Мақолалар

Сабр – жаннат эшигининг калити

2020 йилнинг аввали барча учун синовли давр бўлмоқда. COVID-19 дунё ҳамжамиятини бирлашишга, ҳамкорлик қилишга ва унга қарши ёнма-ён курашишга мажбур қилди. Нафақат юртимиз, балки жаҳонга келган бундай синовли вақтларда Яратганни кўпроқ эслаб, унга дуои истиғфорлар айтиш бутун башарнинг олдидаги муҳим вазифага айланди.

Мана шундай мураккаб вазиятларда инсонпарварлик фазилати коронавирус пандемиясига қарши курашишнинг маънавий асосларини ташкил этди. Буни шифокорларимизнинг беморликка чалинган юртдошларимизга кўрсатаётган фидокорликлари, бу йўлда хизмат қилаётган соҳа вакилларининг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши, саховатпешаларимизнинг кўрсатаётган хайр-эҳсонлари, имомларимизнинг қилаётган хатму дуоларида кўришимиз мумкин.

Фидокорлик нафақат халқ дардини кўтараётганлардан, балки ўз уйида оиласи билан карантин қоидаларига қатъий амал қилишни татбиқ этаётган аёлларимизда ҳам кўришимиз мумкин. Бу синовли вазиятда аёлларимиздан ҳам меҳрибон она, солиҳа аёл, оқила устоз, моҳир ошпаз ва тадбиркор уй бекаси бўлиш давр талаби бўлмоқда. Бу йўл эса сабр ва матонат билан янада мунаввардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  الصبر مفتح الفرح   , яъни “Сабр барча хурсандчиликлар калитидир” – деб айтганлар. Баъзи бир ривоятларда “Сабр – жаннат эшикларининг калити” деб, ҳам келтирилади. Шунингдек, Абу Ҳурайра (р.а.): “Кимга сабр қилиш неъмати ато этилган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум бўлмайди”. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят) деб келтирган, деб марҳамат қилганлар.

Айниқса, шариатимиз биз аёллардан, онажонларимиздан, опа-сингилларимиздан сабрда намуна бўлишлигимизга чақирилганмиз. Сабр шундай бир гўзал фазилатки, у ила мўмин Қодир Аллоҳга яқинлашиш, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Сабр карвоннинг боши десак, унинг давоми шукрдир. Сабр ва шукр ҳар қандай вазиятда инсонни саодатга етаклайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ сабрлилар билан биргадир. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бахтли инсон бу фитна-фасодлардан четлаб юрувчи ва мусибатларга сабр қилувчи кишидир”, деганлар. Икки дунё саодатига эришиш мўмин ва мусулмонларни азал орзуси экан, унга етишишнинг гўзал услуби эса бу сабр ва шукрдир.

Биз аёллардан эса нафақат сабр, балки у билан йўғрилган ҳусни ҳулқ ва гўзал муомалада ҳам бўлишимиз талаб этилади. Аллоҳ таоло шундай қудратли зотки, ҳар бир бандасига берган синов ёки мусибатига яраша муносиб сабр ҳам беради. Шунинг учун бўлса керак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Сабр илк дақиқаларда билинади”, деб айтганлар.

Жамиятни мустаҳкам қўрғонга ўхшатсак, унинг илк бўғини бўлмиш оила эса пишиқ ғиштидир. Оиламиз аъзолари билан уйимизда барчамиз биргаликда коронавирус касаллигига қарши курашиш бу хасталикнинг таг замири билан қуриши имконини беради.

Шуниси муҳимки, аёлларимиз нафақат сабр ила оила тебратишлари, балки фарзандлари ва оила аъзоларининг покликка қатъий амал қилишларини назорат қилишлари ва унинг учун муносиб шароит яратиб беришлари шарт. Бунинг ўзи билан чекланмасдан муборак Рамазон ойларида хатмул Қуръонларни қўп қилишлари, ибодатларида дуоларини кўпайтиришлари, ўз устиларида муттасил ишлаб, илм ва малакаларини оширишлари берилган фурсатдан унумли фойдаланиш, деб ҳисоблаш мумкин.

Нозима ИБРАГИМОВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

муассасаси директори

 

 

 

 

Read 4081 times

Мақолалар

Top