Мақолалар

Саховат – шундай дарахтки...

Муносабат 

Аллоҳга шукрки, узоқ ва орзиқиб кутилган ойлар султони – Рамазон ташриф буюрди. “Узоқ кутилган” дейишимизнинг боиси шуки, сўнгги икки ой, айниқса, бутун дунёни аҳолисининг оромини бузган кўзга кўринмас “душман” коронавирус пандемияси туфайли ҳамма жойда карантин жорий этилгач, кунлар ҳафталардек, ҳафталар ойлардек ўтаётгандей гўё...

Ҳар қандай вазият ва шароитдан тўғри хулоса чиқариб яшашга одатланган халқмиз. Томирларида эзгуликни эш билган буюк алломаларнинг қонлари оқаётган миллатни ҳеч нарса хайрли ишлардан тўса олмаслиги аниқ. Шу маънода савоб амалларга чорловчи улуғ ой кириб келгани саховатпеша юртдошларимизни янада жўштириб юборди.

Эзгу анъанага мувофиқ, жорий йил 20 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилингани чин маънода юртимиз мўмин-мусулмонларига кўтаринки руҳ бағишлаб, уларни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, эзгуликларни янада кўпроқ қилиб, шукроналар келтиришга ундади.

Қарорда бу йилги Рамазон ойи бутун дунёда короновирус тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келгани, ана шундай вазиятда ҳар бир мўмин-мусулмон оила даврасида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида динимиз арконларини адо этиши белгиланди.

Муҳтарам Юртбошимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган видеоселектор йиғилишида: “Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошларини, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, ўз вақтида илгари сурилган бу ташаббус бугун кенг қулоч ёйиб, ҳар бир саховатпеша юртдошимиз эзгу аъмолига айланди, десак муболаға бўлмайди. Муқаддас динимиз ҳам ҳар доим эзгуликни тарғиб қилган. Айниқса, Рамазон ойида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамланиб, хайрли амаллар кўлами янада кенгаяди: кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинади.

Чунончи, ҳадиси шарифда: Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, йил-ўн икки ой рамазон бўлишини орзу қилар эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари), деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини моҳиятида мужассам бўлган барча фазилатлар асрлар оша башариятни ҳидоятга чорлаб келмоқда. Айниқса, муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Кўпчилик ўнг қўл берган эҳсонни чап қўл сезмаслиги керак, дейишади. Тўғри, Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган Қиёмат куни Аршнинг соясига олинувчи етти тоифанинг олтинчиси “Садақасини махфий берган киши, у садақасини шу даражада яширин қиладики, ҳатто ўнг қўли билан берган садақасини чап қўли сезмайди”, дейилган ҳадиси шарифга ҳамоҳангдир.

Барча амаллар ниятларга кўра бўлишини ҳисобга олсак, бугунги кунда умумхалқ ҳаракатига айланган “Саховат ва кўмак” дастури кўпга ибрат бўлаётгани, мен ҳам хайрли ишга ўз ҳиссамни қўшайин, деган кишилар сафини кенгайтираётганига гувоҳ бўляпмиз. Садақани махфий тарзда қилиш керак экан, дея қўл қовуштириб ўтирганимизда ҳам эзгу ишлар давом этаверар эди. Бироқ бугунгидек кенг кўлам касб этмас, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, эжтиёжманд фуқароларга “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” томонидан миллиардлаб сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларди, тиббиёт воситалари етказиб берилмаган бўлар эди.

Аслини олганда, биз икки карра бахтлимиз, икки карра саодатлимиз! Бахтимиз шуки, Яратган бизга имон неъматига қўшиб, жаннатмонанд юртни Ватан айлади! Энг улуғ зот – Муҳаммад саллалоҳу алайҳи ва салламга уммат қилди! Рамазон ойида биргина эзгу ишимизга ихлосимизга кўра ўндан то етти юз баробаргача ажр берилади. Ҳақиқий бахт, чинакам саодат шу эмасми?!

Рамазон ойида қилинган хайрли ишларга бошқа ойдагиларга нисбатан жуда кўп савоблар ёзилиши муборак ҳадиси шарифларда айтилган: “Умматим ҳар қайси ойда қилган бир яхши  амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазон ойида битта эзгу амал учун ўндан то етти юзгача ва ундан ҳам зиёда ажр берилади. Фарз ибодатларининг биттаси учун бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби, нафллари учун эса бошқа ойлардаги фарзнинг савоби берилади”.

Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпаяётганининг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. 

Хулоса сифатида ушбу ҳадиси шарифни эсласак: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”.

 

 Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Read 2601 times

Мақолалар

Top