. Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг исломга даъват этишдаги ўзига хос маҳоратлари ҳар бир қавмга ўзлари тушунадиган сўзлар билан гапирганларида ҳам намоён бўлади. Бирор кишига ақли етмайдиган сўзлар билан гапирмаганлар. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари шундай марҳамат қилдилар: “Инсонларга тушунадиган сўзлар билан гапиринглар. Ахир сизлар Аллоҳ ва Расулини ёлғонга чиқарилишини истамайсизлар-ку?”.

Баъзида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларнинг таклифларига мувофиқ иш қилардилар. Албатта, ундай ишлар зарари йўқ одатий ишлардан бўлар эди. Бир куни айрим подшоҳларни исломга даъват қилиш мақсадида мактуб жўнатмоқчи бўлиб турганларида, ул зотга: “Улар муҳрланган мактубнигина очиб ўқийдилар”, деб айтилди. Шунда у зот муҳр қўйиш учун “Муҳаммадур расулуллоҳ” ёзуви нақшланган бир кумуш узукни тақдилар.

Айрим ҳолларда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарк қилинса, зарари йўқ ишларни фитнадан сақланиш мақсадида қилмай қўяверардилар. Бунга Каъбани бузиб, уни Иброҳим (алайҳиссалом) кўтарган пойдеворигача етказиб қўйиш масаласини мисол қилсак бўлади. Ул зот бу ишни энди Исломни қабул қилган қавм нотўғри тушунмасин, деб тарк қилганлар. Бу борада Ойша онамизга: “Қавмингиз энди исломга кирган бўлмаганларида эди, Байтуллоҳни қайтадан қуришни буюрардим. Кейин ундан чиқарилган нарсалар (қисмлари)ни қайта киргизиб (тиклаб) Иброҳим (алайҳиссалом)нинг пойдеворигача етказиб қўйган бўлардим”, деганлар.

 

Манбалар асосида

Ғиёсиддин БАРАТОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси таржима қилди.

Read 4441 times

Мақолалар

Top