Мақолалар

Шайх ҳазратлари “Ҳувайдо” жомесининг илк имоми

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг “Ҳувайдо” маҳалласидаги 1930 йилдан буён аҳоли турар жойлари орасида қаровсиз қолиб кетган эски қабристоннинг ер майдони 1989 йил августь ойида Тошкент шаҳар ижроия қўмитасиннинг қарорига асосан обод қилиш учун маҳалла оқсоқоллари ихтиёрига топширилди. 1991 йил Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, маҳалла аҳолисининг илтимосига кўра мазкур ерда масжид қурилишига рухсат берилди.

Маҳалла аҳолиси ва ҳомийлар кўмагида ҳашар йўли билан 0,8 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда қурилиш ишлари бошланиб, 1993 йилда қурилиш якунланиб, масжид ишга туширилди. Масжидга 1701-1780 йилларда Фарғона водийсининг Чимён қишлоғида яшаб ижод этган тасаввуфий шоир ва мутафаккир Ҳувайдо номи берилди.

Ушбу масжидда илк бора имом-хатиб сифатида ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган, муҳтарам устоз шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари фаолият юритганлар. Устоз масжид қавми ва маҳалла аҳлига илму маърифат улашиш билан уларнинг меҳрини қозонди. Ўша вақтдан бошлаб мазкур муқаддас даргоҳ обод масканга айлана бошлади.

2016 йилда масжид ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Хонақоҳ айвони ва таҳоратхона қайтадан қурилди. Масжид биносининг ташқи фасади таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Экин майдонларига гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Бундай хайрли ишларни амалга оширишда ҳукуматимиз томонидан берилаётган имкониятлар билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маслаҳат ва кўрсатмалари алоҳида ўрин тутади. Ушбу масжиднинг гўзал ҳолатга келишида, албатта, “Ҳувайдо” маҳалласи ихлосманд аҳолисининг беминнат моддий-маънавий ёрдами таҳсинга лойиқдир.

Бугунги кунда “Ҳувайдо” масжидида нуроний отахонлар, намозхонларимиз кўтаринки кайфиятда имон ва ихлос билан ибодатларини адо этиб келмоқдалар.

Ушбу масжидда 2011 йилдан буён Тошкент ислом институтини тамомлаган, айни вақтда мазкур даргоҳда мударрислик қилаётган Фарҳод Жўраев имом-хатиб вазифасида меҳнат қилиб келмоқда.

 

Музаффар Жабборов,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Read 5011 times

Мақолалар

Top