Мақолалар

Ҳар қандай дарднинг давоси – тавба

Гуноҳ – бадан хасталигидан оғирроқ бўлган қалб хасталигидир. Афсуски бу дардга чалинган киши хаста эканини билмайди. Гўёки унинг оқибати бу дунёда кўринмайди. Дардини аниқламаган киши давосини ҳам топа олмайди.

Гуноҳда бардавом бўлишнинг сабаби ғафлат ва шаҳватдир. Бу ҳолатда ғафлатга илм билан, шаҳватга эса сабр билан қарши турилади.

Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва хабарларда ўтган қавмларга гуноҳлари сабабли етган мусибатлар ҳақида қиссалар ва ҳикояларда кўп зикр қилинган.

Қалб хасталиги бўлмиш гуноҳнинг касофати бу дунёда ҳам уради. Бандага дунёда етаётган мусибатлар ана шу дарднинг сабабидандир.

Аллоҳ таоло бошимизга келаётган мусибатларга ўзимиз айбдор эканимизни бундай таъкидлайди: “Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур (Шуро сураси, 30-оят.)

Аллоҳ ўта меҳрибон Зотки, биз бандаларни ҳар бир гуноҳимиз учун эмас, фақатгина баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпларини кечириб юборади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир (Мутоффифун сураси,14-оят).

Ҳа, банда гуноҳ қилаверса қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўмин киши гуноҳ қилса, қалбида бир қора нуқта (доғ) пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтиб, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳни зиёда қилса қалбидаги қора (доғ) ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қуръондаги «Каллаа! Бал, рона ъала қулубиҳим» (Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир), – дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Савобли, хайрли амал қалбга нур ва баданга қувват бўлса, гуноҳ, маъсият эса қалбга зулмат ва баданга беҳоллик келтиради”, деганлар.

Аллоҳим! Астойдил, илтижо ила қилаётган тавбаларимиз сабаб гуноҳларимизни фазлинг билан кечиргин. Инсоният бошига тушган ушбу бало-вабони қудратинг ила кўтаргин. Қалбимизга нур, баданимизга қувват бўладиган савоб ишларда собит қилгин. Қалбимизга зулмат ва баданимизга беҳоллик бўладиган турли гуноҳ ва маъсиятлардан Ўзинг асрагин, омин.

 

Худойберди қори САИДОВ,

Тошкент шаҳар Олмазор тумани

“Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 2648 times

Мақолалар

Top