Мақолалар

Салавот айтиш фазилати

“Салавот” сўзи луғатда, арабча “الصلاة” сўзининг жами бўлиб, “дуо” маъносини англатади. Бунга ушбу оят далил бўлади:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”. (Тавба, 103-оят).

Шунингдек, намозда дуо маъноси борлиги эътиборидан араб тилида намозни ҳам “солат” дейилади.

Истилоҳда салавот бир неча маъноларни англатади:

  1. Аллоҳ томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.
  2. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.
  3. Мўмин - мусулмонлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.

Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари ва инсонлар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилишига қуйидаги оят далил бўлади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56-оят).

  1. Аллоҳ таоло томонидан бандаларига бўлган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таоло бандасига раҳматини юбориши ва савобини кўпайтириб беришини”, англатади. Аллоҳ таоло томонидан бандаларига салавотнинг бўлишига ушбу ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَلَّى عَلَىَّ وَاحِدَةً صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ عَشْرًا". رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади”, дедилар (Муслим ривоят қилган).

  1. Фаришталар томонидан инсонларга бўлган салавотнинг маъноси: “У зотга салавот айтган кишининг ҳаққига дуо қилишлари ва унга истиғфор айтишларини”, англатади. Фаришталарнинг инсонларга салавот айтишларига ушбу ҳадис далил бўлади:

عَن عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: مَنْ صَلَّى عَلَى النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَاحِدَةً، صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَمَلاَئِكَتُهُ سَبْعِينَ صَلاَةً. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У: “Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битта салавот айтса, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари унга етмишта салавот айтишади”, деди (Аҳмад ривоят қилган).

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилати

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш фазилатли ва савобли амалдир. У зотга салавот айтиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56-оят).

Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари, шунингдек, Аллоҳ таоло мўъминларни ҳам Набий алайҳиссаломга салавот айтишга буюриши, бу ишнинг қанчалик муҳим ва фазилатли амал эканига далолат қилади. Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан салавот айтишнинг фазилати борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида шу ҳадисларда баён қилинган фазилатлар ҳақида сўз юритилади:

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битта салавот айтган кишига Аллоҳ таоло томонидан ўнта салавот айтилиши, ҳамда унинг ўнта гуноҳи ўчирилиши ва унинг учун ўнта даража кўтарилиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً وَاحِدَةً صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ عَشْرَ صَلَوَاتٍ، وَحُطَّتْ عَنْهُ عَشْرُ خَطِيئَاتٍ، وَرُفِعَتْ لَهُ عَشْرُ دَرَجَاتٍ". رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтган киши жаннатда у зотга яқин ўринда бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "أَوْلَى النَّاسِ بِى يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَكْثَرُهُمْ عَلَىَّ صَلاَةً". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, уларнинг менга кўп салавот айтганларидир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлик дуоларни ижобат бўлишига сабаб бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: كُنْتُ أُصَلِّى وَالنَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ مَعَهُ، فَلَمَّا جَلَسْتُ بَدَأْتُ بِالثَّنَاءِ عَلَى اللهِ تَعَالَى، ثُمَّ الصَّلاَةِ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ دَعَوْتُ لِنَفْسِى، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "سَلْ تُعْطَهْ، سَلْ تُعْطَهْ". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган ҳолатларида мен намоз ўқидим. Ўтиргач, аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдим. Кейин ўзим учун дуо қилдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўранг бериласиз, сўранг бериласиз”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: إِنَّ الدُّعَاءَ مَوْقُوفٌ بَيْنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ. لاَ يَصْعَدُ مِنْهُ شَىْءٌ حَتَّى تُصَلِّيَ عَلَى نَبِيِّكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, дуо ер ва осмон ўртасида мавқуф (тўхтатилган) бўлиб туради. То Набиййинга салавот айтмагунингча, ундан бирор нарса кўтарилмайди”, деди (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишган киши охиратда у зотнинг шафоатларига ҳақли бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ رُوَيْفَعِ بْنِ ثَابِتٍ اْلأَنْصَارِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَنْ صَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ وَقَالَ: اللَّهُمَّ أَنْزِلْهُ الْمَقْعَدَ الْمُقَرَّبَ عِنْدَكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؛ وَجَبَتْ لَهُ شَفَاعَتِى". رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Рувайфаъ ибн Собит ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Муҳаммадга салавот айтиб: “Аллоҳумма анзилҳул мақъадал муқорраба индака явмал қиямати” (Эй, Аллоҳ! Қиёмат куни уни ҳузурингдаги муқарраб жойга туширгин)” деб айтса, унга шафоатим вожиб бўлади”, дедилар (Аҳмад ривоят қилган).

Юқоридаги ҳадисларда салавот айтган кишининг фазилатлари зикр қилинди. Қуйидаги ҳадисларда эса, салавот айтмаган кишининг аҳволи ҳақида баён қилинган:

  1. Салавот айтмаган кишининг хор бўлишлиги. Бунга ушбу ҳадис далил бўлади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ دَخَلَ عَلَيْهِ رَمَضَانُ ثُمَّ انْسَلَخَ قَبْلَ أَنْ يُغْفَرَ لَهُ، وَرَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ عِنْدَهُ أَبَوَاهُ الْكِبَرَ أَوْ أَحَدُهُمَا فَلَمْ يُدْخِلاَهُ الْجَنَّةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинсаму менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унга Рамазон ойи кириб келса сўнгра у мағфират қилинмасидан олдин Рамазон ойи охирига етиб бўлган кишининг бурни ерга ишқалсин(хор бўлсин). Унинг ҳузурида ота онаси ёки икковидан бири кексаликка етиб, иккови уни жаннатга кирита олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин(хор бўлсин)”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаган киши бахил деб аталиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "الْبَخِيلُ الَّذِى مَنْ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيَّ". رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинганимда менга салавот айтмаган киши бахилдир”, дедилар (Термизий ривоят қилган).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салавот айтиш жуда ҳам фазилатли амал бўлиб, бу сабабли инсон кўп савобларга эришади. Энг муҳими, қиёматда пайғамбаримизнинг шафоатларига ҳақли бўлади. Шунга кўра, инсон салавот айтишни ўзига одат қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 Шокиржон МАДАМИНОВ

тайёрлади

Read 13689 times

Мақолалар

Top